Ўзбекистон: Блогер Нафосат Оллошкурова сайловдан сўнг руҳий шифохонадан чиқарилди

Нафосат Оллошкурова муросасиз блогер сифатида таниқли бўлган Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Нафосат Оллошкурова муросасиз блогер сифатида таниқли бўлган

Бир гуруҳ норозиларнинг Тошкентга юришини жонли равишда эфирга узатгандан сўнг руҳий шифохонага ётқизилган блогер Нафосат Оллошкурова Ўзбекистонда Парламент сайловлари ўтганидан сўнг касалхонадан чиқарилди.

Махсус комиссия Оллошкурова даволанишга эҳтиёжи йўқ деб топган.

"Бугун руҳий касалликлар шифохонасида ўтказилган тиббий экспертиза унинг саломатлиги яхшиланган, деб топган ва блогер янги йил байрамини ота-онаси ва жажжи қизалоқлари билан бирга кутиб олади", деб ёзди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Нафосат Оллошкурова Тошентга ота-онаси ва 3 яшар икки эгизак қизларининг олдига қараб йўлга чиққанини онаси Холжон Давлатова Би-би-сига тасдиқлади.

"Дадаси билан телефонда гаплашибди. Эрталаб азонда етиб бораман, дебди", дейди Нафосатнинг онаси.

Кузатувчилар муросасиз блогер Ўзбекистонда парламент сайловлари тугаганидан сўнг озодликка чиқарилаётганига эътибор қаратишмоқда.

Би-би-си манбаларининг таъкидлашича, масъуллар блогер сайлов ўтгунча ушлаб турилишини, агар озодликка чиқарилса одамларни кўчага чиқариш хавфи борлигини айтишган.

Ушбу даъволарни расмийлардан тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Оллошкурова Facebookʼдаги саҳифаси орқали 23 сентябр куни адолат излаб Тошкентга, ИИВ вазири билан учрашиши учун яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиққан шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган эди.

Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган.

Шундан сўнг Хоразмда "Эрк" партияси фаоли, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортиқ намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган.

Кейинчалик Маҳмуд Ражаб ва Нафосат Оллошкуроваларнинг 10 суткага қамалгани маълум бўлди. Қамоқ жазосини ўтагач, унинг оиласига берилмай, руҳий шифохонага ётқизилган.

Ишига БМТ ва Америка эътибор қаратган блогер

Президент Шавкат Мирзиёев даврида мустақил журналист ва блогернинг илк марта руҳий муолажага мажбурланиши қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қораланган.

Хоразмлик марҳум журналист Давлатназар Рўзметовнинг 22 октябр куни хабар қилишича, бу борада АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мулозими ҳам хавотир изҳор қилдирган ва бу ҳақида АҚШ Конгрессига ҳисобот тайёрланаётганини билдирган.

22 октябр куни Би-би-си манбаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Нафосат (Шабнам) Оллошкурованинг ишини шаффоф тарзда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га мактуб ёзганини айтди.

Блогер иши БМТ эътиборига тушгач ушбу комиссия ташкил қилингани билдирилди.

Омбудсман ўринбосари Санжар Хамидуллаев БМТ инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги томонидан мактуб ёзилганини инкор қилди.

Бироқ у Нафосат (Шабнам) Оллошкурова масаласини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг минтақавий раҳбари Ринрад Коменда Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев билан муҳокама қилганини тасдиқлади.

Қароргоҳи Нью-Йоркдда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) 8 октябрда Оллошукуровага қарши қўлланилаётган чоралар зудлик билан тўхтатилиши ва у озод қилинишига чақирди.

Муросасиз блогер

Нафосат Оллошкурова муросасиз блогер сифатида таниқли бўлган.

Буни 21 октябрда интернетда Оллошкуровани сўроқ қилиш жараёни акс этган видеодан кўриш мумкин.

Қисқа видео Нафосат Оллошукурова ҳибсга олинган вақти, руҳий шифохонага ётқизилишидан аввал ёзиб олингандек кўринади.

Унда Нафосат очлик эълон қилганини билдиради.

"Мен суднинг қароридан норозиман. Менга қўйилган айбловлар ноҳақдан қўйилган. Мен очлик эълон қилдим", - дейди блогер.

Уни сўроқ қилаётган камера ортидаги шахс унинг очлик эълон қилиши соғлиғи учун зарар бўлиши ва жиддий оқибатларга олиб келишини айтади.

Қонуний тарзда норозилик билдириш сўралганда, Нафосат бунинг фойдаси йўқлиги, ҳамда қонунлар ва судяларга ишонмаслигини айтади.

"Сиз очлик эълон қилиб ўз жонингизга қасд эълон қилишни кўзлаб турибсизми?" деб сўраганида, Нафосат "зулмни тўхтатиш учун" бошқа иложи йўқлигини айтади.

Сўроқ қилаётган шахс ундан яна бир бор "Шу ерда очлик эълон қилиб жонингизга қасд қилмоқчимисиз?" деб сўрайди.

Бунга жавоб бермай, сукут сақлаган Нафосатга "сўз билан жавоб беринг" дейилади ва у "ҳа" дея жавоб қайтаради.

Нафосат ишини яқиндан кузатаётган, исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган ҳамкасбининг Би-би-сига айтишича, "Жонингизга қасд қилмоқчимисиз?" дея қайта-қайта сўраш билан ички ишлар ходимлари Нафосатни руҳий касалхонага ётқизиш учун асос излашган.

Би-би-си билан суҳбатдан унинг онаси Холжон Давлатова: "Қийнаганлар уни, ўзи ундай гапирмайди", дея муносабат билдирганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek