Ўзбекистон: янги бож сиёсати бойни янада бой, камбағални қашшоқ қиладими? - O'zbekiston

Ўзбекистон парламенти олдида норозилик амалиётига йиғилган юк ташувчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Ўзбекистон Божхона қўмитаси 2020 йил 1 январидан жорий этилган жисмоний шахслар ўз эҳтиёжи учун олиб кирадиган товарларга тааллуқли сиёсатини ҳимоя қилмоқда. Аммо қатор саволлар жавобсиз қолаётгани туфайли, мақсад ҳар қандай йўл билан бюджетни тўлдириш, деган хулоса келиб чиқмоқда.

2019 йил 7 ноябрида Президент қарори қабул қилинди.

Қарор "Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиëжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги президент қарорининг муддаоси "божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш" тўғрисида деб номланади.

Бу қарор лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида муҳокамага қўйилган, аммо бунга кўпчиликнинг муносабати салбий бўлди.

Қарор кучга кириши билан Ўзбекистонга четдан товар олиб кириш янада қийинлашди.

Божхона қўмитасига кўра, энди жисмоний шахслар ўз эҳтиёжи учун олиб кирадиган товар учун бож тўлови соддалаштирилди.

Аввал ҳам бож, ҳам қўшимча қиймат солиғи ва акциз солиғи тўлаган ўзбекистонлик энди фақат ягона божхона тўлови тўлайди, дейди Божхона қўмитаси.

Божхона постидан ўтадиган бир инсонга сарфланадиган вақт қисқарди, дейишади Ўзбек божгирлари.

Хўш, унда нега 1 январгача тўлаб келинган тўлов миқдори ҳаддан зиёд кўтарилиб кетди?

Ушбу қарордан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаати ҳимояси кўзланган бўлса, нега Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган музлатгич ёки кир ювиш машинаси Ўзбекистоннинг ўзида қиммат, айни шу маҳсулот қўшни Қозоғистонда арзонроқ?

Нега Ўзбекистондаги маҳаллий ишлаб чиқарувчи маҳсулотининг сифатини кўтариш ва нархини пасайтириш йўлларини излаш ўрнига ҳукумат қарори билан ўзини рақобатчидан муҳофазалашга ҳаракат қилади?

Сўнгги кунларда Давлат Божхона қўмитаси номидан тарқатилаётган баёнотларда ушбу саволларга жавоб берилгани йўқ.

Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради - 11 январ

Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради - 14 январ

Ўзбекистондаги Sof.uz веб-нашри Божхона қўмитаси Ахборот хизмати Бош инспектори Ҳусан Тангриевнинг сўнгги ўзгаришлар ҳимоясига бағишланган мулоҳазаларини эълон қилди.

Божхоначи мантиғига кўра, Ўзбекистонга ташқаридан олиб кирилаётган ишдан чиққан техника ва эски кийим-кечаклар мамлакат ичига касалликлар ва инфекцияларни олиб кирмоқда.

Аммо Россияда меҳнат қилиб уйига пул ва товарлар юбориб турган аксар ўзбекистонликларнинг фикрича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қиммат ва сифати кўнгилдагидек эмас.

Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий сиёсатини кузатиб келаётганлар мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш сиёсати бир марта синовдан ўтказилганини ва бундай сиёсат яхшиликка олиб келмаганини яхши билишади.

"Импорт ўрнини қоплаш сиёсатининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатни жаҳон иқтисодиётидан ихоталайди( демакки, халқаро меҳнат тақисмотидаги иштирокдан фойда кўриш имкониятини ўлдиради), рақобатни ўлдиради( бунинг оқибати ўлароқ, иқтисодий ривожланиш рағбатини йўқ қилади), иқтисодиётнинг янада бюрократлашиши ва мансабдорларнинг ўз билганини қилиш(демакки, бозор механизмларини барбод этиш, самарасиз иқтисод ва коррупцияга)га олиб келади. Жисмоний шахслар мамлакатга олиб кирадиган товарларга чекловлар марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви йиларида ҳам киритилганди. Биз яна ўша сиёсатни қайта тиклаяпмиз", дейди тошкентлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/igortsoy
Image caption Игор Цой

Би-би-си Ўзбекистонда божхона сиёсатидаги янги ўзгаришларни шарҳлашни тошкентлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Игор Цойдан сўради.

Игор Цой: Ўтган йил бошигача(2019 йил январигача) ташқи савдо эркинлаштирилган, оддий одамларнинг товарларни эмин-эркин олиб киришлари учун шароит яратилган эди. Кейин эса йил давомида бу меъёрлар тобора қаттиқлаштириб борилди. Бошида товар қиймати бўйича пошлина киритилди, ундан кейин Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар сонига чеклов жорий этилди. Мисол учун, маиший техника товарларини олсак, ҳар ярим йилда бир кишига битта маиший техникани ўз шахсий эҳтиёжи учун олиб киришига рухсат берилди. Сони бундан кўпайиб кетса, уларга бож қўлланадиган бўлди. Табиийки, бу ерда ана шу турдаги товарлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг лоббизми кўзга ташланди. Нега бундай бўлди? Чунки, мисол учун, қўшни Қозоғистонда бизнинг ишлаб чиқарувчиларимизнинг товарлари Ўзбекистондагига нисбатан тахминан 20 фоиз арзон. Ҳеч кимга сир эмас, бизнинг юртдошларимиз у қадар бой эмаслар. Оддий одамлар ўзимиздаги қиммат товарни сотиб олгандан кўра, чегарадан ўтиш ва мисол учун Чимкентдан сотиб олиб кирган арзонроққа тушади, деб билишади ва шундай қилишмоқда ҳам. Ватандошларимизнинг турмуш даражаси товар қийматининг 20 фоизидан воз кечишга имкон берадиган даражада баланд эмас. Табиийки, бунинг оқибатида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг товарларига бўлган талаб ички бозорда пасайиб кетди. Кейин мансабдорлардан кимдир четдан олиб келинадиган товарларга, жумладан, шахсий эҳтиёж учун олиб келинадиганларига ҳам чеклов киритиш керак, деган таклиф киритди. Бу дегани - биз яна автократия иқтисодиётига қайтаяпмиз, дегани. Бу ёпиқ иқтисодиёт дегани. Яъни, биз ўзимиз бозоримизни ташқи бозорлар учун ёпмоқдамиз. Бу тўғри қадам эмас, деб ҳисоблайман. Биз ҳозир чегараларни очиш, ташқи савдони либераллаштириш, ЕврАзЭС каби иқтисодий иттифоқ ёки Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи эканлигимиз ҳақида гапираяпмиз. Ташлаётган қадамимиз эса айтаётган гапларимизга зид қадамлардир. Аксинча, биз дунёга очилаётганимизни, чегараларимизни, бозорларимизни очаётганимизни кўрсатишимиз керак. Ўзбекистонимиз фуқароси, харидори олдида танлов бўлиши керак: хоҳласа, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, хоҳласа, хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиб олсин. Бозорнинг бор моҳияти ҳам шу - эркин танлов бўлишидир.

Би-би-си: 14 январ куни Ўзбекистон Божхона қўмитаси баёнот тарқатди. Бу баёнотда 2020 йил 1 январидан жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадида олиб кираётган товарлари учун божхона тўлови соддалаштирилгани айтилади. Яъни, олдин ҳам божхона божи, ҳам қўшилган қиймат солиғи ва ҳам акциз солиғи тўланарди, энди божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин меъёрдан ортган ҳар бир килограмм учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови тўланади, дейди Божхона қўмитаси. Аслида ягона божхона тўлови Ўзбекистонда 2020 йил 1 январигача жисмоний шахслардан ундирилган тўловдан пастроқ, Ўзбекистон жисмоний шахслар олиб кираётган товарнинг ҳар килограмми учун Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ёки Арманистондагига қараганда камроқ тўлов олаяпти, дейилади қўмитанинг 9 январда эълон қилган баёнотида. Бож тўлови соддалаштирилиб, қиймати пасайтирилган бўлса, нега 1 январгача худди шу товарларни олиб кириб юрганлар тўлов ҳаддан зиёд қимматлашиб кетганидан шикоят қилишаяпти?

Игор Цой: Биласизми, чиновниклар ҳар қандай ҳолат учун изоҳ топиб бероладилар ва ўзларининг ҳар қандай қарорини асослаб беришлари мумкин. Ушбу ҳолатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан божхоначиларнинг манфаати бир жойдан чиққани шундоқ ҳам кўриниб турибди. Божхона қўмитасидан нимани талаб қилишаяпти? Бюджетни тўлдиришни. Ҳозирга келиб Ўзбекистонда бюджетни тўлдириш катта муаммога айланди. Шунинг учун солиқчилар ва божгирлар имкони борича бюджетга кўп пул тушсин деб ҳар кимни силкиб ётишипти. Бюджетга яна қўшимча тушумлар манбасини топиш учун ҳам жисмоний шахслар олиб кирадиган товарлар учун бож тўловларига ўхшаган чоралар кўрилмоқда. Бундай чоралар бюджетни оддий одамлар ҳисобига тўлдириш мақсадини кўзлайди. Айни шу вақтнинг ўзида бутун бошли корхоналар ва бутун бошли соҳаларга имтиёзлар бериляпти. Бу корхона ва соҳаларга эҳтиёт қисмларини арзон баҳода олиб кириш имтиёзи берилаяпти, улар қўшимча қиймат солиғидан озод қилинаяпти ва ҳоказолар. Бунинг оқибатида жамиятда тенгсизлик вазияти, бозорга зид муносабат юзага келаяпти. Айрим бозор субъектлари имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга, бошқа субъектлар эса бундай имтиёзлардан маҳрум. Бу - тўғри муносабат эмас. Агар биз бозор муносабатларини ривожлантиришни истаётган эканмиз, бир борадиган йўналишимизни аниқ қилиб олишимиз керак: Ёки биз бозорни барча ташқи савдо иштирокчилари учун эркинлаштиришимиз керак, ёки "биз бозорларимизни очолмаймиз, бизга яна озроқ вақт керак" деб дангал айтишимиз лозим.

Би-би-си: Ўтган йил 23 октябрида Божхона қўмитаси президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди ва regulation.gov.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Лойиҳа муҳокамасида кўпчилик бундай қарорга қарши экани ҳақида ёзиб салбий муносабат билдирганини кўриш мумкин. Шундай бўлса ҳам бу қарор президент имзосига тақдим қилинди. Нега жамоатчилик норози эканини билиб туриб ҳам бу қарор қабул қилинишига эришдилар, деб ўйлайсиз?

Игор Цой: Бу ҳокимият билан халқ, давлат билан одамлар ўртасида мулоқотнинг йўқлиги натижаси, деб ўйлайман. Давлат халқ айтаётганларини тинглашни истамаяпти. Бундан, давлат ўзининг қандайдир мақсадига эришишни хоҳлаяпти, аммо бу мақсадга эришиш йўлида халқ фикри билан ҳисоблашишни истамаяпти, деган хулоса келиб чиқади. Муҳокамага олиб чиқилганидан кейин билдирилган фикр-мулоҳазалар лойиҳа ичига ёки қарор ичига киритилишидан манфаатдор эмасликларини кўрсатади. Халқ билан ҳокимият ўртасида бир томонлама алоқа эмас, ҳақиқий мулоқот, диалог бўлмас экан, қабул қилинган қарор оддий одамнинг манфаатига эмас, зарарига ишлашининг гувоҳи бўлаверамиз. Бундай қарорлар оддий инсонлар турмуш даражасининг пасайишига хизмат қилаверади. Менинг фикримча, бундай ёндашув тўғри ёндашув эмас, тўғри сиёсат эмас. Ҳозир биз ўтиш давридамиз. Бу илк капитални тўплаш имконини берадиган ҳақиқий бозор муносабатларига ўтиш даври ҳисобланади. Бу 1990 йиллар бошида кузатилган "ёввойи капитализм" замонига ўхшайди. Бундай замонда тадбиркорлар, соҳалар раҳбарлари максимал фойдани қўлга киритиш мақсадида ўз манфаатларини лобби қилиб илгари сурадилар. Давлат эса оддий халқ манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича социал мажбуриятларини босқичма-босқич ўз зиммасидан соқит қилиб бораверади. Ҳозир халқ турмуши даражаси яхшилангани ҳақида баёнотлар берилаяпти. Аслида эса халқнинг бир қисмининг бойлиги кўпайиши жараёни кетаяпти. Халқнинг аксар қисми кунини зўрға кўраяпти. Бу нарсани халқаро ташкилотларнинг ҳисоботлари ҳам кўрсатиб турибди. Мисол учун, ЮНИСЕФ ҳисоботларига кўра, халқимизнинг 74 фоизи қашшоқлик даражасидан паст шароитда яшамоқда. Яъни, бугун мамлакатимизда халқ табақаланиши кучаймоқда. Жамиятда бой қатлам билан аҳолининг аксарини ташкил этадиган қашшоқ қатлам ўртасидаги жарлик тобора каттариб бораяпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ