Лукашенко: Россия Беларусни қўшиб олмоқчи бўлса, уруш чиқади

Беларус

Сурат манбаси, Getty Images

Агар Россия Беларусни ўзига қўшиб олмоқчи бўлса, уруш чиқади.

Беларус президенти Александр Лукашенко ана шундай баёнот берган.

"Эхо Москвы" радиоси билан суҳбатда Лукашенко Россия раҳбариятини яна бир бор танқидга тутган ва Кремлга навбатдаги иқтисодий талабларни илгари сурган.

Беларус раҳбарининг сўзларига кўра, Москва Беларусга интеграция борасида босим ўтказмоқда, аммо мамлакат мустақиллиги ғарб давлатлари ва НАТО ўртасидаги кучлар мувозанатига таянади.

"Агар Россия бизнинг мустақиллигимизга дахл қиладиган бўлса, жаҳон ҳамжамияти қандай муносабат кўрсатиши маълум, бу уруш дегани. Ғарб ва НАТО буни ҳазм қилмайди, чунки улар буни таҳдид деб кўради. Қайсидир маънода улар ҳақ", деб айтган Лукашенко.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Беларус мухолифати Минскда Россия билан интеграцияга қарши намойишлар ўтказмоқда

Айни пайтда у Россия бошқа давлатлар билан зиддиятга киришгани тақдирда, Беларус четда қараб турмаслигини ҳам айтган.

Лукашенконинг сўзларига кўра, Путин билан сўнгги музокаралар чоғида у Ғарб томонидан таҳдид бўлса, Беларус Россияни дастаклашга тайёр эканини билдирган.

Шу ой бошидан буён Беларус мухолифати Минскда Россия билан интеграцияга қарши намойишлар ўтказиб келади.

Минглаб одамлар қатнашган намойишда Путиннинг суратлари йиртиб ташланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02