Ўзбекистон: Парламент сайловлари бўлиб ўтди, қонун бузилишлари ҳақида хабарлар келмоқда

Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, Тошкент вақти билан соат 21.00 ҳолатига сайловчиларнинг 71,1 фоизи ёки 13 миллион 355 минг одам овоз берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Соат 13.00да МСК сайловчиларнинг 42,4% и овоз беришда қатнашганини айтиб, парламент сайловлари бўлиб ўтганини эълон қилган эди.

Сайлов Кодексига мувофиқ, сайловчилар рўйхатига киритилганларнинг 33 фоизи овоз бергани тақдирда сайловлар бўлиб ўтган ҳисобланади.

Марказий Сайлов Комиссияси раисининг ўринбосари Худоёр Маматовга кўра, сайловчиларнинг энг кам иштироки пойтахт Тошкентда кузатилган.

Худоёров айрим сайлов участкаларида қонун бузилишлари қайд этилгани, жумладан, сайловчилар оиланинг бошқа аъзолари учун ҳам овоз бериш ҳолатлари қайд этилганини айтган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда қонун бузилишларига оид кўплаб хабарлар тарқалмоқда.

Сайлов участкалари очилганидан кўп ўтмай, "Адолат" партиясидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига номзод Обиджон Латипов сайлов мутасаддилари ва сайловчиларга мурожаат билан чиқди.

"Тарқалган нохуш хабарларга кўра, кеча айрим ташкилотларда сайловларда ғолиб чиқиши керак бўлган номзодларни исм шарифлари сайлов участкаларига буюртма қилинган. Халқимизнинг сайловларга ишончсизлиги узоқ йиллик ҳалол бўлмаган сайловлар билан боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Лекин кейинги ўзгаришлар давридаги яхши янгиликлар ва эсаётган демократия шамоли бизга янги умид берди ва бугунги сайловларда фаол бўлишимизга ундади. Юқоридаги хунук хабарлар эндигина куртак ёзаётган ишончни барбод қилади. Илтимос, қонун устуворлигига, ҳалол сайловларга демократик ўзгаришларга зид бўлган бундай хатти ҳаракатларни амалга ошириб халқнинг овозини бўғманг!", деб ёзди Обиджон Латипов Фэйсбук саҳифасида (орфография сақлаб қолинди-таҳр).

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Тошкент шаҳар кенгашига номзод Обиджон Латипов сайлов мутасаддилари ва сайловчиларга мурожаат билан чиққан

Журналист Адҳам Арслонов эса Сергели туманидаги 23-Софдил сайлов округида кечган овоз бериш жараёни ҳақида қуйидагиларни ёзди:

"Сайлов бошида яхши бошланди. Айрим камчиликлар кузатилди. Масалан, кузатувчиларнинг блютен ташланадиган қутидан жуда узоқда жойлашгани. Бу суратлар бор. Бу камчиликларни сайлов комиссияси тезда бартараф этди.

Кейинчалик эса қизиқ жараён бошланди. Соат 13:30 ларда 427-сайлов участкасига бир гуруҳ (тахминан 40-50 киши) фуқаролар келиб, расман тасдиқланган рўйхатда бўлмаса-да, паспортини кўрсатган ҳолда блютенларни қўлга ола бошлади. Уларнинг исм, фамиляси 427-сайлов участкасида рўйхатдан ўтказилмаган. Шундай бўлсада, бу инсонлар ўша ернинг ўзида, ручкада рўйхатга олиниб, овоз бера бошлади. Мен бу ҳолат қонунга хилоф эканини айтганим ва бу ҳолатни тасвирга ола бошлаганимдан сўнг, сайлов комиссия аъзолари уларни участкадан чиқариб юборди. Рўйхатда йўқ бу фуқаролар сайлов участка ёнидаги қурилишда ишлашар, ҳудуд инспектори томонидан олдинроқ рўйхатга олинган экан, айтишларича. Лекин менга бу рўйхатни тақдим эта олишмади. Бундан ташқари, мен уларнинг айримларидан қайси партияга овоз беришаётганини ҳам сўрадим. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон либерал-демократик партияга деб жавоб берди. Бу видеода ҳам акс этган", - деб ёзди Адҳам Арслонов Фэйсбук саҳифасида (орфография сақлаб қолинди-таҳр).

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Mirjahon Turdiev

У овоз бериш жараёнига "Сергели туман ҳокимияти аралашган" деб шубҳа қилаётганини айтиб, Марказий Сайлов Комиссиясидан вазиятга эътибор қаратишни сўраган.

Фэйсбук фойдаланувчиси Mirjahon Turdiyev эса Юнусобод туманидан олингани айтилган ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига номзодлардан икки нафарининг номи аввалдан ўчириб ташлангани иддао қилинган сайлов варақасини ўз саҳифасига жойлаган.

Би-би-си ушбу сайлов варақасининг ҳақиқий ёки эмаслигини тасдиқлаш имконига эга эмас, аммо ижтимоий тармоқлардаги қонун бузилишларига доир юқорида ва қуйида келтирилган хабар ва иддаолар юзасидан Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссиясига мурожаат қилди, ҳозирда расмий жавоб кутмоқда.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Олмазор туманида маълум номзодларни ноқонуний детут қилиш бўйича хабарлар тарқалди.

Хусусан, 142-Қорақамиш сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзод Досмухамедов Хуршид Набиевич,

23-Мойқўрғон сайлов округидан Тошкент шаҳар кенгашига номзод Хамидова Камола Тохировна, 10-Аҳил сайлов округидан Олмазор туман кенгашига номзод Шарипова Нодира Тохировналарнинг номзодларини қонунга зид равишда қўллаб қувватлаш ҳақида топшириқ берилгани иддоа қилинган.

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд Истамов Олмазор туманидаги ҳолат бўйича изоҳ берди.

"Номзодларини депутат этиб сайланиши бўйича гўёки маҳаллий ижроия ҳокимияти идоралари томонидан сайлов комиссияларига тазйиқ ўтказилаётгани тўғрисидаги хабарларга Марказий сайлов комиссияси эътибор қаратди.

Зудлик билан мазкур ҳолат юзасидан прокуратура идораларига хабар берилди. Ушбу сайлов округларидаги овоз бериш жараёнининг адолатли ўтиши масаласи Марказий сайлов комиссияси томонидан қаттиқ назоратга олинган", дейилади хабарда.

Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса, ўзларининг сайловга таклиф қоғози олишмагани ҳақида постлар қолдиришди.

"Ким билади, бир қанча фуқаролар ўз манзилларида расман рўйхатда турсаларда нега сайловга таклифнома олмадилар?" деб ёзди мусиқашунос ва блогер Ҳусниддин Ато.

Tohir Soliev исмли фойдаланувчи эса, депутатлар ҳақида қўйган пости учун "меҳмонга чақиришгани" ҳақида ёзган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Аввалроқ ўзининг Телеграм каналида сайловчиларга мурожаат қилиб, "қонунбузилишлар тўғрисида конкрет далил ва фактлар бўлса @saylov_2019bot ботига юбориш"ни сўраган мустақил ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Тошкент вақти билан 17.19да " @saylov_2019bot ботидан ҳозиргача 961 та хабар келиб тушгани" ҳақида ёзди.

"Жуда ҳам муҳим ва аниқ манзиллари билан ёзилган хабарларни тегишли ташкилотларга юбориб, тезкор чора кўришга ҳаракат қиляпман", - деб айтган Хушнудбек Худойбердиев.

Оила номидан овоз бериш

Кузатувчилар Ўзбекистонда ўтадиган сайловларда қарийб одатга айланиб қолган оила аъзолари номидан овоз бериш ҳолатлари бу йил ҳам кузатилаётгани ҳақида ёзган.

Телеграмда 174 минг аъзоси бор xushnudbek.uz канали энг кўп мурожаат бошқа бировнинг номидан овоз бериш ҳақида бўлаётганини ёзган.

"Навбатдаги энг кўп мурожаат айни шу мавзуда бўлмоқда. Бу энди бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган одат. Оиладан бир киши бир нечта оила аъзоларнинг паспортини кўтариб, сайловга боради ва турмуш ўртоқлари, фарзандлари, кекса ота-онаси, келини, ҳатто набиралари учун ҳам ўзи бориб овоз бериб келади", дейди Хушнудбек Худайбердиев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Блогер ушбу ҳолатлар қонунга зидлиги ва бунинг учун ўша ерда дарҳол баённома тузишни талаб қилиш кераклигини уқтирган.

Биз билан гаплашган номзодлардан бири сайлов участкасидан унга қўнғироқ қилиб партия томонидан қўйилган кузатувчилар икки ва ундан ортиқ паспорт билан келаётган сайловчиларга қаршилик кўрсатаётганидан нолиган.

"Сайлов участкаларидан телефон қилишиб, сизнинг кузатувчиларингиз биттадан ортиқ паспорт билан келганларнинг овоз беришига қўйишмаяпти. Бунақада кам овоз оласиз, дейишяпти. Уларга бу қонунга зидлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Аммо сайлов участка расилари ҳар соатда қанча одам келгани ҳақида ҳисобот бериши керак. Ўша ҳисоботни тўлдириш учун ҳам бунақа ҳолатларга кўз юмишни исташяпти", дейди депутатликка номзодлардан бири.

Чиноздаги сайлов участкасидан ёзган Twitter фойдаланувчиси кузатувчилар оила номидан овоз бериш ҳолатларига қаршилик қилаётгани ҳақида ёзди.

"Яхши хабарлар ҳам бор. Битта одам ҳамма оиласидан овоз беришига йўл қўйишмаябди, Кузатувчилар ҳам дадил, варақа бераётганда олдингизга келиб туриб олябди, назорат бор. Охиргачам инсоф қилсин", дейди Azizxo'ja.

Би-би-си овоз бериш жараёнларидаги қонун бузилишларига доир хабар ва иддаолар юзасидан Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссиясига мурожаат қилди, ҳозирда расмий жавоб кутмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ