Ўзбекистон, Андижон: Дўстим танасининг бир парчасини бериб, ҳаётимни сақлаб қолди - O'zbekiston

Нурмуҳаммад Мамасолиев ва Файзулло Жамолов Фото муаллифлик ҳуқуқи Шахсий архивдан
Image caption "Биз ўзи ёшликдан қадрдон эдик. Мана энди буйрагимиз ҳам биттадан бўлиб қолди", дейди Нурмуҳаммад ака

Андижоннинг Жалақудуқ туманида яшовчи фермер Нурмуҳаммад Мамасолиев 20 йил буйрак шамоллашидан азоб чекиб келган. Вазият шу даражага етганки, зудлик билан унга янги буйрак кўчириб ўтказилмаса, ҳаётдан деярли умид қолмаган. Бироқ унга ўз буйрагини беришга рози инсон ҳа, деганда топилавермаган. Шундай оғир онларда унинг дўсти ёрдамга келди…

Нурмуҳаммад ака 2019 йилларнинг бошларида аҳволи оғирлашиб қолгани ҳақида сўзлайди.

Бу дард унга илк бор 1980 йиллар бошида чангал солган эди.

Буйрак шамоллашининг биринчи аломатлари шу йилларда бўй кўрсатган.

1992 йилдан касалликнинг асоратлари кучайиб кетди, дейди 55 яшар Нурмуҳаммад ака.

Ўтган йили эса у хасталикнинг зўридан ётиб қолган.

"Қонимда заҳарланиш шу даражада кучайиб кетган эдики, оддий сувни кўрсам ҳам, қайт қилгим келаверарди", ҳикоя қилади у.

Ниҳоят, Тошкентдаги шифокорлар унга зудлик билан янги буйрак кўчириб ўтказиш лозимлигини таъкидлайдилар.

Донор излаб…

Фото муаллифлик ҳуқуқи Шахсий архивдан
Image caption Файзулло аканинг буйрагини дўстига бериш таклифига бошида Нурмуҳаммад ака кўнмаган

"2019 йилнинг май ойидан донор излашга тушдик", хотирлайди Нурмуҳаммад ака.

Унинг яқинлари орасидан ўз буйрагини беришга лозим одам деярли топилмайди.

Рози бўлгани ҳам сўнгги дақиқаларда ўз фикридан қайтади.

"Қариндошларимдан бири донор бўлишга кўнди, аммо текширувлар чоғида мендан катта миқдорда пул сўради".

"Ўша вақтда фермерлигимда катта харажатлар бўлган, нақд пулим йўқ эди. Борини ҳам операцияга сақлаб қўйгандим. Унга сўраган пулини бўлиб-бўлиб беришни таклиф қилдим, лекин рози бўлмади. Кейин бегоналар ичидан донор қидира бошладим", давом этади Нурмуҳаммад ака.

Унинг сўзлашича, Ўзбекистон дохил дунёнинг аксар мамлакатларида буйрак ва жигар трансплантациясини амалга оширишга фақат қон-қариндошлар орасида изн берилгани туфайли донор топишда қийинчиликлар юзага келади.

"Бегона донорлар кўп чиқди. Бироқ кимнингдир қони меникига тушмади, кимдир фикридан қайтди, яна бошқаси шифокорлар суҳбатидан ўтолмади", дейди Нурмуҳаммад ака.

Фермернинг аҳволи эса кундан-кун оғирлашиб борар эди.

Икки давом этган донор машмашасидан сўнг унинг жонига болаликдаги дўсти Файзулло Жамолов оро киради.

"Одамийлик учун бу ишга қўл урдим"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Шахсий архивдан
Image caption "Операция худди беш дақиқада ўтиб кетгандек туйилди. Палатага чиққанимизда, ҳеч қандай оғриқ сезилмади", эслайди Файзулло ака.

Файзулло ака Нурмуҳаммад Мамасолиев билан мактабда бирга ўқигани, болаликдан яқин бўлганини айтади.

Россияда тўққиз йил ишлаб, 2019 йил март ойида она қишлоғига қайтган Файзулло ака дўстининг аҳволи ёмонлашиб бораётганидан хабар топади.

У дўстининг ўлим билан курашаётгани, донор излаб, қийналаётганига гувоҳ бўлади.

Пировардида, унга ўзи ёрдам беришга қарор қилади.

"Кимдир шу ишни қилиши керак эдику. Дўстимнинг ҳаётини сақлаб қолишни истадим. Одамийлик юзасидан бу ишга қўл урдим", сўзлайди Файзулло ака.

Нурмуҳаммад ака, аввалига, дўстининг таклифини қабул қилишга иккилангани тўғрисида гапиради.

"У кўп меҳнат қилади. Оиласи, бола-чақасини боқиши керак. Мени, деб ярим жон бўлиб қолишини истамадим бошида".

Бироқ Файзулло ака ўз қарорида қатъий туриб олади.

Ниҳоят, икковлон буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун 2019 йилнинг августида Туркияга йўл оладилар.

«Бу ишдан қўрқмаслик керак»

Икки дўст жарроҳлик амалиётига тайёргарлик, шифокорларнинг хавфсизлик бўйича суҳбатини ҳисобга олмаса, ҳаммаси яхши ўтганини айтадилар.

"Операция худди беш дақиқада ўтиб кетгандек туйилди. Палатага чиққанимизда, ҳеч қандай оғриқ сезилмади", эслайди Файзулло ака.

Нурмуҳаммад ака, айни вақтда, йиллар давомида ўзига азоб берган турли соғлик муаммолари ортга чекингани, ўзини соғлом ҳис қилаётганини билдиради.

Файзулло ака эса битта буйрак билан яшашнинг бирор салбий жиҳатини ҳозирга қадар сезмаганини маълум қилади.

"Кимдирлар учун соппа-соғ одамнинг операция столига ётиши қўрқинчли туйилиши мумкин, лекин бу ишдан қўрқмаслик керак. Яқинлар, дўстларнинг ҳаёти ҳаммасидан қадрли", таъкидлайди у.

"Биз ўзи ёшликдан қадрдон эдик. Тайёргарлик пайтида бўйимиз, вазнимиз, қон гуруҳимиз бир хил чиқди. Ёшимиз ҳам тенг. Бир хил ўлчамли оёқ кийим киямиз. Мана энди буйрагимиз ҳам биттадан бўлиб қолди", кулади Нурмуҳаммад ака.

"Нурмуҳаммаддан $30 минг олибди!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Шахсий архивдан
Image caption Яқинлар, дўстларнинг ҳаёти ҳаммасидан қадрли, дейди Файзулло ака.

Икковлон Туркияда юрган пайтлари бу воқеа нафақат Жалақудуқ, балки бутун Андижон бўйлаб шов-шув бўлгани ҳақида сўзлайдилар.

Уларнинг ҳикоя қилишича, одамлар икки дўст тўғрисида турли миш-мишларни тўқиб улгуришган.

"Туркиядан қайтсак, Нурмуҳаммад Файзуллога уй олиб берибди, ўттиз минг доллар берибди, деган гаплар тарқаб кетибди. Танишлар ўзимдан ҳам шу ҳақида сўрашди. Уларга, агар касал бўлсанг, сенга ҳам берардим буйрагимни, деб жавоб қилдим", жилмаяди Файзулло ака.

Бироқ Файзулло Жамоловнинг қарорини олқишлаганлар ҳам кўплаб топилган.

"Масжидларда Файзуллонинг қилган ишини одамларга мақташди. Домлалар соппа-соғ одам бир тана аъзосини шундоқ бервориши - бу ақл-бовар қилмас иш, дейишди", маълум қилади Нурмуҳаммад ака.

Айни дамда, икки дўст янада қалин бўлиб қолганлари, фермер хўжалигида ҳар куни елкама-елка бирга меҳнат қилаётганлари борасида сўзлайдилар.

"Барибир ҳаммамиз охири бир жойга кетамиз. Шунинг учун ҳеч қандай хавотирсиз, бундай ишларни қилиш керак", дейди Файзулло ака.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ