Ўзбекистон: Ҳукумат иқтисодий муаммоларни Евросиё иттифоқига кириб ҳал қилиш умидидами? - O'zbekiston

Мирзиёев ва ҳукумати Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Россия Ташқи ишлар вазири лавозимини бажарувчи Сергей Лавровнинг Тошкентга икки кунлик сафари бошланди.

Тошкент учрашувларида Евросиё Иқтисодий иттифоқи масаласи у ёки бу маънода кўтарилиши аниқ.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилса, мустақилликни қўлдан бой беради, деган хавотирларни рад этган эди.

26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейга ташрифи чоғида гапирган Ўзбекистон раҳбари жиловни қўлдан бериб қўймаслик ҳақида айтган.

Президент иттифоққа қўшилиш масаласи халқ билан маслаҳатлашган ҳолатда қилинишини билдирганди.

"Ниятимиз шундайки, иложи борича мана катта катта интеграцияларга қўшилмоқчимиз. Ҳамма ҳар хил айтади. Мустақилликни бериб қўймаймиз. Ҳеч ким ҳеч қачон мустақилликни энди ўзбек миллати ким бўлишидан қатъий назар энди бермайди. Уни энди неча асрлар боболаримиз бошлаб берган кураш ҳозир ҳам давом этади. Лекин жилов ўзимизнинг қўлимизда. Биз бозор иқтисодиёти манфаати нуқтаи назаридан қайси йўл тўғрилигини ҳисоб-китоб қилишимиз керак. Ҳар куни бизнинг энг катта ҳатти-ҳаракатимиз энг мақбул, энг тўғри иқтисод манфаат йўлига кирамиз. Ким билан боришимизни халқимизнинг ўзи, депутатларимиз билан маслаҳат қилиб, депутат дегани халқимизнинг овози, кўзи, дарди. Халқимиз билан маслаҳатшиб қиламиз. Йўлимизнинг тўғрилигигаа ишонсак қиламиз", деганди Шавкат Мирзиёев.

Лондонда яшайдиган сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига кириши қисқа муддатли истиқболда фойда келтирса ҳам узоқ муддатли истиқболда зарари кўпроқ бўлишини айтади. Таҳлилчининг айтишича, иқтисодий жиҳатдан муваффақиятсизликка учраган ҳукумат ўз муаммоларини Евросиё иттифоқига қўшилиб ҳал қилмоқчи.

Илҳомовнинг таъкидлашича, бу каби қарорлар кенг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасига қўйилганидан сўнг қабул қилиниши керак.

Аммо Ўзбекистонда бундай жиддий қарорлар ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилинмоқда.

Ўзбекистонда давлат идораларида ишлаган ва айни дамда Қозоғистонда яшаётган иқтисодчи Сапарбай Жубаев Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши кўп жиҳатдан манфаатли бўлишини айтди.

Сапарбай Жубаев, иқтисодчи:

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Сапарбай Жубаев

"Ўзбекистоннинг Евросиё иттифоқига қўшилиш масаласида уч хил фикр айтмоқчиман.

Биринчидан, ҳар бир давлат ўзининг қўшни давлатлари билан бирлашиб, яъни интеграция қилиб, савдо-сотиқ масалаларини бошқа масалаларни биргаликда ҳал қилиши яхши бўлади.

Бу иқтисодга ёрдам беради. Жаҳонда бунақа мисоллар жуда кўп. Шунинг учун Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига жаҳондаги процесс бўйича қўшилса бу ижобий натижа беради.

Иккинчи масала, Ўзбекистонда бугунги кунда муҳожирларнинг Россия ва Қозоғистонда ишлашига яхши имкониятлар яратилган бўларди. Чунки Евросиё иттифоқи ичида одамларнинг бир-бирига бориб ишлаш масаласида жуда кенг имкониятлар яратилган. Уларнинг ойликлари, пенсияси ва бошқа масалаларда ишлаш рухсатномалари жуда енгиллаштирилган.

Учинчиси, Ўзбекистонга инвестиция келишига имконият яратилади. Чунки ҳозирги кунда Ўзбекистон Евросиё иттифоқидан алоҳида турган вақтда кўп чет эллик инвесторлар Ўзбекистонга келганида ундирилган маҳсулотларни қаерга сотамиз, бозор қанақа, деб савол беради. Улар учун шунақа интеграцияга киришган давлатларда, масалан, Қозоғистонда 18,5 миллион аҳоли бўлса, лекин Евросиё Иттифоқининг бозори 200 миллион аҳолига яқин. Шунинг учун Қозоғистонга келадиган инвестиция келади-да, лекин унинг бозори кенг бўлгани учун жуда кўп инвестициялар келиб... ўзларининг самарадор ишлашига имконият яратади.

Шунинг учун ўйлашимча, Ўзбекистонга инвестиция келиб, кўп иш жойларини очиб, завод фабрикаларни қуриш масаласи, шу масалага таянишни талаб қилади. Албатта, бошқа ҳам кўп муаммолари бор. Масалан, бугунги кунда Ўзбекистонда электр энергияси, газ ва бошқа муаммолар бор. Уларни Евросиё иттифоқига кирадиган бўлса, шу масалаларни Қозоғистон ёрдамида ё бўлмаса Қирғизистон, газ масаласини Россия ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Шунинг учун мен Евросиё иқтисодий иттифоқига Ўзбекистоннинг тезроқ киришини ижобий деб ҳисоблаган бўлардим".

Алишер Илҳомов, сиёсий таҳлилчи:

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Алишер Илҳомов

"Ўзбекистоннинг Евроосия иттифоқига қўшилиш қарори у Ўзбекистонга қанчалик фойдали бўлиши мумкин, деган саволни яна ўртага чиқаради. Бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин. Мен ушбу оқибатларни яқин ва узоқ муддатли, деб бўлган бўлардим.

Қисқа муддатда келадиган фойдага патент пулини тўлашни бас қиладиган муҳожирларини киритиш мумкин. Айни вақтда у ойига 70-80 долларни ташкил қилмоқда. Бу пулларни ўзбек мигрантлари тўламаслиги мумкин ва уларнинг яшаш тарзи бироз яхшиланади.

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари меҳнат бозорига ҳар йили 600-700 минг ёш кириб келаётгани ва уларга мамлакатда иш топилмаслиги ҳақида нолиб гапирди.

Унинг ҳисоблашича, мамлакатнинг Евросиё иттифоқига қўшилиши бу одамларни Ўзбекистонда эмас, балки Россияда иш билан таъминлашга ёрдам беради.

Ушбу иқрор Ўзбекистон ишсизлик муаммосини ўзи ҳал қила олмаслигини ва иқтисодий сиёсатдаги муваффақиятсизликни билдиради.

Мирзиёев ҳукумати иқтисодий ўсишни таъминлай олмади ва мамлакатга чет эл сармоясини жалб қилолмади. Бу ишчи ўринларининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин эди. Ҳукумат осон йўлни — иттифоққа қўшилиб, Ўзбекистондаги ортиқча ишчи кучини иш билан Россия таъминлашини танлади.

Қисқа муддатда қандайдир фойда келтирса ҳам, узоқ муддатли истиқболда бошқа давлатлардан сармоя оқиб келади, деб ўйламайман.

Мен Россия давлатидан қандайдир сезиларли сармоя келади, деб ўйламайман. Улар иқтисодий фойда кўрадиган бўлса пул ётқизиши мумкин. Бу иқтисоднинг табиий бойликлар соҳаси бўлади. Ғарб ва Осиёнинг бошқа давлатлари учун қўшимча тўсиқлар пайдо бўлиши мумкин.

Россия ва Евросиё иттифоқининг бошқа давлатлари билан савдо қилишда Ўзбекистон учун тўловлар туширилади. Лекин Ўзбекистон Хитой, Ҳиндистон, Осиё давлатлари ва Ғарб давлатлари каби бошқалар учун савдода чекловлар жорий қилишга тўғри келади.

Ўзбекистон билан савдо қилишни истаган бу ҳамкорлар тенг бўлмаган шароитга тушиб қолади. Бундай пайтда Ўзбекистон Ғарб ва Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилиш ёки Евросиё аъзолари билан савдо қилиш танлови олдида қолади.

Узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон аввало Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидан бормаганлиги учун Ғарб ва Осиё давлатларидан сармоя келишини кутиб бўлмайди.

Яқинда бу борада Америка ҳукумати томонидан салбий баҳо берилди. Афтидан бу салбий баҳо сақланиб қолинади ва унинг манзарасида Ғарб ҳамда Осиё давлатларидан йирик сармоя келишини кутиб бўлмайди.

Россия Федерациясининг сиёсий таъсири кучаяди. Бунинг ортида Марказий Осиё давлатларини, жумладан Ўзбекистонинг ташқи сиёсатини назорат остида ушлаб туришга қаратилган Россиянинг узоқ муддатли сиёсий манфаатлари туради.

Бу дегани Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари Россия ҳамда Ғарбнинг янада кескинроқ қарама-қаршилиги таъсири остида бўлади.

Ўзбекистон санкция остидаги компаниялар билан алоқа қилишдан қочишга ҳаракат қилиши керак. Чунки Ўзбекистон уларнинг ортидан Ғарб санкциялари объектига айланиб қолиши мумкин. Бу масалалар экспертлар ҳамжамияти ва жамиятда фойда ва зиёнларини кўриб чиқиб, кенг муҳокама қилиниши керак эди. Ана шундан сўнг ҳукумат қарор қабул қилиши лозим эди".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ