Ўзбекистон, одамлар фикри: «Россия бизнинг буюк оғамиз»(ми?) - O'zbekiston

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Аввалроқ кечиктирилган ташрифдан сўнг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 15-16 январь кунлари Тошкентга келиши маълум бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва кузатувчилар россиялик амалдорларнинг серқатнов бўлиб қолганидан хавотир билдириб келмоқда. Хўш, оддий ўзбекистонликлар икки давлатнинг янгича муносабатлари борасида қандай фикрда?

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан маълум йиллар депсиниб қолган Россия ва Ўзбекистон алоқалари жонлана бошлаган.

Сўнгги уч йил ичида россиялик турли рутбали амалдорлар Ўзбекистонга ташриф буюриш борасида бошқа давлатлардан бўлган ҳамкасбларидан бир неча баробар ўзиб кетганлар.

Энергетика, иқтисодиёт, фан каби Ўзбекистоннинг муҳим соҳаларида Россиянинг таъсири сезиларли ортгани кузатилган.

Ўзбекистонликлар Россия билан ҳамкорликда қурилаётган Жиззахдаги атом электр станцияси, Москва дарғалигида фаолият юритувчи Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш сингари масалаларда эса қизғин баҳсларни давом эттираётгани кўзга ташланмоқда.

Расмийлар Россия билан яқинлашув Ўзбекистон учун манфаатли экани айтса, танқидчилар бундай ҳамкорлик ортидан, ҳатто, мамлакат мустақиллиги хавф остида қолиши мумкинлигини иддао қилади.

Хўш, тирикчилик билан банд ўзбекистонликлар Россия билан алоқаларни кучайтириш борасида қандай муносабат билдиради?

Би-би-си шуни билиш мақсадида Тошкент кўчаларида одамларни саволга тутди.

'Сергей Лавров қўшиқчими?ʼ

Би-би-сининг "Сергей Лавровни танийсизми" деган саволига ўндан зиёд инсондан фақат бир эркак тўғри жавоб бера олди, холос.

«Сергей Лавров россиялик қўшиқчи эди шекилли?» иккиланади бир талаба йигит.

Ёши олтимишга борган бир аёл эса «Лавров россиялик шоир бўлса керак…», дея ўйга толади.

Би-би-си микрофон тутган бошқа инсонлар ҳам Россия Ташқи ишлар вазирини танимаслиги, табиийки, унинг шу ҳафтада Ўзбекистонга ташриф буюришидан бехабарлиги аён бўлади.

Аммо сўровномада иштирок этганларнинг бари Ўзбекистон-Россия муносабатлари янада кучайишини олқишлашини айтади.

Улар ўз фикрларини турли омиллар билан изоҳлашга ҳаракат қиладилар.

"Ғофур Ғулом айтганидек 'Рус менинг буюк оғамʼ. Биз ҳали Россиядан бирор ёмонлик кўрмаганмиз, кўрмаймиз ҳам", таъкидлайди сўровномада иштирок этган ёши улуғ аёл.

"Миллионлаб одамларимиз Россияда ишлаб, рисқини териб юрибди. Алоқалар яна ҳам яхшиланиши керак", сўзлайди 20 ёшлардаги бир йигит.

Педагогликдан нафақага чиққанини айтган бир отахон ёшлигида Россиянинг турли ўлкаларини айланиб чиққани, рус халқидан на ўзи, на ўзбек миллати ҳали бирор ёмонлик кўрмаганини билдиради.

Унинг фикрича, янги даврга қадам қўйган Ўзбекистон учун Россиянинг мадади «ҳаводек зарур».

Ёши қирқлар атрофидаги бошқа эркак Россия ривожланган давлат экани, Ўзбекистон учун эса ҳудудан яқин «Россиядек кучли давлат билан муносабатларнинг кучайиши фақат манфаатли бўлиши»ни билдиради.

Умуман олганда, респондентларнинг барчаси Россия билан ҳозирда мавжуд муносабатни қўллаб-қувватлашини маълум қилади.

Улар Россия билан ўзаро савдо, фан-таълим, нефть-газ каби соҳалар бўйича янада яқинлашиш зарурлигини илгари сурадилар, сиёсий-иқтисодий ришталарнинг мустаҳкамланиши аҳамиятига алоҳида урғу берадилар.

'Анча кучли давлатмиз, мустақиллигимизни бериб қўймаймизʼ

Ўзбекистон ҳукумати, айниқса, Россия билан ҳамкорликда мамлакатнинг илк атом электр станциясини қуришга қарор олиши ортидан «президент Мирзиёев маъмурияти Москвага тобеликни тан олмоқда» қабилидаги очиқ танқидлар ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, ҳам кузатувчи-таҳлилчилар томонидан бот-бот билдирила бошланди.

Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистоннинг Москва етакчилигидаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиши эҳтимоли юзага чиққач, ҳатто, «мамлакат мустақиллиги қўлдан бой берилиш ёқасига келиб қолди» каби фикрлар ҳам кўзга ташланди.

Би-би-си сўровномаси қатнашчилари «Россия билан яқинлашув Ўзбекистон мустақиллигига дахл қилмайдими» деган саволга ўз жавобларини бериб ўтдилар.

Би-би-си билан суҳбатлашган одамларнинг деярли ҳаммаси бу саволга равшан «йўқ», дея жавоб қайтарди.

«Россия бизга ҳамма вақт яхшилик қилган. Ўзбек халқи ҳам бунга яхшилик билан жавоб қайтарган. Ўртада биродарлик бор. Қолаверса, армиядаги йигитларимиз халқаро турнирларда биринчиликларни қўлга киритяпти. Бу уларнинг тинимсиз меҳнат қилаётганини англатади. Улар тинчлигимизни албатта сақлай олади», сўзлайди нафақадаги педагог отахон.

«Россия ва Ўзбекистон худди ака-укадек. Россия бизга ҳеч қачон дахл қилмаган, қилмайди ҳам. Бошқа давлатлардан кўра Россия бизга яқин дўст бўла олади», таъкидлайди ёши олтмишларга борган аёл.

Яна бир эркакнинг фикрича, мустақилликни сақлаш ҳар бир давлатнинг ўзига боғлиқдир.

«Агар ёшларга мустақиллик аҳамиятини аввалдан ўргатсак, ҳеч ким бизнинг мустақиллигимизни тортиб ололмайди, лекин Россия бизга дахл қилмайди ҳам», фикрини давом эттиради у.

Сўровноманинг ёш иштирокчилари мустақилликни сақлаб қолиш масаласида, асосан, ҳарбий кучга эътибор қаратишини кўриш мумкин.

«Россия бизга хавф солмайди. Чунки Ўзбекистон аллақачон мустақил бўлиб бўлган. Бундан ташқари биз ҳам анчайин кучли давлатмиз», дейди талаба йигит.

Россия-Ўзбекистон: Ким кимга керак?

BBC O'zbek архивидан, 2018 йил: Ислом Каримов ҳақми ва ёки Шавкат Мирзиёев? (Видео)

Ўзбекистон: Интеграцияларга қўшилсак, мустақилликни қўлдан бермаймиз - Шавкат Мирзиёев

'Лавровжон бекордан бекор келмайдиʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Би-би-си сўровномаси иштирокчиларининг Россия борасидаги ижобий фикрларига қарамай, ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида мутлақо ўзгача манзарага гувоҳ бўлиш мумкин.

Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга ташрифи тўғрисида маҳаллий нашрлар тарқатган хабарларга фойдаланувчилар билдирган муносабат анчайин заҳарханда ва танқидий экани кўзга ташланади.

Расмий нашрларда Россия бош дипломати Ўзбекистонга айнан қандай масалаларни муҳокама этиш учун келаётгани аниқ ёзилмаган.

Шу сабабдан кўплаб фойдаланувчилар жаноб Лавров Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши масаласини «ҳал этиш учун» ташриф буюраётганини тахмин этган.

"Нимага келаётгани маълумку. Халқнинг хоҳиши бир тийин уларга. ЎЗБEКИСТОНни сотмоқчи бўлганларни ўзи узоқ қилсин юртимиздан", ёзади Нодира исмли фойдаланувчи.

«Шунчалик зўр эканмизки, ҳамма турли томонга тортқилаяпти. Мирзиёев тарихда Ўзбекистон сотган президент бўлиб қолмасин», ёзғиради Саломат исмли бошқа бир фойдаланувчи.

Алимардон номли фойдаланувчининг кинояли изоҳига кўра, "Лавровжон бекордан бекорга келмаяпти".

"Табриклаймиз иттифоққа «аъзо» бўлдик", пичинг қилади Мақсуд номли фойдаланувчи.

Таҳа номли фойдаланувчининг ёзишича, «бундай ташрифлардан яхшилик кутиб бўлмайди».

«Ҳатто, энг яқин миллатлар ҳам Россиядан юз ўгирди. Украина масалан. Белорус юз ўгириш арафасида. Марказий Осиё давлатлари эса ундан узоқлашиш ва ўз тараққиёт йўлини қуриш ўрнига яқинлашмоқда. Тарихдан хулоса чиқаришмайдими…» фикрини давом эттиради у.

Ижтимоий тармоқда Россия билан яқинлашиш ғоясини маъқуллаган изоҳларга ҳам дуч келиш мумкин.

Бироқ уларнинг аксариятида Россиянинг жорий ҳукумати билан дўстона муносабатлар қуриб бўлмаслиги таъкидланади.

«Россия билан, нима қилиб бўлмасин, бирлашиш даркор, аммо бир неча уруш ўчоқларини очган ва қонли урушларни давом эттираётган ҳозирги ҳукумат билан эмас», фикрини илгари суради Зулҳумор номли фойдаланувчи.

Таҳлилчилар нима дейди?

Би-би-си таҳлилчи Анвар Назирдан Россия билан муносабатлар юзасидан фикрини сўради.

Унинг билдиришича, асосан, «рус тилидаги манбаларга асосланган хабарларни ўқийдиган оддий ўзбекистонликларнинг Россия борасида танқидий муносабатда бўлишининг имкони йўқ».

«Ўзбекистон ҳозир замонавий технологиялар, бозор иқтисодиётини барпо этилиши, коррупцияга барҳам берадиган ҳуқуқий тизим яратилиши, фан-таълим ва илмнинг кучайишига муҳтож. Россия Ўзбекистоннинг шундай эҳтиёжларини қондира оладими, деган саволга битта жавоб бериш мумкин - йўқ», дейди у.

«Замонавий Россия Хитой ва Европанинг хомашё базасига айланган. Таълим ўлиб бўлган. Буни, ҳатто, Россиянинг расмий доиралари гапиришмоқда».

Таҳлилчига кўра, ҳозирги Россияда демократия, инсон ҳуқуқлари ҳолати, ҳатто, «Ўзбекистондан ҳам ачинарли аҳволда».

"Буни Telegram мисолида кўриш мумкин. Бизда Facebook блоклаб қўйилганда қанчалик шовқин кўтарилди. Россияда эса битта лайк ёки изоҳ учун одамларни қамаш авжига чиққан. Бизда бўлмасинку, ҳали бундай ҳолатлар кузатилмайди. Бироқ Россияда кузатилади", давом этади у.

Анвар Назир стратегик шерикчилик фақат бир давлатга боғланиб қолиши шарт эмаслигини таъкидлайди.

У Ўзбекистон Россиядан ташқари АҚШ, Европа Иттифоқи, Жанубий Шарқий Осиё давлатлари ва Туркия каби муқобил мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириб, ташқи сиёсатни эркинлаштириб олиши мумкинлигини айтади.

«Россия ҳозир Ўзбекистон йигирма йил давомида йўл қўйиб келган хатоларни такрорламоқда. Ҳозир бизда Россия билан яқинлашишга объектив асослар мавжуд эмас».

Анвар Назирнинг сўзларига кўра, Россия «ҳали бирор марта Ўзбекистон суверенитетини очиқ қўллаб-қувватламаган».

"Америкадан тортиб Европа давлатларигача Ўзбекистон тўғрисида баёнотлар билан чиқилганда, байрамларда табриклаганда, чегаралар дахлсизлиги, мустақилликни ҳурмат қилишга урғу беради. Россия бирор марта бўлсада, юзаки қилиб ҳам, расман бундай баёнот билан чиқмаган.

Айтиши мумкин эди. Кўпинча, Россиянинг расмий баёнотларида шундай баландпарвоз гаплар айтилади, лекин Ўзбекистон борасида бирор марта бундай расмий чиқиш бўлмаган. Шундан хулоса қилса бўлади", таъкидлайди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ