Ўзбекистон: Ўғлимнинг айби - диндорлиги, у ҳукуматни босиб олишга чақирмаган

Жамшид Турдиев 2012 йилдан бери Россияда яшаб келади. Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Жамшид Турдиев 2012 йилдан бери Россияда яшаб келади

Россияда юрган блогер Жамшид Турдиев Ўзбекистон ҳукуматини босиб олишга чақириқ айби билан ҳибсга олинди. Яқинлари Ўзбекистон прокуратураси томонидан қўйилган айбларнинг барчаси туҳматлигини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, Турдиевга қўйилаётган айблар унинг намозхонлиги учун ўйлаб топилган.

Россиянинг Киров шаҳрида ўзбекистонлик қочқин Жамшид Турдиев ҳибсга олинди, у Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин. Блогер ва диндор Жамшид Турдиевни Ўзбекистон Бош прокуратураси халқаро қидирувга берган. Турдиевнинг яқинлари экстрадиция талаби ортида ДХХ турганини иддао қилмоқда.

Киров шаҳар Ленин тумани суди Жамшид Турдиевнинг сиёсий мақсадларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирувга берилгани ва у Ўзбекистонга юборилса унга нисбатан қалбаки жиноий иш тўқишлари мумкинлиги ҳақидаги аризасини эътиборга олмаган.

Жамшид Турдиевни Ўзбекистонга бериб юбориш мақсадида 30 кунга 2020 йилнинг 18 январига қадар ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқди.

Турдиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 244-1 модда, 3-банди "г" хатбоши бўйича жиноий иш очилган.

Унга нисбатан 2019 йилнинг 16 июнида очилган жиноий ишда айтилишича, "Турдиев Facebook да қирғизистонлик имом Рашод қори Камолов ғояларини миясига сингдириб олиб Ўзбекистон Республикаси конституциясига тажовуз қилиш, ҳукуматни босиб олиш, Ўзбекистони Республикаси ҳудудий яхлитлигини конституцияга зид равишда ўзгартириш, Ислом бош манбасига қайтиш, ҳаётни фақат Қуръонга асосланиб қуриш, ушбу мақсадларга етишишга қарши бўлганларга қарши сиёсий ва қуролли курашиш, барча мусулмонларни Исломнинг яшил байроғи остида бирлаштириш мақсадида Сурияда фаол жанг қилиш чақириқларини ёзиб келган".

Ушбу айблар бўйича Турдиев Ўзбекистонда 5 йилдан 8 йилгача қамоққа ташланиши мумкин.

Жамшид Турдиев яқинларининг Би-би-сига айтишича, унга нисбатан қўйилган айбларнинг барчаси "уйдирма ва туҳмат".

Яқинлари Турдиев Ўзбекистонга қайтса уни бошқа жиноятларда ҳам айблаб кўпроқ муддатга қамоққа тиқишлари мумкинлигини айтмоқда.

"Ўғлим номидан Facebook да бир неча профиль очилган экан. Аммо ўзи фақат биттасини юритади. Қолганларини ким, нима мақсадда очганини билмаймиз. 2011 йили унга туҳмат қилиб Навоийда қамашганди. Кейинчалик амнистияга тушириб чиқаришди. Кейин боламга яна туҳмат қилиб қўймасин, деб Россияга чиқариб юборгандим", дейди Жамшиднинг онаси Роҳила Турдиева.

Турдиевга очилган жиноий иш бўйича Жиноят кодексида қуйидагилар ёзилган: "шахс оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш".

42 ёшли Жамшид Турдиев Навоий вилоятида туғилган.

1992-1994 йиллар Қўқон шаҳри жоме масжиди қошидаги "Камолот" мадрасасида таҳсил олган.

1999 йил Тошкент портлашларидан сўнг Турдиев минглаб диндорлар қатори қора рўйхатга тушади.

2000 йил 10 апрел куни 15-20 атрофида тезкор ходим келиб Турдиев яшаган уйни тинтув қилишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Жамшид Турдиевнинг уч фарзанди бор

Яқинларининг айтишича, Жамшид Турдиевнинг чўнтагига наша соламиз, деб унинг дадаси Бахтиёр Турдиев чўнтагига чўнтагига наша ташлаб Жамшид Турдиевни олиб кетишади.

"Ҳамма кўрди, гувоҳлар бор. Кейин Навоий вилоят ҳокимияти ёнида очлик эълон қилдик, кейин 20 суткада чиқди.Ичкарида боламга нашани бўйнингга ол, бўлмаса дадангни қамаймиз дейишган, бўйнига олмаган", дейди онаси Роҳила Турдиева.

Роҳила Турдиеванинг айтишича, уларнинг оиласи 2002 йилгача ҳар кун тўхтовсиз босим остида яшайди.

2007 йилда отаси Бахтиёр Турдиев дунёдан ўтгач, оилани боқиш Жамшид Турдиевнинг зиммасига қолади.

"2011 йилгача тинчлик бўлди. Болам мебель қиларди, иши яхши эди. Маҳаллани котибаси ўғлимга "сизни СНБ сўраяпти" деб қўрқитиб текинга мебель қилдирарди. Шундан кейин мен ҳозир ҳеч кимни айбсиз қамамайди, мебелчиларни магазинидан инструмент олиб келадиган Олим исмли биттаси қамалди, бу қамалмади-ку деганимдан сўнг, бу котиба СНБ га гап етказиб ўша Олимни ва қайн акаси Ваҳобни зонадан бирга олиб келиб ўғлимга туҳмат қилдиришди", дейди Роҳила Турдиева.

Яқинларининг айтишича, ичкарида эса 2 та қоғоз кўрсатиб ё буни(159-модда Олим ёзган кўрсатма) ёки бунисини(241-модда Ваҳоб ёзган кўрсатма) ни бўйнингга оласан, бўлмаса чиқмайсан дейишган.

2011 йили Жамшид Турдиев Жиноят кодексининг 241-моддаси билан айбланиб қамоққа ташланади.

Бироқ амнистия туфайли 45 куннинг ичида озодликка чиқарилади.

Турдиев қамалиб чиққанидан кейин 2012 йил Россияга ишлашга кетади.

"Шундан кейин Россиядан келган диндорларни қамаш бошланди. Мен келмай тур дедим ва ўша ерда яшаб, ишлаб турди. 2014-йилда оиласини ҳам жўнатдик. Кетганда боласи 1 нафар эди, ҳозир 3 боласи бор", дейди Роҳила Турдиева.

Роҳила Турдиева 2016 йил Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан кейин ҳаммага енгиллик бўлганини айтади.

"2017 йил болам учетдан чиқарилди. Турсунбой Худойберганов исмли Президент маслаҳатчиси билан учрашдим. Ариза ҳам топширдим. "Келаверсин, қамалмайди" деб жавоб хати келди. Ўғлим уйга қайтишга ҳаракат қила бошлади. Оиласини 2018 йилда Навоийга қайтариб юборди. Ўзи эса пул ишлаб келиб уйни тиклайман, 2019 йил сентябрь ойига бораман деб Россияни Тюмен вилоятида ишлаб юрди", дейди Роҳила Турдиева.

Бироқ 2019 йилнинг май ойида Жамшиднинг онаси Роҳила Турдиева маҳалладаги 100 киши иштирокидаги йиғинга чақирилади.

"Туман сектори бошлиғи прокурор бошчилигида мени сазойи қилишди. Ўғлим Жамшид Турдиев номидан фэйсбукда Рашод Камол исмли кишининг қайсидир бир видеоси тарқатилганини айтишди. Қани исбот деб сўрасам, прокурор "бизда исбот йўқ, СНБ айтди, бориб сўранг" деди", дейди Роҳила Турдиева.

Шундан сўнг Турдиевлар Facebookда Jamshid Turdiyev номидан 5-6 та профиль очилганига гувоҳ бўлишади.

Яқинлари Ўзбекистонда Жамшид Турдиев номидан адвокат ёллайди.

"Адвокат СНБ (ДХХга демоқчи, таҳ)га борди. Адвокат айтдики "СНБ ҳамма маълумотни бизга кўрсатмайди, қолганини судда очиқлайди, шу учун фақат мана шу статьяни биламиз, лекин бу иш учун(видеони тарқатиш) ҳеч қачон бунчалик ваҳима кўтариб қидирувга бермасди, келишини кутиб кейин қўлга оларди, демак кимдандир кўрсатма олган бўлиши мумкин деб айтди", дейди Роҳила Турдиева.

ДХХ Жамшид Турдиевнинг адвокатига "судгача қамамаймиз, уйга бориб-келиб тергов беради, суддан кейин билмаймиз" деб айтган.

"Ҳозир ўғлимнинг оиласи 3 боласи билан квартирант турибди. Фарзандлари отасиз ўсяпти. Оиласи пароканда бўлди. Айби фақат диндорлиги. Маҳаллани ўйинлари сабабли оиламиз шунақа аҳволга келиб қолди. Мен ҳам 7 йилдан бери боламни кўролмайман. Ўйлаб сиқилиб касал бўлиб қандли диабетга ҳам чалиндим. Ҳар куни йиғлайман. 2-гуруҳ ногирониман", дейди Роҳила Турдиева.

Россиядаги "Ёрдам" инсон ҳуқуқлари маркази Жамшид Турдиевнинг Ўзбекистонга бериб юборилиши ноқонуний эканлиги тўғрисида инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ҳужжат тайёрлаётганини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач давлатнинг диндорларга нисбатан сиёсати ўзгаргани айтилади.

20 мингдан зиёд қора рўйхатдан чиқарилди. Ноҳақ қамалганлар қамоқдан чиқа бошлади. Жазосини ўтаб бўлган диндорларга қамоқхона тартибини бузди, деган айб билан муддатини узайтиришни йўқ қилиш борасида дадил қадамлар ташланди.

Бироқ айрим жойларда диндорларга нисбатан шубҳа билан қараш ва уларнинг қилмаган иши бўйича жиноий иш очиш ҳолатлари ҳамон учраб тургани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002