Ўзбекистон: инвесторларга национализациядан ҳимоя кафолати берилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги "Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида"ги қонунини имзолади, у 26 мартдан кучга киради.

Ўзбекистонни сармоялар учун янада жозибали қилиш мақсадини кўзлаган қонун парламент Қонунчилик Палатаси томонидан 9 декабрда, Сенат томонидан эса 14 декабрда қабул қилинган.

Маҳаллий таҳлилчилар қонуннинг ўзбекистонлик ва хорижий инвесторлар учун ишлаб даромад қилган валютасини четга олиб чиқиб кетишга рухсат этилгани, сармоядорларнинг активлари давлат тасарруфига ўтказилишига йўл қўйилмаслиги кафолатланганига эътибор қаратмоқдалар.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган янги қонуннинг 21-моддасида шундай ёзиб қўйилган:

"Давлат инвестицияларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Инвесторларнинг инвестициялари ва бошқа активлари национализация қилинмайди.

Инвесторларнинг инвестициялари ва бошқа активлари реквизиция (экспроприация) қилинмайди, бундан табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотийлар ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳоллар мустасно".

Қонунда Ўзбекистонда бундан кейин қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари агар сармоядор ва инвестицияларига зарар етказса, бундай қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга бўлмаслиги таъкидланган.

Ўзбекистоннинг янги қонуни у қабул қилингунича мамлакат иқтисодиётига ётқизилган сармояларга ҳам тааллуқли экани айтилган.

"Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида"ги қонунда мансабдор шахслар жавобгарлиги ҳам кучайтирилган.

Аксар таҳлилчилар Ўзбекистондаги сармоя муҳити учун амалдорларнинг роли муҳимлигини урғулайдилар.

Чунки Ўзбекистонда узоқ йиллардан буён хусусий мулк дахлсизлиги, инвесторлар учун қулай муҳит яратилгани ҳақида айтиб келинадиган баландпарвоз гаплардан кўра туман миқёсида ишлаш ваколати берилган мансабдорнинг бошбошдоқлиги асосий ролни ўйнаб келган ва бугун ҳам шу аҳвол кузатилмоқда.

Президент ва ҳукумат яхши қонунлар ва қарорлар қабул қилиши, ички ва ташқи инвесторларни Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция ётқизишга даъват этиши мумкин, аммо бундан ўз шахсий манфаатдорлигини кўрмаётган бир ҳокимнинг қарори ёки телефон қўнғироғи биланоқ "Ўзбекистонда бизнес қилиб бўлмайди" деган таассурот уйғотиш мумкин.

Шунинг учун ҳам мамлакат ичкариси ва ташқаридаги инвесторлар ўз маблағларини Ўзбекистондаги лойиҳаларга йўналтиришга ҳозиргача ҳам чўчиб юрибдилар, пул ётқизиб, ишлаб чиқаришни бошлаб, энди даромад олиш фурсати етганида бизнеси тортиб олинмаслигиги кўзи етмайди.

Қонунлар ишлаган вақтдагина Ўзбекистонда қўрқмай инвестиция ётқизиш мумкинлигини айтишади ҳам маҳаллий пулдорлар ва ҳам хорижий инвесторлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ