Россия Ўзбекистонни тушунади, йўлини топади – Ўзбекистон ва миграция - O'zbekiston

Президентлар

Россия Ўзбекистонни тушунади, йўлини топади - Россия Ўзбекистон билан алоқаларининг ёмонлашишини истамайди. Ўзбекистон Россияда меҳнат қилаётган фуқароларини ҳимоя қилиш учун мурожаат қилса, беэътибор қолдирмайди, инобатга олади.

Бу Россияда Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаеванинг фикрлари.

Унинг Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида айтишича, 10 нафар ўзбекистонлик қурбон бўлган Томск ёнғинига ўхшаш фожеаларнинг олдини олиш йўли, албаттаки, бор:

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар билан боғлиқ навбатдаги машъум ҳодиса шу ҳафта бошида юз берган.

Улар одам боласи яшашига буткул яроқсиз бўлган ёғоч бинода яшаб, меҳнат қилишган.

Хабарларга кўра, ёнғинга носоз электр иситгичлари сабаб бўлган.

Фақат икки нафар муҳожир деразани синдириб, чиқиб қочишга муваффақ бўлган.

Бинодаги қолган ўзбекистонликлар тириклайин ёниб кетган. Қолган ҳеч кимни қутқаришнинг иложи бўлмаган.

Томск фожеаси Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар ҳануз қанчайин абгор ва чорасиз аҳволда меҳнат қилишаётганининг яна бир далолати бўлган.

Россияда ҳар қиш юз беражак бу каби ҳодисаларнинг энг ҳалокатлиларидан бири экани кўрилган.

Янги Ўзбекистон ва миграция

Сўнгги воқеа янги Ўзбекистон раҳбарияти сўнгги уч йилда кўраётган амалий чора-тадбирлар манзарасида ҳам, мигрантларнинг ортда қолган оилаларини тебратиш учун қандайин маҳрумиятларга рози эканликларини кўрсатган.

Россия эса, йилларки, дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқароси ташқи миграцияда банд давлати бўлади.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти орада уларни "дангасалар", деб ҳам атаган.

Ҳозирда марҳум Ислом Каримов ўзининг миллионлаб фуқароларига берган бу каби баҳоси билан ўшанда озмунча ҳайрат, таажжуб ва ғазабларни ҳам оширмай қўймаган.

Мирзиёев қудратга келаркан, миграция ва мигрантлар у аввалбошдан алоҳида эътибор қаратган мавзу, муаммолардан бири бўлган.

Янги Ўзбекистоннинг Президенти меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларини энг аввало "фарзандларим" деб атаган.

Бундан кейин уларга ҳар томонлама кўмак бериш нияти ва режасида эканликларини расман маълум қилган.

Бор-йўғи ўтган уч йилнинг ичида бу борада қатор амалий қадамларга қўл урган.

Дунёнинг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари ташқи миграцияда банд давлатларида ўз дипломатик ваколатхоналари сонини оширган.

Илк бор айнан миграция масалалари билан шуғулланувчиларининг ҳам фаолиятини йўлга қўйган.

Биргина Россия мисолида ташқи меҳнат миграциясини қонунан тартибга солиш ҳаракатларини бошлаган.

Аммо шикоятлар баробарида, Россия бўладими, Қозоғистон, Туркия ёки Жанубий Корея, четда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари билан юз бераётган бу каби нохуш ҳодисалар ҳам ҳамон тинмаган.

Ҳали икки йил олдин Қозоғистондаги носоз автобусда қўлбола иситгичдан фойдаланишга мажбур бўлган 52 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган.

Янги Ўзбекистоннинг раҳбарияти кўраётган чора-тадбирлар манзарасида юз берган бу инсоний фожеа ҳам ўшанда ижтимоий мулоқот тармоқларини озмунча ларзага солмай қолмаган.

Томскдагиси берган акс-садоси каби, ўшанда ҳам "бу каби ҳолатлар қачонгача давом этиши"га оид, таъбир жоиз, онлайн хитобларга сабаб бўлган.

Кибер фазодаги аксариятнинг бу каби ўлим ҳолларини "миллат", Ўзбекистон фожеаси сифатида кўришаётгани кўзга чалинган.

Бунга ўхшаш ҳар бир фожеа ортидан, айнан сўнгги йилларда Ўзбекистонда нега "миллий мотам эълон қилинмасли"гига оид саволларнинг ўртага отилиши ҳам анчайин одатий воқеълик тусини олиб улгурган.

Россия жорий пайтда Ўзбекистоннинг энг йирик ҳарбий-техник ҳамкори, энг йирик иккита савдо-иқтисодий шериги ва ётиримчисидан биттаси бўлади.

Айнан Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, янги Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг шу пайтга қадар кузатилмаган бир даражада илиб бораётгани кузатилади.

Россия оммавий-ахборот воситаларидаги хабарлардан, таъбир жоиз, Ўзбекистоннинг бунчалик очилиб бораётганидан расмий Москванинг қанчалик мамнун экани ҳам кўрилади.

Томскдаги фожеа манзарасида Москвадаги ҳуқуқшунос суҳбатдошимиз Зарнигор Омониллаева ҳам, бунинг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг амалий ҳимоясида ҳозир энг муҳим омиллардан бири эканини алоҳида тилга олади.

Унга кўра, бу, шунда ҳам, ташқи миграцияда банд Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат шарт-шароитларини яхшилашнинг фақат биттагина йўли бўлади, холос.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, мавжуд вазиятни фундаментал ўзгартиришнинг энг муҳим чораларидан бири - Ўзбекистоннинг ўз меҳнат бозорларини қонуний йўлда, ҳукуматлар даражасида турфалаштириши бўлади.

Бунинг учун эса, энг аввало, кадрлари билими, савияси ва малакасини халқаро андазаларга мослаштириш, демакки, таълим даражасини кескин ошириши лозим бўлади.

Агар, айрим минтақавий экспертлар томонидан сўнгги йилларда ўртага отилаётган фикрларга қаралса, янги Ўзбекистон ҳукумати четдан жалб қилишга уринаётган миллионлаб долларлик сармоялар эмас, айнан қонуний ташқи меҳнат миграцияси мамлакатдаги ҳануз долзарблигича қолаётган ишсизлик муаммосининг энг мақбул ечими бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга хорижий валюта тушумини янада ошириб, мамлакат иқтисодини кўтаришга ҳам озмунча ҳисса қўшмайди.

Аммо, уларга кўра, янги Ўзбекистон раҳбарияти эълон қилган, қўл ураётган ислоҳотларга қарамай, коррупция бўладими, таниш-билишчилик, сўз эркинлиги ёки демократия билан боғлиқ энди-энди ўнгланаётган ҳолат, ҳали бунга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган омилларни ҳам оз деб бўлмайди.

Бугун Ўзбекистондан ташқарида пул топаётган ўзбекистонликларнинг сони миллионларга етади, уларнинг Россия, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва дунёнинг яна бир қатор давлатларида меҳнат қилишаётгани кўрилади.

Айнан Россиядаги миграция билан боғлиқ қонун-қоидаларнинг йил сайин кучайтирилиши нега кўпчилик ўзбекистонликларни ноқонуний меҳнат муҳожирлигини афзал билишаётганининг асосий сабаби сифатида кўрилади.

Расмий Москванинг бу каби мавқеини, айниқса, сўнгги йилларда Россиянинг янги Ўзбекистонни ўзи бошчилигидаги геоиқтисодий ва геосиёсий лойиҳаларга тортиш уринишлари билан изоҳлаётган минтақавий сиёсий таҳлилчиларнинг оз эмаслиги ҳам кўзга ташланади.

Сиз нима дейсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek