Халққа раҳмингиз келсин, муҳтарам президент!" - Россия йўлларидан юк ташувчи Ўзбекистон ҳайдовчилари O'zbekiston

Image caption Ўзбекистонлик ҳайдовчилар тирикчилиги қийинлашди

- Мана, юк иши "ўлди"...

- Менинг оиламни ким боқади? Ногиронман, бундан бошқа ишга ярамайман.

- Липецкдан - 500 км узоқдан келдим. 20-25 та машина чиқиб кета олмай ётибди. Сабаби: чегарадаги ҳолатлар.

- Президентимизга мурожаат қилишдан бошқа чорамиз қолмади.

- Ҳамма шунинг учун йиғилган. Ҳаммамиз ҳайдовчимиз - мусофирликда бола-чақа боқиш учун шунақа қилиб юрибмиз.

- Бу ерда ҳеч ким сиёсатга қарши чиқмаяпти, шунчаки енгиллик сўраяпмиз.

- Шу юкларни ташимасак, тирикчилик бўлмаяпти-да, нима қилайлик?!

2020 йил 1 январдан кучга кирган «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиëжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси оқибатида Россиядан Ўзбекистонга юк ташиш билан шуғулланувчи минглаб ҳайдовчиларни ишсиз қолган.

Москвадаги бир гуруҳ юк ташувчилар тўпланишиб, Би-би-си ўзбек хизматига оғир вазиятда қолганликларини билдиришди.

Муҳожир ҳайдовчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати жорий қилган янги бож тўловлари ортидан мушкул вазиятга тушиб қолишган: улар йил бошидан бери ишсиз, боз устида янги йилгача муҳожирлардан йиғилган тонналаб совға-саломлар эгаларига етказилмаган. Чегарадан ўта олмай, ортга қайтган ҳайдовчилар йўлкира ва бошқа ҳаражатларга куйиб, қарзга ҳам ботган.

"Биз Ўзбекистонга олиб бораётган пул ёки буюмларни шу оддий халқ ишлатаяпти. Кимдир ота-онасини Умрага юбораяпти, кимдир даволанаяпти. Мана, ҳозир менинг даволангани имкониятим йўқ. Мен даволаниб ётсам, оиламни ким боқади," - дейди Дониёр Ҳамроқулов.

Муҳожирнинг айтишича, у йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ногирон бўлиб қолган.

Image caption Авария ортидан ногирон бўлиб қолган ҳайдовчи бошқа ишга ярамаслигини айтади

"Қўлим ва оёғим қийшиқ бўлиб қолган, оқсаб юраман. Бундан бошқа ишга ишларига ярамайман. Янги йилгача йиғилган юкларнинг эгалари телефон қилишаяпти, тушунтиришга ҳаракат қилаяпман. Ўзи 1200 долларга тушган, уларни ўтказишга энди яна 1800 доллар тўлаш керак. Қаердан оламан бунча пулни? Ҳамма юк ташувчилар норозилик билдираяпти. Балки Президент бирон ўзгартириш киритармикин, деб кутаяпман," - дейди ҳайдовчи.

Дониёр ҳамма хужжатлари борлиги, аммо қурилиш ишларини бажаришни соғлиги кўтармаслигини айтади.

"Ўзбекистонга бориб таксичилик қилишга - умр ўтади, холос. Бир нима орттириб бўлмайди."

Яна бир ҳайдовчи Хайрулло Атамирзаев Президентга мурожаат қилиш учун Москвага Липецкдан келганини айтади.

"20-25 та машина бир ярим ойдан бери кета олмай ишсиз ётибди. Шунча ҳайдовчининг ортида пул кутиб турган оилалари, болалари кўз тикиб турибди. Тирикчилиги нима бўлди уларни?"

Биз суҳбатлашган олти нафар ҳайдовчининг барчаси оилада асосий боқувчиси эканлигини айтишмоқда. Бир юк ташувчи эса ишини бошлаганига бир йил ҳам бўлмагани, машина қарзини қандай тўлаши ҳақида боши қотганини билдирди.

"Кўпчилигимиз ноиложмиз: машиналарини кредитга, «выкуп»га олганлар бор, - дейди Жўрабек Кимизов. - Эртанги кунимиз нима бўларкин, деб ҳавотирда яшаймиз. Масалан, мени 4 та болам бор. Ўзбекистонга борганимиздан бери эртамиздан қайғураяпмиз. Кечаю кундуз ухламай йўл юрамиз, ишимиз осон эмас. Қиш кунларида айниқса, оғир. Бунинг устида йўлларда ДАН ходимлари тўхтатади, пул олади. Божхонада ўзи ўтиш қийин эди, энди бирйўла ўтолмайдиган бўлиб қолдик. Бу тўловлар жуда ноўрин деб ўйлайман."

Муҳожирлар бож тўловлари тўғрисидаги янги қарордан норози ҳайдовчилар жуда кўпчилик экан, аммо қўрқув боис, уларнинг айримларигина келишганини айтишди.

"Мен ҳозир билганларим 300 дан ошиқ одам бор бу ерда. Улар бизни номимиздан ҳам гапиринг, дейишди. Бу ерда ўзимизда иш ўринлари вақтинчалик камлигидан юрибмиз, иложимиз йўқлигидан шу иш билан шуғулланаяпмиз," - дейди Элёр исмли ҳайдовчи.

Юк ташувчилар бу борада Ўзбекистон президентига мурожаат қилишдан бошқа чоралари қолмаганини айтишди.

"Президентимиздан илтимос қилардимки, чегара ва божхонани қатъий назоратга олсалар, Ўзбекистон фуқаролари билан, умуман ҳамма билан яхши муомала қилишларини, шу муаммоларни ҳал қилиб беришингизни сўраймиз," - дейди Жўрабек.

Шунингдек, биз учрашган барча ҳайдовчилар Би-би-си орқали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан ёрдам беришини илтимос қилишди.

"Биз сиёсатга қарши эмасмиз, фақат бу бож тўловида енгиллик сўраб илтимос қилаяпмиз. Муҳтарам Президентимиз, илтимос, халққа рахмингиз келсин," - дея мурожаат қилишди муҳожирлар.

Ўзбекистон: Эски буюмларга янги божми? - O'zbekiston

Россия - Ўзбекистон: Томскда 10 нафар ўзбек ёниб кетган

Россия ҳаддидан ошган мигрантларга “ўрни”ни кўрсатиб қўядими?

Россия-Ўзбекистон: Насриддин Афанди ҳам мигрант бўлардими?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek