Ўзбекистон: Ғарб ҳам эҳтиёткорона умид билан қараётган сайлов

Мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган, нисбатан очиқ дебатлари билан ёдда қоладиган парламент сайловида миллионлаб ўзбекистонлар овоз беришмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President_press_service

Сайловда иштирок этаётган партияларнинг ҳеч бири ҳукуматга нисбатан мухолиф мавқеида эмас, аммо Ғарб давлатлари ҳам Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларига бўлгани каби бу сайловга ҳам эҳтиёткорона умид билан қарашмоқда.

The Economist нашри Ўзбекистонни "йил мамлакати" деб эълон қилар экан, дуёндаги бошқа бирор бир мамлакат 2019 йилда бу қадар иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга оширмаганини урғулади.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан ўта танқидий позицияда бўлган бир неча халқаро ташкилотлар, ҳатто Human Rights Watch ҳам Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан кейин "иқтисод ва ташқи сиёсатда жиддий ўзгаришлар қилганини" эътироф этди.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи President_press_service

...бу сайловларнинг Каримов давридагилари билан эгизлиги мухолифат партияларнинг иштирок этмаётганидир.

Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари мухолифат партиялари табиий равишда, мамлакатнинг ичида пайдо бўлиши кераклигини урғулашади.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказиё Осиё давлатлари бўйича вакили Ҳю Вилямсонга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳамон "анчайин авторитар бўлиб қолмоқда".

Мустақил суд тизимини яратиш, нодавлат ташкилотларга эркин фаолиятни таъминлаш, мухолифат партияларига изн бериш, мажбурий меҳнатни тугатиш ва цензурани йўқотиш ташкилотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати учун ҳамон кун тартибидаги масалалардир.

Президент Мирзиёев ўз оила аъзолари билан миллиолаб ўзбекистонликлар қаторида овоз бериб улгурган.

Ўзбекистонликлар парламентдаги ўринлар учун курашадиган беш партия аъзоларига овоз беришлари керак.

Марказий сайлов комиссияси айрим участкаларга камералар ўрнатган ва жараённи онлайн кузатиш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Election.uz

Партиялар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

Ўзбекистон Халқ Демократик партияси, ХДП. У сўл қанот бўлиб, Ўзбекистонда ижтимоий давлат ғоясига асосланган халқ демократияси бўлишини истар экан. Унинг асосий ғоялари: ижтимоий тенглик, ижтимоий ҳимоя, яъни ёрдамга муҳтож одамлар - пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган қатламларга ғамхўрлик қилиш, ва айни дамда давлат ролини кучайтириш. Унинг сайловолди кампаниясидаги асосий шиорлари: "Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун!", "Биз инсонларни ишончли ижтимоий ҳимоя қилиш тарафдоримиз!" ва ҳоказолар. Партия раиси - Улуғбек Иноятов.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси, у сўл марказ мавқеда. У ҳам ижтимоий ва иқтисодий тенг имкониятларга чақиради, ҳамда адолатли фуқаролик жамияти қурилиши, ижтимоий қатламларни ҳимоя қила оладиган бозор иқтисодиётига собитликни исташини айтади. Унинг мақсади - дунёвий демократик давлатни қуриш. Сайловолди дебатларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни кўп тарғиб қилди. Асосий шиорлари: "Соғлиқни сақлаш соҳасида адолат!", "Сифатли дори-дармон соҳасида адолат!" ва ҳоказолар. Партия раиси : Наримон Умаров.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, ЎзЛиДеп. Эсласангиз, Президент Шавкат Мирзиёев шу партия номидан президентлик сайловида қатнашиб ғолиб чиққанди. Президент унга энди аъзо эмас, лекин у барибир ҳукумат партияси дея кўрилади ва парламентда энг кўп ўринга эга. Мавқеи: ўнг марказ. Унинг ғоялари: хусусий мулкнинг дахлсизлиги, иқтисодиётни эркинлаштириш, ўрта синфни ривожлантириш учун шароитлар яратиш. Асосий шиорлари: "Тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратиш!", "Мақсадимиз халқимизни ҳаётдан рози қилиш!" ва ҳоказолар. Партия раиси: Актам Хаитов.

Ўзбекистон "Миллий Тикланиш" демократик партияси. У ўнг қанот мавқеда бўлиб, ўзини мўътадил консерватив, яъни анъанадор дея тақдим қилади. Унинг ғоялари ривожланиш ва анъаналарни уйғунлаштирган ҳолда миллий юксалишга эришиш, миллат сифатида ўзлигимизни сақлаган ҳолда келажакка интилиш. Асосий шиорлари: "Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари!", "Биз бир нуқтада бирлашамиз!" ва ҳоказолар. Партия раиси: Алишер Қодиров.

Экологик партия. Экологик партия партия сифатида илк бор парламент сайловларида қатнашяпти, шу вақтгача Экологик ҳаракат учун парламентда 15та ўрин сайловсиз ажратилганди. Партия мавқеи: марказ, яшиллар ҳаракати. Унинг ғоялари мамлакатда атроф-муҳит бўйича вазиятни яхшилашга ва экологик муаммоларни ҳал қилиш, экология маданиятини ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш. Асосий шиорлари: "Биз келажак учун жавобгармиз." "Биз дарахтларнинг кесилишига қаршимиз" ва ҳоказолар.

Ўзбекистон: Сайлов куни нималарни билиш керак?

Ўзбекистон: Мирзиёев сайловдан кейин яна эшикларни ёпадими?

Ўзбекистон, сайловлар: Нега одамларда сайлов ва депутатларга ишонч ортмаяпти? Марказий Сайлов комиссияси жавоби

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ