Ўзбекистон, Мирзиёев четдан келадиган мухолифатга йўл бермаслигини айтди

Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илк маротаба Ўзбекистон сиёсатида мухолифатга йўл берилиши ҳақида гапирди. Бироқ Президент хорижда шаклланадиган ва чет элдан кириб келадиган мухолифатга Ўзбекистонда рухсат берилмаслигини таъкидлади.

Gazeta.uz нашри мухбирининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувда мухолифат ҳақида гапирди.

Мирзиёев мухолифат Ўзбекистонга қандай фойда келтирганини сўраган.

"Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак", деган Президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти хориждан шаклланадиган ва чет элдан келадиган мухолифатга йўл бермаслигини таъкидлади, деб ёзади газета.уз нашри.

Ҳокимиятга келганига 3 йил тўлгач Шавкат Мирзиёев илк марта мухолифат ҳақида ошкора гапирган.

Ўзбекистон Президентининг бу гаплари Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг кузатувчилар Ўзбекистонда якшанба кунги парламент сайлови нисбатан эркинроқ ўтган бўлса-да, тизимидаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмагани айтганидан сўнг янгради.

Душанба куни Тошкентда ўтган брифинг чоғида ЕХҲТ кузатувчилар миссияси раҳбари Тана де Зулуета ташкилот томонидан тавсия этилган янги Сайлов Кодексининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигини жаҳон андозаларига яқинлаштирганини айтган.

Айни пайтда у сайловларда рақобатнинг етишмаганини таъкидлаган.

"Ўзбекистон сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши ва сўз эркинлигининг кенгайиши мақтовга лойиқ, аммо улар мухолиф партияларнинг йўқлиги, тамал инсон ҳақларини менсимаслик ва сайлов кунидаги жиддий қонун бузилишларини компенсация қила олмайди", дея Тана де Зулуетанинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Франс Пресс хабар агентлиги.

22 декабр куни Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов биринчи марта мухолифатдаги "Эрк" ва "Бирлик" ташкилотлари номини тилга олган ва уларнинг рўйхатга олиниши мумкинлигига ишора қилганди.

Бу ҳақда у 22 декабр куни qalampir.uz нашрига интервьюсида гапирган.

Абдусаломовнинг айтишича, мухолифат партияларига тўсиқ "аввал бўлган бўлиши мумкин, ҳозир йўқ".

Айни пайтда МСК раиси хориждаги ўзбек мухолифатининг парламент сайловларига қўйилмагани ҳақидаги баёнотларини рад этган.

"Мана ҳозир чет элдан бизнинг партия қатнашмади... у партия борми ўзи? Сиз (мухбирга-таҳр.) туғилмаган бўлсангиз керак "Эрк", "Бирлик" деган ташкилотлар пайдо бўлганда?.. Балким келишиб (Ўзбекистонга келиш, маъносидами ёки қурултой ўтказиш ва ё қарорга келиш маъносидами, англашилмайди-таҳр.) рўйхатдан ўтиб, янгитдан агар ҳаракатга киришса, балким бошқа сиёсий оқимлар, сиёсий партиялар пайдо бўлиши мумкин, деган фикрдамиз", деб айтган Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.

Аввалроқ Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Лондондаги чиқишида мухолифат ҳақидаги саволга жавобан "мухолифат мамлакат ичкарисидан чиқиши кераклиги, уни ҳукумат четдан олиб келиб қўёлмаслиги"ни айтган эди.

Мухолифатга тақиқ бекор қилиндими?

"Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг фикрича, Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг баёнотида мухолифатга қатъий мужда йўқ.

"Баёнотда илк бор расмий оғиздан "Эрк" ва "Бирлик" партиялари номи талаффуз этилибди, хурсанд бўлдик. Аммо интервьюда "Эрк" ва "Бирлик" партияларини руйхатдан ўтказиш мумкин", деган фикр йўқ.

Балки шунга ўхшаган, аммо мужмал бир ифода бор. Интервьюда "келишиб, янгидан ҳаракатга киришса, янги сиёсий партия ва оқимлар пайдо булиши мумкин", деган МСК раиси.

"Эрк" партияси янги оқим эмас, янги партия хам эмас. 30 йиллик тарихга эга бир ташкилот. Ўзбекистон мустақиллигини биринчи марта байроқ қилиб кўтарган ва Ўзбекистоннинг "Мустақиллик Декларацияси"ни Олий Кенгашга қабул қилдириб, бир тарихий миссияни адо этган партиядир. МСК раиси билсин, бу ҳали ҳам мавжуд. Фақат ҳали ҳам тазйиқ ва таъқиб остида. Ҳали ҳам бу ташкилотнинг мажлисларини ўтказишга йўл қўйишмаяпти.

Агар МСК раиси "Эрк" партиясини тасодифан тилга олмаган бўлса, бу баёнот раҳбарлар билан келишиб қилинган бўлса, буни кескин ва аниқ бир шаклда эълон қилиш керак. Ўзбекистонда сиёсий мухолифатга тақиқнинг бекор қилингани расман эълон қилиниши керак. Ана шунда буни Ўзбекистон учун "яхши хабар" дейиш мумкин", деб айтди Муҳаммад Солиҳ Би-би-си билан суҳбатда.

Аввалроқ у раҳбари бўлган "Эрк" партияси сайловларни "сохта" деб атаб, уларни бойкот қилишга чақирганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek