Ўзбекистон: ДХХ хиёнатда айблаган собиқ дипломат устидан ҳукм кутилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BOBUR YUSUPOV
Image caption Би-би-си танишиб чиққан икки шифокор хулосаларига кўра, Юсупов кўп йиллардан бери руҳий хасталикдан жабр чекиб келади

Ўзбекистон ҳарбий маҳкамаси собиқ дипломат Қодиржон Юсупов устидан ёпиқ маҳкамада ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Бу ҳақда Британияда чоп этиладиган "Гардиан" нашри унинг яқинларига таяниб хабар тарқатди.

Ўзбекистон: Дориси тўхтатилган дипломат Қодиржон Юсупов борасида халқаро хавотирлар ошган

Ўз жонига қасд қилган ўзбек дипломат нега ДХХ изоляторида ушлаб турилибди? (Видео)

Ўзбекистон: ДХХ 67 ёшли дипломатга дубинка билан зўрлаш билан таҳдид қилган - Human Rights Watch

Нашрнинг ёзишича, 2000-йилларда Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида ишлаган Қодиржон Юсупов устидан суднинг ниҳоий ҳукми ойлар давомида кечиктириб келинишига сайловлар сабаб бўлиши мумкин.

"Зиддиятли сайловлар ўтиб бўлгач, маҳкама шошилинч суратда сешанбага белгиланди. Айбловлар миллий хавфсизликка алоқадорлиги боис маҳкама жараёни ҳатто Қодировнинг яқинларига ҳам ёпиқ", - деб ёзади "Гардиан".

Душанба куни кечқурун собиқ дипломатнинг ўғли Темур Твиттердаги саҳифасида ҳукм сешанба куни эълон қилиниши эҳтимоли ҳақида ёзган.

"Эртага, Исо мавлуди арафасида Ўзбекистон адлия тизими отамнинг иши бўйича ҳукмни эълон қиладиган кўринади. Ҳакам 24 декабрни тасодифан танладими ёки ҳиссиз ҳисоб-китобми?" дея твит қилган дипломатнинг ўғли инглиз тилида.

"Гардиан"нинг маълумотича, Юсуповнинг ўғли ва қизи сешанба куни Тошкентдаги маҳкама биноси ташқарисида оталаридан хабар кутишган, аммо кейинроқ ҳукмнинг шу ҳафта охирида эълон қилинишини ўрганишган.

Нашрнинг ёзишича, бу Юсупов устидан томонлар музокарасининг бешинчи марта кечиктирилиши.

"Юсуповнинг оиласи ёпиқ маҳкама уни айбдор, деб топишига ишонади", деб ёзади "Гардиан"

"Биз ҳаммамиз шуни кутаяпмиз. Отам ҳам кутяпти", деб айтган ўғли Темур Юсупов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BOBUR YUSUPOV
Image caption Ўзбекистоннинг Судан, Австрия ва Британиядаги элчихоналарида юқори лавозимларда фаолият юритган дипломат Қодиржон Юсупов ўн йилдирки, нафақада эди

Аввалроқ Қодиржон Юсуповнинг оиласи Би-би-сига унинг саломатлигидан хавотир билдирганди.

Яқинлари ва халқаро ташкилотларнинг бу борадаги хавотирларига ғарблик сиёсатчилар ҳам қўшилишган.

Улар орасида Британия парламенти аъзоси Грег Ҳандс ҳам бор.

Ўтган йил декабрида 67 ёшли Қодиржон Юсупов ҳибсга олинишидан бир ҳафта аввал ўзини Тошкент метросидаги поезд остига ташлаб ўлдиришга уринган, бироқ қатор оғир жароҳатлар олиб омон қолганди.

Унинг кенжа ўғли Темурнинг билдиришича, отаси касалхонада нималарнидир алжираган ва ўзининг хорижий агент эканини ҳам айтиб, тушунарсиз баёнотлар қилган. Буларга гувоҳ бўлган милиция сўнгра ДХХ зобитларини чақирган. Бир ҳафтадан сўнг эса у олиб кетилган ва давлатга ҳиёнатда айбланган.

Би-би-си танишиб чиққан икки шифокор хулосаларига кўра, Юсупов кўп йиллардан бери руҳий хасталикдан жабр чекиб келади.

Ўзбекистоннинг Судан, Австрия ва Британиядаги элчихоналарида юқори лавозимларда фаолият юритган дипломат Қодиржон Юсупов ўн йилдирки, нафақада эди.

Би-би-си танишиб чиққан икки шифокор хулосаларига кўра, Юсупов кўп йиллардан бери руҳий хасталикдан жабр чекиб келган.

Тиббий ҳужжатларга кўра, оиласида шизофрения хасталиги бўлган Юсуповда ўзини йўқотиб қўйиш, улуғлик васвасаси, депрессия, ҳамда ўзини ўлдириш истаги қайд қилинган.

Юсуповнинг шифокорларига кўра, у "Севпрам" антидепрессант дорисини қабул қилиб келаётганди.

Бироқ, бу муолажа тўсатдан тўхтатилса, беморнинг руҳий ҳолати кескин ёмонлашиши мумкин.

Уч нафар вояга етган фарзанднинг отаси, пенсионер Қодиржон Юсуповнинг суд иши ёпиқ тарзда, ҳарбий судда кўриб чиқилмоқда.

Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилоти шу йил июнида ДХХ 67 ёшли дипломатга дубинка билан зўрлаш ҳақида таҳдид қилганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ