Ўзбекистон: Ҳукумат хориждаги ўзбек мухолифатига қандай мужда йўлламоқда?

Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов биринчи марта мухолифатдаги "Эрк" ва "Бирлик" ташкилотлари номини тилга олган ва уларнинг рўйхатга олиниши мумкинлигига ишора қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MSK

Бу ҳақда у 22 декабр куни qalampir.uz нашрига интервьюсида гапирган.

Абдусаломовнинг айтишича, мухолифат партияларига тўсиқ "аввал бўлган бўлиши мумкин, ҳозир йўқ".

Ўзбекистон ҳукумати хориждаги мухолифатдан қўрқадими?

Муҳаммад Солиҳ: Ўнг ва туш орасида

Ўзбекистон: Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида

Айни пайтда МСК раиси хориждаги ўзбек мухолифатининг парламент сайловларига қўйилмагани ҳақидаги баёнотларини рад этган.

"Мана ҳозир чет элдан бизнинг партия қатнашмади... у партия борми ўзи? Сиз (мухбирга-таҳр.) туғилмаган бўлсангиз керак "Эрк", "Бирлик" деган ташкилотлар пайдо бўлганда?.. Балким келишиб (Ўзбекистонга келиш, маъносидами ёки қурултой ўтказиш ва ё қарорга келиш маъносидами, англашилмайди-таҳр.) рўйхатдан ўтиб, янгитдан агар ҳаракатга киришса, балким бошқа сиёсий оқимлар, сиёсий партиялар пайдо бўлиши мумкин, деган фикрдамиз", деб айтган Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.

Абдусаломов агар Халқ демократик партияси - ХДП ўзини мухолифат сифатида кўрса, бунинг учун қулай ҳуқуқий ва сиёсий вазият мавжудлигини айтган.

Бу Ўзбекистонда сайлов учун масъул идора раҳбарининг 1991 йил декабридаги президент сайловларидан буён ўтган вақт мобайнида мухолифатнинг овоз бериш жараёнларида қатнашиш эҳтимоли юзасидан берган илк баёнотидир.

Охирги парламент сайловларига тайёргарликлар бошланганидан буён ўзбек расмийлари мухолифатнинг сайловларда иштирок этмаётгани ёки иштирок этиш эҳтимолига доир саволлардан ўзларини олиб қочишган.

Аввалроқ Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Лондондаги чиқишида мухолифат ҳақидаги саволга жавобан "мухолифат мамлакат ичкарисидан чиқиши кераклиги, уни ҳукумат четдан олиб келиб қўёлмаслиги"ни айтган эди.

Сайловлар арафасида хорижлик дипломатлар МСК мулозимлари ва сайловда қатнашаётган партия раҳбарларидан мухолифат ҳақида саволлар сўрашган.

Human Rights Watch ташкилоти мухолифатнинг сайловларга қўйилмаганини камчилик деб атаган ва Мирзиёев ислоҳотлар руҳини сайловларга юқтира олмаганидан таассуф изҳор қилган.

"Бирлик" халқ ҳаракати ва "Эрк" демократик партияси 1990-йиллар бошида Адлия вазирлигининг рўйхатидан ўтиб, қисқа муддат сиёсий фаолият олиб борган, аммо 1992-1993 йилларда уларнинг фаолияти ва нашрлари тақиқланиб, лидерлари мамлакатни тарк этишга мажбурланганди.

Ҳар икки ташкилот фаолиятини қонундан ташқарида, деб эълон қилувчи расмий қарор бўлмаса-да, ҳукумат уларнинг аъзоларини қамоққа ташлаган, уларнинг қурултой ўтказиш ва рўйхатдан ўтиш ҳаракатларига тўсқинлик қилган.

Мухолифатга тақиқ бекор қилиндими?

"Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг фикрича, Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг баёнотида мухолифатга қатъий мужда йўқ.

"Баёнотда илк бор расмий оғиздан "Эрк" ва "Бирлик" партиялари номи талаффуз этилибди, хурсанд бўлдик. Аммо интервьюда "Эрк" ва "Бирлик" партияларини руйхатдан ўтказиш мумкин", деган фикр йўқ.

Балки шунга ўхшаган, аммо мужмал бир ифода бор. Интервьюда "келишиб, янгидан ҳаракатга киришса, янги сиёсий партия ва оқимлар пайдо булиши мумкин", деган МСК раиси.

"Эрк" партияси янги оқим эмас, янги партия хам эмас. 30 йиллик тарихга эга бир ташкилот. Ўзбекистон мустақиллигини биринчи марта байроқ қилиб кўтарган ва Ўзбекистоннинг "Мустақиллик Декларацияси"ни Олий Кенгашга қабул қилдириб, бир тарихий миссияни адо этган партиядир. МСК раиси билсин, бу ҳали ҳам мавжуд. Фақат ҳали ҳам тазйиқ ва таъқиб остида. Ҳали ҳам бу ташкилотнинг мажлисларини ўтказишга йўл қўйишмаяпти.

Агар МСК раиси "Эрк" партиясини тасодифан тилга олмаган бўлса, бу баёнот раҳбарларлар билан келишиб қилинган бўлса, буни кескин ва аниқ бир шаклда эълон қилиш керак. Ўзбекистонда сиёсий мухолифатга тақиқнинг бекор қилингани расман эълон қилиниши керак. Ана шунда буни Ўзбекистон учун "яхши хабар" дейиш мумкин", деб айтди Муҳаммад Солиҳ Би-би-си билан суҳбатда.

Аввалроқ у раҳбари бўлган "Эрк" партияси сайловларни "сохта" деб атаб, уларни бойкот қилишга чақирганди.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Марказий Сайлов Комиссияси раисининг баёнотини "сенсация" деб атаган.

Унинг Фэйсбук саҳифасида ёзишича, "агар бу давлатнинг, ҳукуматнинг умумий ва чуқур ўйланган позицияси бўлса, яқин йиллар ичида Ўзбекистоннинг "авторитар" мақоми ижобий томонга ўзгариши"ни кутиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ