Ўзбекистон: ДХХ ушлаётган "Жиҳодчилар" ҳақида нима маълум? - O'zbekiston

Ички ишлар вазирлиги ерда ётганлар "Жиҳодчилар" гуруҳи аъзолари эканлигини тасдиқлади Фото муаллифлик ҳуқуқи Iiv.uz
Image caption Ички ишлар вазирлиги ерда ётганлар "Жиҳодчилар" гуруҳи аъзолари эканлигини тасдиқлади

ДХХ Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкентда гўёки Суриядан топшириқ олаётган "жиҳодчилар" оқими аъзоларини қўлга олгани ҳақидаги расмий хабар ижтимоий тармоқда кулгига сабаб бўлди. Хорижда бирор гуруҳ ўз зиммасига олмаган, фақат Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари қоғозларида учрайдиган "Жиҳодчилар" ўзи қандай ташкилот?

ДХХ "Жиҳодчилар" оқимининг раҳбари дея қидирувга берган таниқли уламо Обидхон қори Назаровнинг яқинлари бунга нима дейди?

Ички ишлар вазирлиги 7 январь куни ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида "Жиҳодчилар" диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди, дея хабар берди.

Хабарда айтилишича, ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида Суриядаги террористик уюшма аъзоларининг топшириқларини бажариб келишган ва ёшларни Сурия ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилиб, жиноят содир этишга даъват қилган.

Расмий хабарга илова қилинган сурат ижтимоий тармоқларда шубҳа ва кулгиларга сабаб бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IIV.UZ

Суратлар нима "дейди" ё демайди?

Суратларда 15 нафар қуролли орган ходимлари 7 нафар фуқаро кийимидаги фуқароларни ерга ётқизиб қўйганини кўриш мумкин.

Жуссаси спорт билан мунтазам шуғулланиб юрадиганларга ўхшаш фуқаро кийимидагиларнинг қўллари орқага қайрилиб ётқизилган.

Формасига Махсус Топшириқли Мобил Отряди сўзларининг қисқартмасини русчалаб МООН деб ёзиб олган ходимлар ётганларнинг бошида қурол тираб тургани ва яна икки махсус хизмат ходими ташқарига қурол ўқталаётганидан ҳали хавф бартараф бўлмаган, деган таассурот уйғотади.

Аммо ерда ётган жиҳодчиларнинг қўлига нимагадир кишан солинмаган, ҳатто боғлаб ҳам қўйилмаган. Суратнинг чап томонидаги махсус хизмат ходимининг шимида кишан борлигини кўриш мумкин.

Шимига кишан тақиб олган орган ходимининг орқасида кўриниб турган жинси шим кийиб олган шахс у ерда нима қилаётгани бироз тушунарсиз.

Тиш-тирноғигача қуролланиб олган формали шахсларнинг ичида турган жинси шимли бу кимсанинг чап қўли кўтарилиб, қуролли одамларга қараб турганидан уни расмга олаётган шахс деб фараз қилиш мумкин.

Бироқ хавф ҳали бартараф қилинмаган бўлса, бу жинси кийимли шахс ва суратга олаётган яна бир киши телефон ё фотоаппарат кўтариб хавфли ҳудудда нима қиляпти, деган савол туғилади.

"Жиҳодчилар"нинг иккитаси қўлига қўлқоп кийиб олган. Бу қўлқоп эса нимагадир уларнинг тепасида қурол ушлаб турганлар кийиб олган қўлқопга жуда ўхшаш.

Ижтимоий тармоқдагилар ушбу сурат орган ходимларининг машғулотлари давомида олинган деган тахминни олдинга суришган.

Уларнинг гўёки жиҳодчилар қароргоҳ қилиб олган чала қурилиш биноси ҳам шубҳалантирган. Одатда орган ходимлари шартли террорчиларни ушлаш машғулотлари шу каби чала қурилиш биноларида ўтказади.

ИИВ матбуот хизмати суратлар машғулотдан эканлиги тўғрисидаги хабарларни рад қилди.

"Охирги вақтларда асосан воқеа жойидан ҳақиқий расмларни жойлаштиришга ҳаракат қиляпмиз", дейилади ИИВ матбуот хизмати жавобида.

ИИВнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси 2019 йилнинг 23 октябрида ҳам Тошкентда бир гуруҳ "Жиҳодчилар" оқими аъзоларини қўлга олгани ҳақида хабар берган эди.

Ички ишлар вазирлиги нима дейди?

Би-би-си ушбу хабар берилганидан бери ИИВ матбуот хизматидан ушланганлар ҳақида тўлиқроқ маълумот беришни сўраб келади.

Бироқ ушбу маълумотлар сир сақланмоқда. ИИВнинг Би-би-сига маълум қилишича ушланганлар иши билан ДХХ шуғулланяпти.

ИИВдаги Би-би-си манбаси ДХХда ҳамон матбуот хизмати котиби тайинланмагани ва ҳатто уларда ҳам боғланиш учун рақамлар йўқлигини билдирди.

Ўзбекистонда оддий одамларни ваҳимага солиб ушланаётган "Жиҳодчилар" оқими қандай ташкилот? Улар ростдан ҳам мавжудми?

"Жиҳодчилар" оқими Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон расмийлари ушбу ташкилот хориждан туриб бошқарилишини айтаётган бўлса-да, хориждаги бирорта ҳам гуруҳ "Жиҳодчилар" оқимига тегишли эканлигини даъво қилиб чиққани йўқ.

Ўзбекистон расмийлари ушбу ташкилотнинг раҳбари деб Швецияда яшайдиган таниқли уламо Обид қори Назаровни эълон қилишган.

Олдинроқ Ўзбекистондаги расмий идоралар Обидхон қори Назаровнинг яқинларини у ортиқ қидирувдан олиб ташлангани, Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигига ишонтиришга ҳаракат қилишган.

Расмийлар ҳатто ўғлини кўндириб келиш учун унинг отаси Собитхон Назаровга 20 йилдан берилмай келаётган ОВИР визасини тўғрилаб берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Собитхон Назаров ўғли Обитхон қори билан Швецияда учрашди

Обидхон қори Назаров ва унинг яқинлари Ўзбекистондан расмий баёнот беришларини сўрашган. Бироқ ваъдаларга қарамасдан ушбу баёнот берилмаган.

Обидхон Қори Ўзбекистонга қайтмагач эса 2019 йилнинг июнь ойида уни "Жиҳодчилар" оқими раҳбари дея қидирувга беришди. Назаровнинг қидирувга берилганлиги ҳақидаги эълон аэропортга қўйилди.

Назаровнинг ўғли Довудхон Назаров отаси "Жиҳодчилар" оқимига раҳбари эмаслигини ва бу Ўзбекистон расмийларининг навбатдаги туҳмати эканлигини айтади.

"Дадам Обидхон қори Назаров ҳаётлари давомида диний экстремистик оқим аъзоси ёки раҳбари бўлган эмаслар. Бундай айбловлар афсуски узоқ йиллардан бери у кишига нисбатан қарши ишлатилиб келинади. Лекин бу ҳеч қандай асосга эга нарса эмас. Буни Ўзбекистон ҳукумати шунча йиллардан бери асослаб бера олган эмас. Чунки бу ёлғон айблов эканлиги шубҳасиз", дейди Довудхон Назаров.

Яна Ўзбекистондаги расмий хабарларда "Жиҳодчилар" оқимининг етакчиларидан, деб Қирғизистонлик Абдуллоҳ қорини айтишади.

Интернетда маърузалари оммалашиб кетган Абдуллоҳ қорининг асли исми Абдуғани эканлиги ва Ўзбекистон билан чегарадош Ўш шаҳри аэропорти яқинидаги масжидда имомлик қилгани айтилади.

Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларида номи қора қилингач Абдуллоҳ қори имомлик қилишни бас қилган.

Қирғизистонлик имом журналистлар билан гаплашишни истамайди, бироқ унинг яқинлари Ўзбекистон томонидан қўйилаётган айбларни "сафсата" дейишган.

Мажбуран "Жиҳодчилар" бўлган 18 ўзбекистонлик

Би-би-си Ўзбекистонда "Жиҳодчилар" гуруҳига аъзоликда айбланган 18 кишининг ҳикоясини кенг ёритганди.

Россияда ишлаб қайтиб, янги уйланган навоийлик Фаррух Арзиев 2015 йилнинг ноябр ойида майда безорилик учун 10 суткага қамалади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ok.ru
Image caption Фаррух Арзиев қийноқлар остида акаси дохил 18 кишига туҳмат қилишга мажбур бўлган

Яқинларининг айтишича, бу вақт ичида у қамоқда аёвсиз қийноқларга тутилади.

Фаррухнинг жинсий аъзосига сув тўлдирилган баклашга осиб қийнашади.

Электрошокер ёрдамида қийноққа тутилган Фаррухни акаси дохил ўзи Россияда танийдиган 18 кишига қарши туҳмат қилишга мажбурлашади.

Бир йилдан сўнг Россиядан қайтган акаси ва Фаррух танийдиган бошқа мигрантлар "Жиҳодчилар" оқимига айбдорликда ҳибсга олинаверади.

Энди Россиядан қайтганлар тўхтовсиз қийноққа тутилади.

Ва улардан Россияда Сурияга кетиш учун тайёргарликдан ўтишгани ҳамда "Жиҳодчилар" оқимига аъзо эканлиги тўғрисида кўрсатма беришни талаб қилишади.

Онаси Инобат Арзиеванинг айтишича, таёқлар зарбидан ўғли Ҳасан Арзиев ўзи мустақил юролмайдиган ҳолатга келиб қолади.

Шикоятлардан сўнг 2018 йилнинг декабрида уй қамоғига ўтказилган Азамат Ғайбуллаевнинг айтишича, уларни 37 кун тинимсиз уришган.

"Ҳасанннинг бошлари ғурра бўлиб кетган эди. Бошида дубинка излари аниқ кўриниб турарди. Фақат мен ва Ҳасан қийноқларга чидаб айбни бўйнимизга олмадик. Қолганлар чидай олишмади", дейди у.

Яқинларига кўра, Россияда ишлаб юрган бу йигитлар ҳатто намозхон бўлмаган ва диний маърузалардан йироқ бўлишган.

"Жиҳодчилар"

Тошкентдан инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов Ўзбекистонда "Жиҳодчилар" номли оқим ҳақида эшитмаганини айтади.

"Мен бунақа оқим тўғрисида эшитмаганман. Аммо битта нарсани аниқ биламанки, ДХХ, айниқса ўша ходимлари жудаям айблашга уста. Исталган одамни мана шунақа қилиб қўяди-да, текшираман, десангиз на адвокатни қўяди, на судлари очиқ бўлади", дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, ДХХ ходимлари ўзларини ишлатаётгандек қилиб кўрсатиши учун ҳам бу каби ишларга қўл уради.

"Булар ўша нарсани қилса, булар ишлаяпмиз, деб хизмат қилаётганини кўрсатиши керак. Негаки погонида юлдузи кўпаяди, мансаби юқорилайди, моддий мукофотлар олиш деган нарса бор уларда. Мана шунинг орқасида юришибди-да булар. Уларнинг сони кўп бўлса, раҳбари ҳа нима қиляпсизлар деса, тўқима нарсаларни ўйлаб топаверади. Аслида улар қилаётган ишнинг ўзи жиноят", дейди Сурат Икромов.

Сурат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда қийноқлар билан айб қўйиш учун жавобгарлик белгиланди. Лекин бу ишлар давом этяпти, дейди у.

Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб келгач ўтган 25 йил давомида диндорларга нисбатан ноҳақ муносабатда бўлинганини таъкидлади.

20 мингдан ошиқ диндор Қора рўйхатдан чиқарилди. Диний айблар билан айбланиб муддати тугаса ҳам қамоқдан чиқарилмай келаётган шахслар қамоқдан чиқарилди.

Бироқ ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, ДХХда тузилмасида ислоҳотлар олиб борилмагани ва қийноқ қўллаган орган ходимларининг ҳамон ишлаётгани шубҳали ҳибсларнинг давом этишига сабаб бўлмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek