Ўзбекистон, Жиззах: Бир оила газдан ўлди, ҳамма хавотирга тушган - O'zbekiston

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption "Ҳамма хавотирда, яхшироқ эҳтиёт чораларини кўряпмиз энди..."

9 январь куни Соғликни сақлаш вазирлиги Жиззахда юз берган фожиа ҳақида хабар берди. Хабарда ёзилишича, газдан заҳарланиш оқибатида бутун бошли бир оила аъзолари оламдан кўз юмган. Би-би-си мухбири Аваз Тоҳиров бу ҳолат юз берган Қоронғул қишлоғига бориб, одамларни суҳбатга тортди.

Вазирлик хабарида қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин:

"Бугун соат 14:04 атрофида Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига тумандаги Кўкгумбаз МФЙ қарашли Қоронғул қишлоғида яшовчи, 1987 йилда туғилган Д.Ш. хонадонига чақириқ қайд этилган.

Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига зудлик билан етиб борганида оила аъзолари, хонадон соҳиби Д.Ш ва унинг турмуш ўртоғи, 1987 йилда туғилган Н.Ш, 6 ёшли ўғли А.Й. ҳамда3 ёшли қизи О. Й.да биологик ўлим аниқланган".

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Ҳар йили қиш мавсуми бошланиши билан Ўзбекистонда одамларнинг газ ёки ис газидан ҳалок бўлгани борасида ўнлаб хабарлар чиқади.

Аммо омма ҳеч қачон қурбонларнинг қандай инсон бўлгани, ҳатто, исмини ҳам билмайди. Шунчаки бундай ҳолатлар тўғрисидаги хабарларни ўқийди, холос.

Ўзбекистон: Ис газидан нобуд бўлаётган аҳолини ким қутқаради?

Ўзбекистон,қишки мавсум: Одамларга мустақилликдан иссиқлик, ёруғлик муҳим бўлдими деб қўрқиб қетаман

Ўзбекистон: Иқтисодий муаммоларни Евросиё иттифоқига кириб ҳал қилиш мумкинми?

'Гапиришга ориятимиз йўл қўймайдиʼ

Би-би-си Қоронғул фожиаси мисолида табиий газ қурбонига айланган инсонлар хотирасини одамлар кўз ўнгида гавдалантиришга қарор қилди.

Бироқ мотам давом этаётган хонадонда таъзия билдирувчиларни қабул қилаётган қариндошлар бу мавзуда гапиришни истамадилар.

«Бошимизга тушган кўргиликни кўриб турибсиз. Ҳозир ҳеч нарса ҳақида гапиришни хоҳламаймиз. Бундан ташқари болаларимизнинг ўлимини элга достон қилишга ориятимиз йўл қўймайди. Тўғри тушунасизлар», узр сўрайди марҳум оила бошлиғининг отаси эканини айтган эркак.

Шунга қарамай, Би-би-си бу воқеа қоронғуллик бошқа инсонларга қандай таъсир қилгани, улар совуқ қишда қандай кун кечираётгани ва бошқа турмуш ташвишлари билан танишишга ҳаракат қилди.

'Сув, свет, газимиз бор, Худога шукурʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Би-би-си билан суҳбатлашган қоронғулликлар қиш вақти қишлоқда қийинчиликлар кузатилмаслиги, аҳоли электр, табиий газ ва ичимлик суви билан мунтазам таъминлангани айтадилар.

Уларнинг сўзларига кўра, 300 хонадондан иборат бу қишлоқ аҳолиси, асосан, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланади. Имкони борлар тирикчилик дардида Россияга кетган.

«Баъзилар давлат ишида ишлайди. Қишлоғимиздан ўтган темирйўлда ҳам меҳнат қилишади. Қариялар пенсия билан яшашади», сўзлайди Баҳодир исмли қоронғуллик йигит.

Тоғли ҳудудда жойлашган ва иқлими сезиларли совуқ экани сезилиб турган бу қишлоқда, ҳақиқатан ҳам, одамлар айтгандек, ҳаёт ташвишларсиз бир маромда ўтаётган туйилади.

Қишлоқ бўйлаб тортилган газ қувурлари, электр симлари ва аҳён-аҳёнда учрайдиган ичимлик суви кранлари одамларнинг «яхши ҳаёт» борасидаги гапларида жон борлигидан далолат беради.

Умуман олганда, Қоронғулнинг Ўзбекистондаги бошқа қишлоқлардан ажралиб турадиган жиҳати кўзга ташланмайди. Бироқ баъзи қоронғулликларнинг айтишича, қишлоқда муаммо пайдо бўлган - кечаси газ жуда кўтарилиб кетмоқда.

Ҳаммасига заправкалар сабабчими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Уларнинг тахмин қилишича, бир оиланинг ўлимига ҳам айнан газнинг кўтарилиб пасайиши сабаб бўлган.

"Кечаси газ баланд бўлиб кетяпти. Ўша оила ҳам газни пасайтириб, устига чойнак қўйиб қўйган. Ухлаганда газ кўтарилиб, қайнаган сув горелка устига тушган. Горелканинг уч-тўрт тешигида олов ўчиб қолган. Шу ердан чиққан угар уларнинг димиқиб қолиши учун етарли бўлган", тушунтиради Музаффар исмли ёш йигит.

«Икки ярим суткадан кейин уларнинг мурдасини топишди. Уйга киришса, чойнак қип-қизил чоғ бўлиб ётган экан», давом этади у.

Қишлоқдаги ягона мактабда дарс берадиган Илёс Ўролов ҳам сўнгги икки йилда газ таъминотида муаммолар пайдо бўлганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

У бунинг сабабини қишлоқ яқинида автомобилларга метан газ тўлдирувчи шахобчалар қурилганида эканини тахмин қилади.

"20 йилдан бери газимиз яхши эди. Шу тўртта заправка қурилдию, кундузи газ пасайиб, кечаси жуда кўтарилиб кетяпти. Менимча, ўтган ҳафта содир бўлган фалокатнинг сабаби шунда", сўзлайди у.

Ўролов қишлоқдаги деярли барча хонадонда бу муаммо кузатилаётганини маълум қилади.

«Одамлар ташвишга тушиб қолди. Имкони борлар кечаси газни ўчириб ётяпти, лекин ёш боласи, қарияси борлар газга кўз қулоқ бўлиб ўтиришга мажбур. Масалан, уйимда чақалоқ бор. Газ ўчиролмайман. Кеч тушиши билан пасайтираман, озгинадан кейин яна кўтарилиб кетади. Кечаси икки-учларда жуда баландлаб кетади».

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Ўроловнинг гапларини ҳамкасби ҳам тасдиқлайди.

«Эҳтиёткор бўлмасангиз, кечаси ухлаш хавфли бўлиб қолди», дейди ёши чамаси олтмишлардаги бу эркак.

Газ билан боғлиқ бу муаммо тўғрисида гапирган қоронғулликлар газ таъминоти аввалдан яхши бўлгани учун қишлоқдаги аксарият хонадонларда қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланилмаслиги, газ печкалар хавфсизлик талабларига жавоб беришини айтади.

Аммо печкалар қанчалик хавфсиз бўлмасин, газнинг бундай «ўйнаши» одамларни ташвишга солмоқда.

'Ечим - паровойʼ

Қишлоқ оқсоқоли Ўроқбой ака Би-би-сига Қоронғулдаги ҳаётни тасвирлай туриб, аҳоли газ таъминоти ва иситиш масалалари юзасидан учраётган муаммоларни гапириб берди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Унинг сўзларига кўра, бир оила бошига тушган мудҳиш фожиа ортидан мутасаддилар зудлик билан хонадонлардаги печкаларни текширишга тушган.

«Бироқ ҳеч ким заправкаларнинг газ таъминотига таъсир кўрсатаётгани эҳтимолига эътибор бермаяпти», дейди ўқитувчи Ўролов.

Оқсоқол Ўроқбой ака эса фожиадан сўнг маҳаллий раҳбарлар Қоронғулдаги барча хонадонларда "паровой" - сув билан иситиш тизими ўрнатишга кўрсатма берганини маълум қилади.

"2021 йилгача ҳамма уйларимизга паровой туширишга кўрсатма берилди. Кейин ҳаммаси хавфсиз бўлади. Печка ташқарида бўлади. Газ ўчиб қоладими, бошқа бўладими - уйдаги одамлар зарар кўрмайди", сўзлайди оқсоқол.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Бироқ Илёс Ўролов ҳамманинг ҳам бундай тизимни уйига ўрнатишга қурби етмаслигини таъкидлайди.

Ўроқбой ака ҳам ўқитувчининг гапларига қўшилади.

"Энди темирнинг нархини биласиз. Ҳисобимизча, икки-уч хонага паровой тушириш 5-7 миллион сўмга тушади. Имкони бор ўрнатади, имкони йўқ яна хавф остида яшашда давом этаверади", тан олади у.

Гарчи Қоронғулдаги табиий газ билан боғлиқ бундай ғаройиб муаммо, яъни газнинг ўчиб қолиши эмас, балки кўтарилиб кетиши қиш мавсумида совуқдан қийналаётган бошқа ўзбекистонликлар учун у қадар жиддий кўринмасада, у кишининг ҳаёлида бир саволнинг юзага келишига сабаб бўлади: Ўзбекистонда йиллардан бери кузатилаётган электр ва табиий газ тақчиллиги бартараф этилган билан одамларнинг ҳаёти бирдан яхшиланиб қоладими?

Мамлакатда мавжуд энергетика бўҳрони тугатилгудек бўлса, одамлар яна бир жиддий хатар - беқарор энергия таъминоти ва энергия манбаларидан уқувсизларча фойдаланиш муаммоси билан юзлашадиган кўринади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ