Ўзбекистон: Эски буюмларга янги божми? - O'zbekiston

Ўзбек Қозоқ чегарасида йиғилган навбат Фото муаллифлик ҳуқуқи Ozodlik.org

Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан кучга кирган «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиëжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори Россия ва Ўзбекистон аро юк ташиш билан тирикчилик қилувчи минглаб ҳайдовчиларни танг аҳволда қолдирди.

Юк ташиш ортидан тирикчилик қилувчи минглаб муҳожирлар ишсиз, ҳайдовчилар чегара атрофида узун-қатор навбатларда, мигрантларнинг юклари манзилига етиб бормай, йўлларда қолиб кетган, янги қарор ижроси оқибатида сарсон ўзбекистонликлар норозилик билдиришмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати ҳозир чегарада бўлган Россиядан Ўзбекистонга юк ташиш билан шуғулланадиган Жўрабек исмли бухоролик ҳайдовчи билан юзага келган муаммоли вазият ҳақида суҳбатлашди.

- "Қозоғистонга кирадиган жойдаги чегарада январни бошида келган машиналар ҳалигача юки билан турибди. Юкларини ўтказиша олмаяпти, - дейди юк ташувчи. - Чунки ўзлари бу ерда харажатларимизни қоплайди, деб килограммига 80-100 рублдан йиғиб боришган. Чегарада килограммига 3 доллардан, деб айтиб турибди. Ҳайдовчилар орасида ортга қайтиб юкларни Москвага келтириб, эгаларига тарқатишаётганлари ҳам бор. Чунки улар юкни арзонга олган, улар йўл харажатига куйса ҳам, шунча маҳсулотни чегарадан катта пулга ўтказишдан кўра ортга қайтишдан бошқа йўллари йўқ. Баъзилар ҳалиям нима қилишни билмай чойхоналарда туришибди".

Россиядаги муҳожирлар Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни одатда сифати ва арзонлиги учун олиб, оилаларига юк ташувчилар орқали бериб юборишади.

"Олдинлари бож тўлови 3 миллион сўмдан 12 млн сўмгача бўлиб турган эди. Ҳозир шуларнинг ҳаммаси кўтарилган", - дейди Жўрабек.

"Юк ташувчиларга қийин бўлди, шуни орқасидан кун кўрадиганлар ҳозир кўпи уйда ишсиз ётибди. Фақат юк ташувчилармас, муҳожирларга ҳам қийин. Масалан, айрим нарсаларга арзимайди-да. Килограммига 300 рубл бериб жўнатишдан кўра, Ўзбекистондан сотиб олса бўладию қиммат ва сифати яхшимасини".

Аммо меҳнат муҳожирлари ҳамма вақт ҳам оиласига юборадиган маҳсулотларни бозор ёки дўкондан сотиб олишмайди, улар орасида арзон ва текин моллар ҳам бор. Уларни уйга ҳайдовчилар орқали юбориш муҳожирлар учун ҳар томонлама қулай эди.

- "Бу ердан асосан, юк юборадиган кишиларнинг аксари 1-2 йилдан бери Москвада, Россиянинг турли ҳудудларида яшаб ишловчилар. Кимдир болаларига шоколад жўнатади, кимдир ота-онасига маиший техника, кимдир оддий идиш-товоқ бўлсаям, бу ердан олиб жўнатгиси келади. Кўпроқ фаррошлар ишга яроқли техникаларни топиб олиб юборишга ҳаракат қиларди", - дейди ҳайдовчи Жўрабек.

Юк ташувчига кўра, энди эса бу уларга қимматлик қилмоқда.

- Олдин "расстаможка"си билан бирга 5000-6000 рублга кир ювиш машинасини олардик. Вазни 30-40 кг чиқарди. Энди килограмига ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг. Масалан, килограмми 200 рубл чиқса, бизга 250 рублга мeъёрий нарх эди, чунки чегарада ҳам Россия ҳудудидан чиқиб кетишда машинани тўлиқ бўшатамиз, Қозоғистон божхонаси тўлиқ текширади, Ўзбекистон эса битта-битта лентадан ўтказади. Бизда асосан юк машинаси, йўловчи олмаймиз. Бу ерда энди ҳайдовчи, ҳайдовчи ёрдамчиси ўша ишни қилади. Булар ҳам 10-20 рублга ишламайди. 50-100 рубл олмаса, ўзига қолмайди. Мана, ҳозир қишни кунида ҳавони совуқлигини ҳисобга олсангиз, ёзни кунида иссиқ, - шароитини тушунтиради юк ташувчи йигит.

Москвадаги муҳожирлар юкларининг Ўзбекистонга, уйларигача етказиб берилиши учун килограмига ўртача 150 рублдан тўлашган. Янги йилдан сўнг бу нарх бирданига икки баробарга ошган. Шу боис, юк ташувчиларга мурожаат қилувчилар сони кескин камайиб кетган.

- Ҳозир одамлар 200 рублдан ҳам юк бергиси келмайди, чунки уларга ҳам манфаатли эмас. Кўпчилик 200-300 рублдан юк юборгандан кўра, йиғиб қўйган нарсаларини ахлатга чиқариб ташлагани яхши. Мана, масалан дейлик 2-3 йилдан бери Москвада яшайсиз: шу ердан кийинасиз, қишки ва ёзги кийимлар, фарзандларингиз катта бўлиб келаяпти, кийимлари кичик бўлиб қолади. Қайсидирларини кўзингиз қиймайди ташлашга, жияним кийсин ёки укам кийсин, деб уларга юборишга ҳаракат қиласиз. Ўша кийим-кечаклар ҳам 20-30 кг бўлиб кетади. Бу томондан юбораман десангиз, 300 рублдан тўлаш оғирлик қилади сизга. Қариндошингизга ҳам "мен сенга боламни кийган кийимларини юк қилиб юбораман, фалон пул берсанг элтиб беришади" дейиш ҳам ноқулай. Ҳар томонлама, оддий ишчи учун манфаатсиз. Яна дўкондан ҳар хил янги кийим олиб бормоқчи бўлсангиз, уларга бошқа божхона тўлови, уларга 3 доллардан тўланмайди, янги маҳсулот ҳисобланади, - дейди юк ташувчи.

Ҳайдовчига кўра, унинг Ўзбекистондан Россияга қайтишида юклар йўқлиги учун фойдали эмас, бунинг устига йўл харажатларидан ташқариҳхужжатлар масаласида қўшимча харажатлари бор.

- Қозоғистондан ўтгач, Россияда суғурта полиси ол, дейди. Техникага солярка ёқиб келамиз, жами 400 доллар минусга. Шу пулларни яна қайтишда юклар билан бирга қоплаш керак. Ҳаммасига нархи таъсир қилади-да буни. Кимдир 250 ёки 300 рубл қиммат қилиб қўйди, деб ўйлаши мумкин, - куйинади ҳайдовчи.

Юк ташувчига кўра, божхона нархларини ўзгартиришдан кўра, аввал Ўзбекистонда ички бозорни тартибга келтириш керак.

"Божхона нархини ўзгарганидан ҳаммамиз норозимиз. Ҳозир ҳамма жойдан битта-битта вакил бўлиб бориб чиқиб норозилик билдиришаяпти. Агар Ўзбекистонда нарсалар оддий аҳоли ололадиган арзон ва сифатли бўлса, кейин божхона нархини 10-20 доллар қилса майлийди, Ўзбекистондан олаверардик. Ҳозир нархларни қаранг! - ҳасрат қилди ҳайдовчи Жўрабек.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ