Мирзиёев, Россия ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи: Ўзбекистон сиёсий элитаси ниманинг қайғусида? - O'zbekiston

Президентлар Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Mikhail Metzel

Мирзиёев, Россия ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи: Ўзбекистон сиёсий элитаси ниманинг қайғусида? - Айрим таҳлилчиларга кўра, иложи ва имкони бўлса, Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кирмасликнинг. Улар Мирзиёевнинг кечаги чиқишини Ўзбек дипломатияси муваффақиятига қиёс беришмоқда:

Ўзбекистон Президенти Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида "интеграциялашув ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтган": Айнан қай бир ташкилот эканини тилга олмай, уларга фақат кузатувчи мақомида киришини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёевнинг бу сўзлари Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига киришига оид гап-сўзлар кучайиб бораётган, бу масалани, ойларки, қўшма комиссия ўрганаётган, аллақачон ўз хулосасини айтиши керак бўлган, расмий Тошкент куни-кеча бу хусусдаги музокаралар "жадаллашгани"дан кенг матбуотни огоҳ этган бир манзарада янграган.

Россия томони эса, айнан ана шу қўшма комиссия хулосаси ортидан, Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи билан интеграциянинг аниқ шакли борасида бир тўхтамга келиши ҳақида ҳам ёзганди.

Буларнинг барчаси аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар томонидан сўз айнан ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақида кетаётганига оид таҳлил, талқин ва баҳоларга сабаб бўлган.

Ўзбекистон ва Россия: АҚШ ислоҳотлар қайғусидами ёки ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи? - O'zbekiston

Ўзбекистон, одамлар фикри: «Россия бизнинг буюк оғамиз»(ми?) - O'zbekiston

Москва ва геосиёсат: Россия билан иттифоқнинг бизга кераги йўқ

"Халқлар устида тажриба ўтказилмайди" ёки Ўзбекистон Россия ва Ғарб орасида қолдими?

Интеграция ва интеграциялашув

Бу янги Ўзбекистон Президентининг қарийб бир ойнинг ўзида интеграциялар ва интеграциялашув мавзусига иккинчи бор қайтиши экани кўрилган.

Шавкат Мирзиёев декабрь ойи якунида бу масалага тўхталаркан, йирик-йирик интеграцияларга қўшилиш ниятлари борлигини айтган.

Лекин ўшанда ҳам сиёсийси бўладими, ҳарбийси ёки иқтисодийси, бирор бир ташкилотдан алоҳида ном тутмаган.

Аммо бу галгисидан фарқли равишда, бунинг қандай шаклда бўлишини ҳам очиқламаганди.

Лекин ҳар икки гал ҳам бу каби интеграциялашувнинг Ўзбекистон сиёсий мустақиллигига дахл қилиши, уни хавф остида қолдириши мумкинлигига оид хавотир, танқид ва гап-сўзларни босиб чиққан.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Сенатдаги чиқишида бу масалага анчайин батафсил тўхталгани, сабаб ва оқибат контекстида ёндашгани кўрилган.

Мирзиёев худди шу фонда диққат-эътиборни "четда ишлаб юрган кўп одамлари" ва кўп миллиард долларлик маҳсулотлари тақдирига тортган.

Аммо бу беписанд муносабатда бўлишга йўл қўймовчи омиллар Ўзбекистонни "кузатувчи"лик мақомини нега қабул қилиш қарорига келганининг изоҳи бўлганми ёки истиқболдаги аъзоликка ишора - буниси ноаён қолган.

Чунки ўзбекистонлик энг катта - миллионлаб сондаги меҳнат муҳожирлари айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келиши баробарида, бугун айнан Россия Ўзбекистон маҳсулотлари учун энг йирик бозор ҳам бўлади.

Ўзбекистоннинг жорий пайтда бунга муқобил ташқи бозорга қанчалик имконли экани омилига, ҳатто, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи ҳам кечаги чиқишига алоҳида тўхталиб ўтган.

Ўз маҳсулотлари Европа бозори стандартларига мос келиши учун ҳали анча вақт талаб қилинишини эътироф этган.

Бунинг сабабини изоҳларкан, чунки "Йиллар давомида еримиз заҳарланган, сувимиз заҳарланган...", деган.

Россиялик таҳлилчиларга кўра эса, Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи учун муҳим давлат бўлади.

Чунки Ўзбекистон ва бу иттифоққа аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси ҳатто Хитой билан бўлганини ортда қолдиради.

Устига устак, Ўзбекистон яна Афғонистон илова қолган барча Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош мамлакат бўлади.

Бундан ташқари, аҳолиси минтақада энг катта сондаги (қарийб 34 миллион - таҳр.) давлат саналади.

Яна янги Ўзбекистоннинг минтақавий қўшнилари ва Россия билан ўзаро алоқалари эса, Ислом Каримов давридагидан кўра тубдан фарқ қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Келишув?...

Ўзбекистон Президентининг бу хусусда Сенатдаги чиқишига оид хабарлар мазмунидан англашилишича, Мирзиёев Путин билан бу ҳақда Санкт-Петербургда келишиб олган.

Аммо бу келишувга айнан қачон, қандай шарт, тартиб ва шаклда келингани тафсилотлари очиқланмаган.

Ўзбекистон ва Россия Президентлари Санкт-Петербургда сўнгги бор ўтган 2019 йилнинг 20 декабрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммити теграсида учрашишган.

Россия Президентининг расмий веб саҳифаси бу ҳақда расман хабар бераркан, томонлар ўзаро ҳамкорликнинг актуал масалалари ва икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида гаплашиб олишганини билдирган.

Икки давлат президентларининг бундан кейинги расмий учрашуви келаси ойга режаланган.

Путин Ўзбекистон Президентига йўллаган Янги йил табригида Шавкат Мирзиёевнинг февраль ойида Россияга давлат ташрифи билан келишини расман тасдиқлаган.

Россия Президенти бу ташриф эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаб беришга замин яратишига ишонч билдирганди.

Аммо давлат ташрифининг расмий кун тартибидан Ўзбекистон ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи масаласининг ўрин олган-олмагани ҳозирча маълум эмас.

Бу масаланинг ўзаро муҳокамалар диққат-марказида бўлган-бўлмагани Россия Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчисининг куни-кеча Тошкентга қилган икки кунлик расмий ташрифи ортидан ҳам ноаён қолган.

Тошкентдан олинган хабарларда Сергев Лавров бу ҳақдаги саволга Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш-кирмаслик масаласини мамлакат президенти ва парламенти ҳал қилишини айтиб, жавоб бергани ҳақида ёзилди.

Унинг бу жавоби Ўзбекистон Президентининг расмий ташрифдан бироз аввал - айнан декабрь ойидаги айтган гапларига ҳамоҳанг янгради.

Бу - аксарият ўзбекистонликлар бефарқ бўлмаган, сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларни том маънода ларзага келтираётган ва мамлакат аҳолиси орасида унинг умуммиллий референдум орқали қарор олиниш қадар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидловчилар оз бўлмаган масала бўлади.

Таҳлилчи баҳоси

Ўзбекистон Президентининг бу хусусда Сенатда қилган кечаги чиқишига ўз баҳосини бераркан, жумладан, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов унинг икки нарсага далолат қилишини айтади.

Таҳлилчига кўра, "Ўзбекистоннинг аъзо эмас, кузатувчи бўлиши"га оид сўзлар "Россия ўз босимларини маълум муддат музлатиб турмоқчи экани ёки Тошкент ана шу босимларни инкор қилиб, ўзининг вазиятини тушунтиришга муваффақ бўлганига далолат қилади".

Суҳбатдошимиз наздида, Ўзбекистоннинг ўз чиқишларида бирор бир ташкилот ёки иттифоқдан алоҳида ном тутмай, фақат интеграция ва интеграциялашув билан чекланаётгани ҳам бежизга эмас.

"Ўйлайманки, Ўзбекистон сиёсий элитаси, агарда вазият шуни тақозо қилса ёки имконият берадиган бўлса, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш хоҳишида эмас. Уларда бундай истак йўқ", - дейди у.

Таҳлилчига кўра, бу иттифоққа кириш кўпроқ Россиянинг манфаати ва Россиянинг лоббичилик фаолияти билан боғлиқ.

"Расмий Тошкент эса, Россиянинг ана шу фаолияти - Ўзбекистонни имкон қадар тезроқ бу ташкилотга тўлақонли аъзо қилиш босимларини четлаб ўтишга муваффақ бўлаяпти".

Суҳбатдошимизнинг ўз суҳбати якунида таъкидлашича, "буни Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги жиддий бир дипломатик ва сиёсий муваффақияти дейиш ҳам мумкин".

Аммо Шавкат Мирзиёевнинг кечаги чиқишидан Ўзбекистоннинг аниқ қачон кузатувчи мақомини эгаллаши ва бунинг қанча йил давом этиши тафсилотлари ноаён қолган.

Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш масаласини ўрганаётгани, бу ҳақда шахсан Президент Шавкат Мирзиёев топшириқ берганини расман маълум қилган Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг Тошкентга ўтган йил октябрь ойидаги ташрифи ортидан, шахсан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари бу ҳақда журналистларнинг саволларига жавоб берган.

Содиқ Сафоев ўшанда "Ўзбекистон — биров босим ўтказадиган давлат, Шавкат Мирзиёев босим остида эгиладиган сиёсатчи эмас"лигини таъкидлаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/MAXIM MARMUR

Эҳтимоллар

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов бу каби иқтисодий интеграциялар бир мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид эканини айтиб, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик масаласини қатъий назардан соқит этган.

Айнан Содиқ Сафоевнинг журналистлар билан мулоқоти тафсилотларидан янги Ўзбекистон бу масалани Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан ўрганишни бошлагани маълум бўлган.

Ўзбекистон Президенти эса, кеча, душанба куни масалага тўхталаркан, "Мустақилликни бировга бериб қўяди, деган хомхаёл гаплар, ҳою-ҳавас гаплар. Ким бериб қўяди мустақилликни?", - дея хитоб қилган.

"Ислоҳотларимизга ҳамма хайрихоҳ бўлиб турсин, оёққа туриб олайлик", - деб айтган.

Ўзбекистон раҳбари "ҳамма" деркан, ўзи эълон қилганидан буён бу ислоҳотларни анчайин эҳтиёткорлик билан бўлса-да, расман ва ошкора дастаклаб келаётган, минтақада Россиянинг асосий геосиёсий рақиби бўлган Америка Қўшма Штатларини ҳам назарда тутганми-йўқлиги номаълум.

Ортга сурилган ташрифининг санаси ҳозирча ноаниқ эса-да, ҳали яна АҚШ Давлат котибининг ҳам Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини яна бир бор дастаклаш учун Тошкентга келиши режаланган.

АҚШ Давлат департаменти эса, бу йил ана шу ислоҳотларни ҳам дастаклашни кўзда тутиб, Ўзбекистон учун янада кўпроқ молиявий ёрдам сўраган.

Янги Ўзбекистоннинг президенти энг сўнггида, "Бугун оғир, таҳликали замонда яшаётган" эсалар-да, "тўғри йўлни топиш узоқ" бўлса-да, "лекин шунга интилиш керак", деган.

Бу сўзларнинг айнан нимани англатилиши - Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиш эҳтимолини буткул назардан соқит этишни кўзда тутиш-тутмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Аммо улар айрим сиёсий таҳлилчилар талқинида худди шу каби тахмин ва фаразларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Ўзбекистоннинг айни мазмундаги чиқишига расмий Москва - Россия томонининг муносабати ҳалича кўзга ташланмаган.

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин эса, 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистонни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кузатувчи мақомида қайтишга чақирган.

Володин ўшанда Ўзбекистон билан КХШТ доирасидаги муносабатларни ҳам ривожлантириш фурсати келганини таъкидлаган.

Сиёсий ўзгаришлар тўлқинида Ўзбекистон ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқига кириши мумкинлигини ҳам қўшимча қилганди.

Ўзбекистон 2012 йил июнида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги аъзолигини расман тўхтатиб қўйган, лекин аъзо давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликни давом эттириб келади.

Бу каби даъватларга расмий Тошкентнинг мўътадил мавқеъда қолганига оид бир фазода ўша пайтда Москвадан олинган айни шу хабар ҳам кибер оламда озмунча муҳокамалар, хавотирларга сабаб бўлмаган.

Минтақавий экспертларнинг алоҳида эътиборларини тортган, таҳлилий чиқишлари сабаб мавзулардан бирига ҳам айланганди.

Шавкат Мирзиёев эса, ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан, қўшилмаслик сиёсатини давом этдиришга ваъда берган.

Расмий Тошкент ташқи сиёсатда марҳум президент Ислом Каримов даврида қабул қилинган концепцияга содиқ қолишини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ