Россия, Санкт-Петербург: Cпецприёмникда BBC O'zbek мухбири нималарни кўрди? (ВИДЕО)

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Байрамми?

30 декабрь куни саҳифаларимизда нашр этилган "Россия, муҳожирлар: спецприёмник қоровуллари ўзбек қизларига жинсий алоқа таклиф қилаяпти" мақола ва видеолавҳаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. 31 декабрь куни Би-би-си ўзбек хизмати Санкт-Петербургга бориб, "Красное село" раҳбарияти, Миграция агентлигининг вакиллари ва тутқун муҳожирларнинг бир нечтаси билан суҳбатлашди.

Марказда бир неча ойлаб сақланаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг қайси шикоят ва даъволари тасдиқландию, қайсилари тасдиқланмади?

Жавоб берилмайдиган телефонлар

Санкт-Петербургдаги "Красное село" чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказидаги Ўзбекистон фуқароларининг мурожаатлари асосида 28 декабрь куни "Россия, муҳожирлар: спецприёмник қоровуллари ўзбек қизларига жинсий алоқа таклиф қилинаяпти" номли мақола ва видеолавҳа нашр этилган эди.

Би-би-си ўзбек хизмати тасарруфида сайтда нашр этилганидан ташқари, 20 га яқин аудиоёзувлар, фотосуратлар, видеокўринишлар бор. Шунингдек, Би-би-сига мурожаат келиб тушганидан сўнг, марказда сақланаётган муҳожирларга алоқага чиқилган ва улар билан бир неча бора видеоқўнғироқларда гаплашилган. Марказда сақланаётган ўзбекистонликлар исм-шарифи сир сақланиши шарти билан марказдаги ҳолатни видеоқўнғироқда Би-би-си мухбирига кўрсатганлар.

Би-би-си ўзбек хизмати иккинчи томон билан боғланиб вазиятга изоҳ олиш учун расмий сайтларда кўрсатилган барча рақамларга қўнғироқ қилди (Автожавоббергич ёзувлари BBC O'zbek ихтиёрида бор). Аммо расмий сайтларда кўрсатилган телефон рақамларининг биронтасига жавоб берилмади.

Мақола ва видеолавҳа чоп этилганидан сўнг, Ўзбекистон расмийлари дам олиш куни бўлишига қарамай, тезкорлик билан ўз муносабатларини эълон қилдилар.

Тезкор муносабатлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Муҳожирлар жўнатган сурат

29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги "Санкт-Петербург шаҳридаги меҳнат мигрантлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот"ини эълон қилди.

"Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур вазиятни ўрганиб чиқиб, қатор фактларнинг ёлғонлиги аниқланди", дейилади баёнотда.

Меҳнат вазирлиги муҳожирларнинг қуйидаги даъволарини рад этган:

1.Марказга 800 эмас, 336 нафар муҳожир сиғади.

2.Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакили фуқароларни Ватанга қайтариш учун давлат бюджетида пул йўқлигини айтмаган ва айтиши ҳам мумкин эмас.

3.Россия Федерацияси қонунчилигига асосан депортация қилиш билан боғлиқ барча зарур ҳужжатлар, жумладан суд қарори тайёр бўлмагунча фуқароларни Россия ҳудудидан олиб чиқиб кетиш мумкин эмас.

Меҳнат вазирлигининг баёнотида видеолавҳадаги бошқа муаммолар юзасидан изоҳ берилмаган.

Матн сўнгида мурожаат учун қолдирилган телефон рақамига баёнот эълон қилинганидан сўнг ҳам боғланишнинг имкони бўлмади (Би-би-си ўзбек хизматида шу сана ва вақтдаги қайта-қайта терилган қўнғироқ скриншоти ва аудиоёзувлари бор).

30 декабрь куни Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Ваколатхонаси ходимлари Красносельский туманида жойлашган мигрантларни вақтинча сақлаш марказида бўлишган.

Ташриф натижаси ўлароқ, 31 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлиги консуллик-ҳуқуқий департаменти ахборот билдирди.

"Бош консулхона вакиллари томонидан ҳамюртларимизга консултатив ёрдам кўрсатилди, вазият назоратга олинди. Яқин вақт ичида Санкт-Петербург шаҳар суди раҳбарияти билан ишчи учрашув ўтказиш режалаштирилган", - дейилган ахборотда.

Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири "Красное село" спецприёмнигида нималарни кўрди?

31 декабрь куни Би-би-си ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаёт Санкт-Петербургдаги "Красное село" чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказига Миграция агентлигининг Санкт-Петербургдаги вакили ҳамроҳлигида бориб, марказ раҳбарияти ва у ерда сақланаётган 4 нафар муҳожир (3 аёл ва 1 эркак) билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Марказга олдиндан режалаштирилмаган ташрифни ташкиллаштиришда Миграция агентлигининг Москвадаги ва Санкт-Петербургдаги вакиллари кўмаклашди. Бинога кириш журналист эмас, шахсий ташриф сифатида қайд билан кирилгани учун хоналарни кўздан кечириш, муҳожирлар билан оммавий учрашиш, кўрган ёки гаплашилган суҳбатларни тасвирга ёки бошқа бир тарзда ёзиб олишга рухсат берилмади.

"Ўзбеклар итоаткор эди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption "Бизда бунақаси йўқ. Бошқа жойдан олинган суратни юборишган бўлса керак".

Красносельский туманида жойлашган мигрантларни вақтинча сақлаш марказнинг бошлиқ ўринбосари Галина Загородняя қабул қилди.

-Биз ўзбекистонликлардан бундай муносабатни кутмагандик, чунки улар бу ерда одатда оғир-босиқ ва бўйсунувчан. Тожикистонлик ёки бошқа миллатлардан норозилик чиқиши мумкин, аммо ўзбеклар... - таассуротини яширмади раҳбар ўринбосари.

Маълум бўлишича, 336 ўринлик марказда айни пайтда 290 та чет эл фуқаролари сақланмоқда. 160 ўзбекистонликнинг 14 нафари аёллардир.

-Марказимизга Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жамоатчилик назорати ва Миграция агентлигининг вакиллари тез-тез келиб туришади. Асосий шикоят - овқат масаласида. Аммо буни биз ҳал қила олмаймиз, белгиланган меъёр бор: ҳар бир муҳожир учун кунига 600 рубль ажратилади. Агар овқатимиз ёқмаса, ҳар куни яқинлари егулик келтиришлари мумкин, ёки хоналарнинг ҳар бирида электр чойнак ва плита бор. Ўзлари пишириб ейиши мумкин. Аммо видеодаги пиёздан ҳайратдамиз. Биз ейишга пиёзу саримсоқ бермаймиз, уни кўришга келганлар олиб келган бўлиши мумкин, - деди Галина Загородняя.

Шунингдек, марказ ходими муҳожирларнинг матбуотга шикоят қилишлари ортидан "передачи"лар вақтинча тақиқланганини тан олди.

-Мана, кеча тақиқни бекор қилдик, бемалол олиб келишлари мумкин, - деди ходим.

Телефонларнинг олиб қўйилиши масаласи ҳам ташрифимиз олдидан ҳал қилинганини билдирди: "телефонларини тарқатамиз, янги йил билан уйдагиларини табриклашлари мумкин" .

-Телефонлар марказимизнинг ички тартиби бўйича вақти-вақти билан берилиши керак. Аммо уларда ҳаммавақт бор эди, индамасдик. Ҳар бир қаватда телевизор, шахмат-шашкалар бор. Барибир, бу ер санаторий эмас, бор-йўғи депортациягача вақтинчалик сақлаб туриладиган жой, - таъкидлади масъул ходим.

"Сиз қишда касал бўлмайсизми?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Депортация...

Марказда сақланаётган муҳожирларнинг даъволарини барчасини сўрадик. Кекса ёшлилар ва касалларнинг сақланиши ҳақида шундай изоҳ берилди:

- Ҳа, улар бор. Аммо тиббий ёрдам кўрсатиш пунктимиз ҳам бор. 1 та шифокор ва 2 та фельдшер ишлайди. Зарур дори-дармонлар ҳам етарли. Агарда бирор кишининг тоби қочиб, марказда ёрдам кўрсатиш имконсиз бўлса, "Тез ёрдам" чақирилади. Негадир, мигрантларнинг ҳам шифокор борлиги пайтида эмас, соат 18, яъни иш вақтидан кейин тоби қочиши бошланади-да. Кун бўйи соғ юриб, индамай, кечки пайт шифокор йўқлигида шикоят қилишади.

- Бизга юборилган видеодаги йўтал овозлари эшитилиб турганди?

- Сил ва бошқа юқумли касаллик аниқланса, улар даволаниш учун жўнатилади. Хоналар иссиқ, шамоллаш ҳам кўп учрамайди. Шундай бўлсаям, қиш-ку. Сиз қишда касал бўлмайсизми?, - деди Галина Загородняя.

- Суратда чакка ўтган шифтни кўрдик?

- Бизда бунақаси йўқ. Бошқа жойдан олинган суратни юборишган бўлса керак.

- Кроват етишмаслигидан кушеткаларда ётишларини кўрсатишди.

- Сиз кўрган кушеткалар борлиги тўғри, лекин улар хоналарда эмас. Ювиниш хонасига киришда ўтириб кийинишлари учун қўйилган.

- Хоналарда уюлиб ётган ахлатлар-чи?

- Биномиз умумий ётоқхона сингари, ҳар бир қаватда хонадан чиқиб йўлакда бемалол юриш мумкин. Ахлатларни муҳожирларнинг ўзлари тўплаб, йўлак бошига олиб боришлари керак. Хонани тоза сақлаш уларнинг вазифаси. Хожатхоналар масаласида ҳам шундай. Хоналар хлорлаб тозаланади, бургаю сичқонлар борлиги ҳам бўлмаган гап, - рад этди раҳбар ўринбосари.

Загородняя Би-би-си лавҳасини кўрганини, унга маъносини таржима қилиб беришганини айтди.

-Бу ерга яқингача Ўзбекистондан биронта вакил келмаган, мигрантлар аҳволидан хабар олмаган эди. Зоҳиджон Асқаров вакил этиб тайинланганидан бери бир оёғи шу ерда. Муҳожирлар билан муносабати яхши, у келса ҳаммаси биздан сўрай олмаганларини унга айтишади. Ҳозир ўзларини чақирамиз, гаплашасиз, - муҳожирлар учрашув уюштирди раҳбар ўринбосари.

"Бу ер Ўзбекистондан яхши, у ерда газ-свет йўқ, бу ерда бор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption "Шароитлар зўр, ҳаммаси яхши. Ўзбекистонда газ, чироқ йўқ, бу ерда бор..."

Галина Загородная марказдаги тартиб ва шароитлар ҳақида тўлиқ тушунтириш берди. Шахсий ташриф билан бинога кирганлигимиз учун бир неча киши билангина кўришишимиз мумкинлигини айтди. Мен аёллар мавзуси эътиборли бўлгани учун хотин-қизлар билан учраштиришни сўрадим. Кўп вақт ўтмай, 2 нафар ўзбек аёллари хонага келтирилди.

-Шароитлар зўр, ҳаммаси яхши. Ўзбекистонда газ, чироқ йўқ, бу ерда бор. Хоналар иссиқ, кун бўйи бекормиз, еб-ичиб ётибмиз, - мақташди аёллар.

Улардан марказ қўриқчиларининг аёлларга жинсий алоқа таклиф қилиниши бўйича шикоят ҳақида сўрадим.

-Йўқ-йўқ, улар яхши роса. Биз ўзимиз охраникларга тегажоқлик қилиб, ўзимизни таклиф қиламиз. Ичимизда енгилтабиатли аёллар бор. Шу ерда ҳам пул ишлаб кетай деб келиб, баъзилар йигитларнинг қаватига тушиб 1500 рублдан ўзларини сотишади, - гапириб беришди тутқун муҳожиралар.

Йигитлар бизга суратини юборган аёлни сўрадик. Уни ҳам чақиртиришди. Суратга олинганидан ҳам бехабарлигини айтди. Аёл билан гаплашиб ўтириб, унинг қўлида қатор-қатор кесилишдан қолган чандиқларни кўрдим.

-Нима учун қўлларингизда чандиқлар бор, жонингизга қасд қилганмисиз? - сўрадим аёлдан, бош силкиб тасдиқлади. - Кўплигига қараганда бир неча марта урингансиз, шекилли. Нега?

-Ҳаётим жуда қийинчиликда ўтган, охири ишлаш учун ташвишлардан қочиб, бу ерга келгандим, - дейди аёл.

Уччала аёл ҳам марказ шароити ва ходимлар муносабатини мақташди. Муаммо фақат овқатларнинг сифатида эканлигини айтишди. Суҳбатни якунлаб, йигитлардан биронтаси билан гаплашаман деб турсам, аёллардан бири яна қайтиб келиб, гапи борлигини айтди.

-Ичимизда "мамароза" бор, ҳеч кимга тинчлик бермайди. Ўзи Дубайдан депорт бўлиб келиб қолган. Оғзи шалоқ, хотинларга кун бермайди. "Ҳаммани пулга сотиб оламан" дейди. Шуни бошқа жойга ўтказишми, бирон йўлини кўришса, - дея шикоят қилди аёл.

Раҳбар ўринбосари марказга тунги клубларда қўлга тушган хотин-қизлар ҳам келтирилишини билдирди. Улар ҳам хужжатлари ҳал бўлиб, ватанига юборилгунича шу ерда сақланади.

"Сиздан олдин консул, вакиллар келди"

Image caption Би-би-сига жўнатилган сурат

Йигитлардан эса фақат биттаси билан гаплаша олдик. У ҳам хонага кириб ёнимга ўтирди ва менга деярли қарагани йўқ. Ҳамма саволларимга марказни мақтаб, мигрантларни тарбиясизликда айблаб жавоб берди:

-Биздан хабар олиб туришади, сиздан олдин консул, Москвадан вакил келди. Қаранг, шу вакиллар атай бизни кўргани, муаммоларимизни ҳал қилишга келган, у бўлса (шикоятчи муҳожирлардан бирини назарда тутаяпти) уларни жуда ёмон сўкди. Жуда ёмон иш бўлди. Булар яхши, менда қон босими бор, даволашади. Ҳаммаси яхши бу ерда. Кана бўлса, чаққан изи бўлиши керакку, мана ҳеч еримда из йўқ, - дея кийимини кўтариб кўрсата кетди йигит.

Видеоқўнғироқларда кўрганларим, муҳожирларнинг шикоятлари ҳақида сўрадим. Йигит тинмай юқоридаги гапларни такрорлайверди ва охирида "ўша гаплар гап-да, опа", - деди.

Шундан сўнг Галина Загородняя билан изоляторлар бўйича гаплашдик. У ерда ички тартибни бузган муҳожирлар вақтинча сақланиши билдирилди. Марказ ҳодимларининг бу ерда сақланувчи муҳожирлар билан муносабатлари яхшилиги, уларнинг калтакланиши ҳақидаги маълумотлар асоссизлигини билдирди.

-Марказда муҳожирлар муқаддам судланганлар билан бирга сақланиши-чи, тўғрими?, - сўрадим раҳбардан.

-Жиноий ишлар бўйича айбланиб, судланиб чиққанлар ҳам кейинчалик маъмурий қонунбузарлиги сабабли бу ерга келтирилади ва депортация бўлиш вақтини бошқа муҳожирлар билан бирга кутади. Бу ерда бўлиб турадиган тартибсизликларнинг ҳам сабаби кўпинча шунга боғлиқ, - жавоб берди Загородняя.

Бизга шикоят билан мурожаат қилган муҳожирларни кўришимизнинг имкони бўлмади (яна бир манбамизга кўра, улар ҳамон марказ изоляторида қолмоқда).

Шунингдек, ушбу норасмий ташрифда ваколатимиз чеклангани боис, бино ва хоналарни кўздан кечириш ва муҳожирларнинг юқорида келтирилмаган даъволарини аниқлашнинг имкони бўлмади.

"Красное село" чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш маркази раҳбарияти Би-би-си ўзбек хизматини хат орқали расмий ташриф билан келиб, видеолавҳа тайёрлашга таклиф қилди.

Сафаримизда бизга ҳамроҳлик қилган Миграция агентлигининг Санкт-Петербургдаги вакили Зоҳиджон Асқаров марказда сақланаётган ўзбекистонлик аёлларга янги йилни нишонлашлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва арча ўйинчоқлари олганди.

Галина Загородняя байрамни нишонлаш учун уларга шароит яратиб берилишини билдирди. Биз Москвага етиб келгунимизча, байрам дастурхонининг суратлари ҳам телефонларимизга келиб тушди.

"Спецприёмник қоровуллари ўзбек қизларга жинсий алоқа таклиф қилишяпти"

Россия: Иккинчи хотин бўлган мигрант аёл 2 боласи билан кўчада қолди - видео

Россия: Москва полицияси янги йил кечаси шаҳар айланган муҳожирларни террорчиларга тенглаштирди

Ҳуқуқ ҳимоячилари муносабати

Image caption Би-би-сига жўнатилган сурат

Биз декабр ойида ушбу марказда борган ва у ердаги вазият билан танишган мутахассислар ва фаолларнинг фикрларини ҳам ўргандик. Улар юқорида келтирилмаган жиҳатларга ҳам эътибор қаратишган.

-Биз ушбу марказда 23 декабр куни бўлгандик, ўша пайтда 207 та Ўзбекистон фуқароси бор эди. Бу ерда сақланаётганлар орасида рус тилини билмайдиганлар бор. Аммо таржимон ёки инглиз тилини биладиган бирон ходим йўқ, - дея таассуротини билдирди Санкт-Петербург Жамоатчилик назорати қўмитаси вакили Анастасия Некозакова.

Инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотнинг Санкт-Петербургдаги вакили эса марказдаги қатор муаммоларни санаб, бу борада Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти ИИБ номига хат йўллаганини билдирди.

-Марказ чет эл фуқароларини ушлаб туришни ёпиқ камерали хоналарда, жумладан сақлаш тартибини бузган ҳолатда ишлашда давом этмоқда, - билдиради Омбудсман вакили Артём Куликов.

Асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Валентина Чупик эса, "Красное Село" мигрантларни сақлаш марказини "Россиянинг бошқа ҳудудларига нисбатан яхши" дея баҳолади.

-Владимир ва Туладаги мигрантлар қамоқхоналаридаги аҳволни ҳақиқатда ёмон деса бўлади, - дейди юрист.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ