Саудия Хашоқжининг ўлимида айбланган 5 кишини ўлим жазосига ҳукм қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Саудия расмийлари Муҳаммад бин Салмоннинг қотилликка алоқасини қатъиян рад этиб келадилар

Саудия Арабистони маҳкамаси журналист Жамол Хашоқжининг ўлимига алоқадорликда айбланган беш кишини ўлимга маҳкум этган.

Яна уч шахс қамоқ жазоларига ҳукм қилинган, умумий ҳисобда улар 24 йил жазо муддатини ўтайди.

Жамол Хашоқжи ўлими бўйича БМТ терговчиси: Саудия валиаҳд шаҳзодаси тергов қилинсин!

Хашоқжи можароси: Эрдўғон қандай сиёсий ўйин қилмоқда?

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад Бин Салмон болаликда қандай бўлган?

Саудия расмийлари қотиллик қасддан амалга оширилмаганини айтган.

Бу уларнинг олдинги баёнотларига зиддир.

Ҳукм қилинганлар орасида Сауд ал-Кахтоний йўқ.

ОАВ уни қотиллик ташкилотчиси, деб атаган.

Саудия жосуслик хизматининг собиқ раҳбари Аҳмад ал-Асири эса, далиллар етарли бўлмагани важидан озод этилган.

Саудия ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган Хашоқжи ўтган йил 2 октябрида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига шахсий ҳужжатларини олиб кетиш учун келган пайт шафқатсизларча ўлдирилганди.

Саудия ҳукумати аввалига журналистнинг ўлимини рад этган ва унинг соғ-саломат консуллик биносини тарк этганини айтган.

Кейинроқ Саудия матбуоти Хашоқжи ҳақиқатан ҳам ўлгани, аммо унинг ўлими консуллик ходимлари билан муштлашув натижасида юз берганини ёзган.

Аммо пировардида Ар-Риёд журналистнинг ўлими қасддан содир этилганини тан олишга мажбур бўлган.

Туркиялик терговчиларнинг маълумотига кўра, Хашоқжининг жасади майдаланиб, консуллик биносидан ташқарига чиқарилган.

Марҳумнинг жасад қолдиқлари ҳозиргача топилган эмас.

Экспертлар ва танқидчилар машҳур журналист фақат валиаҳд шахзода Муҳаммад бин Салмоннинг рухсати билангина ўлдирилиши мумкинлигига ишонишади.

Саудия расмийлари подшоҳ оиласининг қотилликка алоқасини қатъиян рад этиб келадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ