"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров депутатликка сайланмади

Қодиров Фото муаллифлик ҳуқуқи Xalqaro Press klub

"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров ҳозирча 5 партия ичида биринчи турда қозона олмаган илк партия лидери бўлиб турибди. Қодиров Пахтакор туманидаги 36 сайлов округида ЎзЛиДеп номзоди Гулзода Зухурова билан иккинчи турда курашади.

Олдинроқ Қодиров депутатликка сайланмагани ҳақидаги хабарни рад қилганди.

У дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 71%дан кўпроқ овоз олиб ғалаба қозонганини билдирган.

Бу ҳақда газета.уз сайти хабар бермоқда.

Жиззах вилоятидаги 6 сайлов округидан фақатгина биттасида депутат аниқланган. Қолган беш округда қайта овоз бериш бўлади.

Алишер Қодиров Парламент сайловларидан бир мунча олдинроқ шу йилнинг май ойида "Миллий тикланиш" партияси раҳбарлигидан кетган Сарвар Отамурод ўрнига раис бўлганди.

"Миллий тикланиш" партияси раиси бўлгач Қодиров тез-тез матбуот назарига туша бошлади.

Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг Россия бошчилигидаги Евроосиё Иттифоқини сиёсий мақсадларни кўзлаган иттифоқ эканлигини айтиши билан шов-шувларга сабаб бўлди.

"Евроосиё иқтисодий иттифоқи - номи билан иқтисодий бўлган, аммо ортида яширин сиёсий мақсадларни ҳам кўзда тутган ташкилот. Буни бугун ҳеч кимдан яшириб бўлмайди. Бундай ҳолатларни тарихда ўзбек халқи кўп бора бошидан ўтказган ва етарлича хулосалар қилиб олган, деб ўйлайман", - деган "Миллий тикланиш" партияси етакчиси.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров парламентнинг Конституцияга зид қонунлар қабул қилинганини тан олган биринчи юқори мартабали расмийси ҳам бўлганди.

Аввалроқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида блогерлар билан учрашув чоғида "Миллий Тикланиш" партияси раҳбари "конституцияга зид айрим қонунларнинг қабул қилинган ҳолатлари парламентда бор"лигини айтган.

"Қонунга, конституциямизга зид айрим қонунларнинг қабул қилинган ҳолатлари бизнинг парламентимизда бор. Буни эътироф этиш керак. Лекин мен бир нарсани айтмоқчиман. Бу сафарги парламент ноёб, тарихий муҳитда ишини бошлади ва бошқача муҳитда ишини тугатяпти. Биз ишимизни бошлаган пайтимизда жуда кўп ҳолатларда конституцияга зид айрим нуқталарда қонунларни қабул қилиниши жараёнларида депутатларнинг жуда кўпчилигида ҳозирги журъат етишмаган. Буни эътироф этишимиз керак. Жамият ҳам айнан шунга эътироз билдирмоқда. Парламент журъатли бўлиши керак", - деган Алишер Қодиров.

Унинг фикрлари блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг "Фермерлик тўғрисида"ги ва "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги қонунларда фермер ва деҳқон хўжаликларининг мазкур Кенгашга мажбурий аъзолигининг белгиланиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зидлиги юзасидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раиси Ахтам Хаитовга изоҳ сўраб берган саволидан сўнг янграган.

Айни пайтда Алишер Қодиров парламентнинг Конституцияга зид қонунлар қабул қилинганини тан олиши ортидан бошқа партияларнинг танқиди остида қолган.

"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодировнинг "ўзини ҳурмат қилган одам 50 долларни иқтисод қилиш учун ёниб кетиши аниқ бўлиб турган автобусга ўтириб, 50 даража совуқда йўлга чиқмайди" деб айтган сўзлари Интернет социал тармоқларида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланганди.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Игорь Цой "Миллий тикланиш" раиси сўзларини муҳокама қилар экан, бу ҳақда алоҳида мақола эълон қилди, давлат нега ўзининг фуқаросини иш билан таъминлаш мажбуриятини бажармаяпти, деган саволни қўйди.

Шунингдек, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров шу йилнинг 6 сентябр куни Самарқанднинг Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида ўтказилган тадбирни "миллий, маданий меросга ҳурматсизлик" деб атаган.

Бу ҳақда у ўзининг Фэйсбук саҳифасида ёзганди.

"Самарқанд шаҳри Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида ўтказилган тадбирни миллий, маданий меросимизга ҳурматсизлик сифатида баҳолаймиз. Шу билан бирга қуйидагиларни эслатишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасига кўра "Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир".

Ўзбекистон Республикасининг "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган маданий меросга оид халқаро ҳужжатлар талабларига барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, бошқа юридик шахслар ва фуқароларни қатъий амал қилишга чақирамиз", деб ёзган Алишер Қодиров.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek