Россия, Корея, Туркия - Ўзбекистонга тобутлар қайтмоқда, Мирзиёев яна нима қилиши керак? - O'zbekiston

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Хорижда қанча ўзбекистонлик ўлаяпти? - Ўзбекистон ва дунё: Агар, маҳаллий фаолларнинг кузатувларига таянилса, биргина Россиянинг ўзида йилига бир ярим мингга яқин Ўзбекистон фуқароси вафот этади:

Бугун четдаги ўзбекистонликлар сони эса, расман қарийб уч миллионга нисбат берилади.

Улардан энг кўпи - икки миллиондан ортиқроғи айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Куни-кеча янги Ўзбекистон ҳукумати илк бор мавжуд вазиятга ойдинлик киритгандек бўлган.

Ўтган йили 308 нафар мигрантнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинганини маълум қилган.

Рақамлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи томонидан очиқланган.

Улардан катта кўпчилиги - 299 нафарининг ҳам Россияда вафот этишгани маълум бўлган.

Қолганлари эса, Япония, Жанубий Корея, Германия, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон ва Швеция ҳисобига тўғри келган.

Аммо бу ҳақда имконли бўлган хабарларда Ўзбекистон фуқароларининг вафоти сабаблари очиқланмаган.

Ўзбекистон, Россия ва миграция: Уйга мигрантлар пуллари ёки ўзлари эмас, тобутлари қайтаяпти...

Ўзбекистон ва миграция: Россияга ишлашга кетган йигитлар нега қайтишмаяпти?

Россия, Ўзбекистон, миграция: "Ўликни ҳам ажратишадими?!"

Рақамлар ва саволлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбекистон энг катта - миллионлаб сондаги фуқаролари ташқи миграцияда банд Марказий Осиё давлати бўлади.

Худди шу боис ҳам, ўзбекистонлик масъуллар келтирган бу рақамларни савол остига олганлар ҳам озмунча бўлмаган.

Россиядан асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммаднинг Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳар йили ўртача уч мингга яқин Марказий осиёлик мигрантнинг жасади ватанларига юборилади.

Аммо, шунда ҳам, бу ҳақдаги аниқ рақамлар имконли эмас, дейди суҳбатдошимиз.

Унга кўра, худди шу манзарада "Россияда вафот этаётган ўзбекистонлик мигрантларнинг сони йилига бир-бир ярим мингтага бориб қолади".

Лекин, ҳуқуқшуноснинг айтишича, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони билан қиёсланганда, бу, умуман олганда, статистика бўйича катта рақамлар, деб кўрилмайди.

Норасмий маълумотларга кўра эса, Россиядан Марказий Осиёга ҳар йили 7 ярим мингга яқин меҳнат муҳожирларининг тобути юборилади.

Уларнинг энг катта қисми айнан ўзбекистонликларга тегишли бўлади.

Бошқа томондан, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, бу каби тажриба, амалиёт мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилмоқда.

Яқин-яқингача четда вафот этаётган ўзбекистонликларнинг тақдири эътиборсиз қолган бир масала бўлган.

Улар жасадларини ортга қайтариш марҳумлар яқинлари зиммасидаги иш сифатида кўрилган.

Худди шу масала ҳам, йилларки, ўзбекистонликларнинг ташқи миграция билан боғлиқ энг оғриқли муаммоларидан бири саналган.

Шундоқ ҳам ҳаминқадар аҳволда яшаётган марҳумлар яқинларининг катта миқдордаги қарздорликлари билан якун топган.

Мустақил Ўзбекистон ва ташқи миграция

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/MAXIM MARMUR

Айнан ташқи меҳнат миграцияси мамлакат мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида Ўзбекистондаги ишсизлик ва ночорлик муаммосининг энг мақбул ва муқобил ечими бўлиб келган.

Россия эса, бунинг учун энг муқобил меҳнат бозори вазифасини ўтаган ва ўтаб келмоқда.

Аммо, айнан Россия назарда тутилганда, бу ташқи миграция асосан ноқонуний тус касб этган.

Бунга Ўзбекистоннинг ўзида бу масалага бўлган, таъбир жоиз, эътиборсиз эътибор ва Россия миграция қонунларининг йил сайин кучайиб бориши сабаб бўлган.

Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи Президенти мигрантларни "ялқовлар", деб атаган, улардан "ҳазар қилиши"ни айтган.

Мавжуд ҳолат эса, ўз навбатида, озмунча бўлмаган сондаги ўзбекистонликларга қонуний ҳақ-ҳуқуқсиз, меҳнат хавфсизлиги тартиб-қоидалари амал қилмайдиган бир шароитда меҳнат қилишдан бошқа чора ва танлов қолдирмаган.

Россиядаги фаолларга кўра, худди шу омил ҳам ўзбекистонлик мигрантлар тўқнаш келаётган бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаб ва изоҳларидан бири бўлади.

Аҳолиси минтақада энг йириги(расман 34 миллионга яқин - таҳр.) бўлган Ўзбекистонда ҳукумат учун ижтимоий портлашлар эҳтимолини юмшатиб, ўзига хос ижтимоий хавфсизлик камари вазифасини ўтаб берган ва ўтаб келмоқда.

Иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда аҳолининг аксарият қисми айнан ишсизлик ва камбағаллик муаммоси чуқур илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида яшайди.

Ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ мавжуд вазият эса, айнан Ўзбекистонда қудрат алмашинуви ортидан, жиддий ўзгаришларга юз тутгани кўрилади.

Миграция ва янгича ўзгаришлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Mikhail Svetlov

Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихида мигрантларни "фарзандларим", деб атаган биринчи президент бўлган.

Ташқи меҳнат миграцияси - янги Ўзбекистон Президенти ўзининг ички ва ташқи сиёсати марказига қўйган масалалардан бирига айланган.

Мирзиёев қудратга келган уч йилнинг ўзида Ўзбекистон раҳбарияти мигрантлари масаласида илк бор Россия билан ҳукуматлараро шартнома имзолаган.

Россия илова дунёнинг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари бўлган давлатларида ўз консулликлари, Ташқи миграция агентлиги ваколатхоналари сонини жиддий оширишга киришган.

Президент Мирзиёев ташқи миграция тизимини янада такомиллаштириш, мигрантлар ўзлари ва оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш учун махсус қарордан тортиб, фармонгача имзолаган.

Мигрантларни қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус жамғармагача тузилган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги ва ваколатхоналари фаолияти ҳам фаоллашиб бораётгандек кўрилган.

Четдаги ҳар бир фуқароларининг тақдирига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бефарқдек кўринмаган.

Вазирлик расмий веб саҳифаси улар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар диққат-эътиборлари, назоратлари остида эканига оид билдиришномаларга тўлиб-тошган.

Мигрантлар ва жасадлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсуновнинг маълумотларига таянилса, хорижда вафот этган Ўзбекистон фуқаросининг жасадини келтириш ўртача $1000-$1500 АҚШ долларига тушади. Бу харажатларнинг ҳаммаси давлат томонидан қопланади.

Аммо, худди шу манзарада ҳам, ҳали-ҳануз мигрантларнинг жасадлари билан боғлиқ муаммолар ўзининг тўлиқ ечимини топмагандек кўринади.

Мигрантлар яқинларининг ҳали-ҳамон тинмаётган шикоятлари бунга далолат қилган.

Ҳатто, ўтган йил ҳам жасадни ватанга юбориш харажатларининг қимматлиги, на элчихона, на диаспоралар ва на Ўзбекистон ҳукумати - бундай вақтда ҳеч ким ёрдам бермаслигига оид шикоятларга қулоқ тутиш мумкин бўлган.

Таъбир жоиз, "муаммо"ни мигрантлар бир-бирлари ёки масжидларга бош уриб, ҳал қилган ҳолатлари кузатилган.

Марҳумларнинг яқинлари жасаднинг бегона юртда кўмилишини истамай, қандай қилиб бўлмасин, уни олиб кетишга уринишган.

Бундан икки йил бурун Ўзбекистон ҳукумати Россияда вафот этган ўзбекистонликларнинг жасадларини ортга қайтариш бўйича махсус дастур ишлаб чиққани маълум бўлган.

Орада Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорликда ўнлаб жасадларни оилаларига етказиб ҳам берган.

Аммо, маълум бўлишича, бу ишнинг "маълум бир мезонлар асосида амалга оширилиши" меҳнат муҳожирларини яна танг аҳволда қолдирган.

Агар, айрим мигрантларнинг сўзларига таянилса, бунинг учун муҳожирнинг фавқулодда вазият натижасида вафот этган бўлиши керак бўлган.

Орада Москвадаги мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи айрим ташкилотлар ҳам уларнинг шикоятларини тасдиқлагандек бўлишган, бу тартиб ҳаммага бирдек амал қилмаслигини айтишган.

Бу ҳам айрим муҳожирлар ва фаоллар орасида, "ўликни ҳам ажратишадими" қабилидаги таажжуб ва тушунмовчиликларга сабаб бўлмай қолмаган.

Россиядаги фаолларнинг сўзларига таянилса эса, бунга, бошқа томондан, ўзбекистонликлар барчасининг ҳам ҳукуматнинг бу ҳақдаги дастури ва жамғармаси борлигидан бохабар эмасликлари ҳам сабаб бўлмоқда.

Мигрантлар ва бахтсиз ҳодисалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Россияда қиш авжига чиқиши билан меҳнат муҳожирлари ўлими ҳоллари тобора ортиб бориши кузатилади.

Бу каби машъум ҳолларга энг аввало йўл-транспорт ҳодисалари сабаб экани айтилади.

Кеч куздан баҳорнинг сўнггига қадар Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон йўналишларида йўл транспорт ҳодисалари ёз ойларига нисбатан икки-уч баробар кўп қайд этилади.

Жабрланувчилар ва қурбонлар эса, асосан, Россияга ишлашга келаётган ёки ишлаб, уйига қайтаётган мигрантлар бўлишади.

Бундан ташқари, уларнинг миграция варақасини янгилаш учун Қозоғистон чегарасига бориш-келишда аварияга учраган ўзбекистонликлар экани кўрилади.

Кейинги ўринларни эса, ёнғин, тупроқ босиб қолиши, томдан қулаб тушиш, бетон ёки чўян қувур тушиб кетиши каби мигрантлар иш ёки турар-жойларидаги бахтсиз ҳодисалар ташкил этади.

Яна қотиллик, турли хил хасталиклар қурбони бўлаётган мигрантларнинг борлиги ҳам кўзга ташланади.

Ўтган жума куни эса, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакат аҳолиси орасида камбағаллари ҳам борлиги расман ва ошкора шахсан мамлакат президентининг ўзи томонидан эътироф этилган.

Президент Мирзиёев буни ортиқ яшириб юришга ҳақлари йўқлигини айтган.

У Ўзбекистон Парламентига сўнгги мурожаатида камбағаллар сонини 4-5 миллионга нисбат берган.

Бу расмийси эса-да, ҳатто, шахсан президентнинг ўзи айтган рақамларининг кичкина эмаслигини алоҳида урғулаган.

Мирзиёев Ўзбекистонда камбағалликни аритиш учун масъул халқаро ташкилотлар билан махсус дастур ишлаб чиқишларини айтган.

Аммо бу дастурнинг айнан қандай чораларни кўзда тутиши ва аниқ қачон тайёр бўлиб, ҳаётга тадбиқ этилиши ҳалича маълум эмас.

Янги Ўзбекистоннинг раҳбарияти кўраётган чора-тадбирлар манзарасида юз бераётган бу каби инсоний фожеалар эса, айниқса, сўнгги йилларда ижтимоий мулоқот тармоқларини ларзага келтирувчи мавзулардан бирига айланган.

"Бу каби ҳолатлар қачонгача давом этиши"га оид, таъбир жоиз, онлайн хитобларга сабаб бўлган.

Кибер фазодаги аксариятнинг бунга ўхшаш ўлим ҳолларини "миллат", Ўзбекистон фожеаси сифатида кўришаётгани кўзга чалинган.

Бунга ўхшаш ҳар бир фожеа ортидан, айнан сўнгги йилларда Ўзбекистонда нега "миллий мотам эълон қилинмасли"гига оид саволларнинг ўртага отилиши ҳам анчайин одатий воқеълик тусини олиб улгурган.

Россия жорий пайтда Ўзбекистоннинг энг йирик ҳарбий-техник ҳамкори, энг йирик иккита савдо-иқтисодий шериги ва ётиримчисидан биттаси бўлади.

Айнан Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, янги Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг шу пайтга қадар кузатилмаган бир даражада илиб бораётгани кузатилади.

Шавкат Мирзиёев куни-кеча ўзларининг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи бўлишлари мумкинлигини айтаркан, буни ҳам қисман Қозоғистон ва Россиядаги меҳнат муҳожирлари билан боғлаб изоҳлаган.

Аммо айнан Россиядаги айрим маҳаллий фаоллар бу иттифоққа аъзолик ҳам мигрантлар зиддига хизмат қилишини айтишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ