ИШИД оилаларига очилган Ўзбекистон Хавасбекни нега олмаяпти?

Хавасбек Алижонов
Image caption Хавасбек ногирон бўлиб қолган, оила ташвиши аёлининг зиммасига тушган.

"Суриядаги ўзбеклар қайтарилган ватанга мен киритилмаяпман".

Қарийб 9 йилки, Москвада ўз оиласи билан бирга қочқинликда яшаётган андижонлик Хавасбек Алижонов ҳозирги аҳволини худди шундай тасвирлайди.

Оила сўнгги судда ҳам ютқазди: Россия уларга расман қочқинлик мақомини беришни узил-кесил рад этди.

Энди уларнинг Ўзбекистонга қайтишдан бошқа чораси қолмаган.

Оила соҳиби Хавасбек Алижонов Москвадаги элчихонага бориб, ватанга қайтиш учун шахсини тасдиқловчи хужжат олиш ҳаракатига тушган.

Аммо 4 ойдан бери ҳали Ўзбекистон уни киритишга расман рухсат бермаётганини айтади.

"Элчихонага борганимда штатив ўрнатиб, камера қўйиб, қайси сабабларга кўра Ўзбекистондан чиқиб кетганимни ёзиб олишди. Бу видеони ватанга юборамиз, ИИВ, ДХХ, диний қўмитадан иборат комиссия кўриб чиқади. Улар рухсат берса, кейин ҳужжат берамиз, дейишди" - сўзлайди Алижонов.

Хавасбек Алижонов деярли 9 йилдан бери оиласи билан Россияда қочқинликда.

Аввалроқ Алижонов Би-Би-Си ўзбек хизматига ҳамиша махсус хизматлар томонидан таъқиб қилиб келинаётганини айтган эди.

Уни Ўзбекистонга олиб кетиш учун бир неча марта уринишлар бўлган, ҳар вақт Россиядаги "Гражданское содействие" қўмитаси юристлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари уни олиб қолиш йўлида ёрдам бериб келган.

Алоқадор мавзулар:

Россия: Ўзбек мигрантлари қўрқоқ бўлиб қолишганми?

Москва: Автоуста ўзбек аёли

Ўзбекистон ҳукумати ишга жўнатганлар ойлик ололмаяпти

"Ўзбекистонга қайтишга қўрқаман, ёлғон гувоҳлик бермаганим учун шу аҳволга тушиб қолдим" - деган эди Алижонов.

Қочқинга кўра, МХХ (ҳозирги ДХХ) Алижоновга ҳамкорликда ишлашни таклиф қилган, у рад этган ва кейин қўрқувга тушиб, Россияга қочиб кетган.

Кейинчалик эса оиласига бўлган таҳдид ва босимлардан хавотирланиб, уларни ҳам ёнига чақириб олган.

43 ёшли Хавасбек Алижоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-модда, 1-банди яъни, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни бекитиш бўйича жиноий иш қўзғатилган.

2012 йил январь ойида халқаро қидирув эълон қилинган.

Шундан буён Ўзбекистон ИИВ ва МХХ (ҳозирги ДХХ) томонидан таъқиб қилиб келингаини айтади.

Хавасбекка кўра, ҳамиша ҳавотир ва таъқибда яшаш унинг соғлигига ўз таъсирини кўрсатган: 2015 йилда юрак хуружи амалиётини бошидан кечирди.

"Умрбод кардиолог назоратида туришим, дори ичиб яшашим керак. Қочқинлик мақомининг бекор қилиниши мени бепул тиббий ёрдамдан маҳрум қилиб қўйди. Соғлигимдан, ҳаётим ҳавф остидалигидан ҳавотирдаман" - дейди Алижонов.

Айни пайтда юрак хасталиги ногиронлиги сабабли ишга яроқсиз, аёли ва 5 фарзанди билан ижарада яшашади.

Оиланинг моддий таъминоти аёли ва катта ўғли зиммасида.

"Болаларим шу ерда, рус мактабларида ўқишади, аммо биронтасида ҳужжат йўқ. Катта ўғлим мусофирликдан чарчаб, ватанга қайтиб кетди. Мен ишга яроқсизман, ҳозир рўзғор биргина аёлимнинг зиммасида" - сиқилади муҳожир.

Алижонов Россияда хужжатсиз яшаш қийинчиликларидан кўра, ўзи учун ҳавотирли бўлса-да, ватанга қайтишни танлаганини айтади.

"Интернетда Ўзбекистон Суриядан, Ироқдан шунча сондаги қочқинларни олиб келаяпти деган хабарларини ўқияпман. Оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекларни самолётлар жўнатиб олиб келишди. Аммо мен ватанга қайтай десам ҳам ҳалигача жавоб йўқ, - дейди Хавасбек Алижонов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002