Ўзбекистон: Нега ўзбеклар йўлларда кўп ўляпти? - O'zbekiston

йўллар Фото муаллифлик ҳуқуқи yhxbb.uz

Январ ойида Ўзбекистонда йўл транспорт ҳодисаларида 114 киши ҳалок бўлди. 2019 йилда эса автаҳалокатлар 1826 Ўзбекистон фуқаросининг умрига зомин бўлган. Йўлларда ўлим сонини камайтириш учун нима қилиш керак?

Йўл транспорт ҳодисаларида қурбон бўлаётганларнинг кўпчилик қисмини машина ҳайдамайдиган оддий пиёдалар ташкил қилмоқда. Нега Ўзбекистон йўлларида нисбатан кўп одам ўляпти? Бу ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилиняпти? Бу борада чет эл тажрибаси қандай?

Ўтган январ ойида бир кунда ўртача 3-4 одам шунчаки йўлни кесиб ўтаётганда ёки масалан, Қашқадарёдан зарур иш билан Тошкентга келаётганда ҳаётдан кўз юмган. 341 нафар одам йўлларда жароҳат олган. Уларнинг қанчаси мажруҳ бўлиб қолгани тўғрисида маълумот йўқ.

Image caption Январ ойида йўлларда 114 фуқаро ҳалок бўлди

Минтақадаги мамлакатлар билан солиштирганда Ўзбекистонда йўлда ўлим ҳолатлари нисбатан камроқ. Тожикистон ва Россияда ҳар 100 минг одамга бир йилда 18 одам тўғри келмоқда.

Аммо ривожланган ва Европа давлатлари билан солиштирганда Ўзбекистон йўлларда одамларнинг ҳалок бўлиши борасида анча юқори ўринларда турибди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Буюк Британияда 2018 йили 100 минг одамдан 3.1 (уч бутун ўндан бир) нафари йўлда ўлган.

Image caption Британия йўлларида ҳалок бўлаётганлар Ўзбекистондан қарийб 4 баробар кам

Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич 2018 йилда 100 минг кишига 11.5 (ўн бир ярим) нафардан тўғри келган. Йўлларда ўлим кўрсатгичи Ўзбекистонда Британияга қараганда қарийб 4 баробар кўп.

Британия аҳолиси Ўзбекистонникидан икки карра кўп - 66 миллион атрофида.

Ўзбекистон йўлда одамлар ўлимини камайтириш учун қандай чораларга қўл урмоқда?

2018 ва 2019 йилларнинг ноябр ойигача бўлган 11 ойлик маълумотларни солиштирсак йўл транспорт ҳодисалари, ўлимлар ва жароҳатлар сони тушган.

Image caption 2018 ва 2019 йилнинг 11 ойлиги солиштирилганда ЙТҲ сони камайган

Бир йилнинг ичида авариялар сони қарийб мингтага камайган. Ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар сони бўйича статистика бироз яхшиланганини кўриш мумкин.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ичиб рулга ўтирганлик учун жазоларни кучайтирди.

Йирик шаҳарларга тезлик ва қоидабузарликни қайд қилувчи камералар ўрната бошлади.

Шу йил бошидан бошлаб йўл патрул хизмати ходимлари ёппасига йўлларда боди-камералардан фойдаланишни бошлади.

Бу чора йўлларда коррупциянинг олдини олишга сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Бироқ мутахассислар кўрилаётган чоралар ҳали етарли эмас дейишмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонда алкогол ичиб рулга ўтиришни чекловчи қонунлар етарли эмас, деб топган. Бундан ташқари тезликни оширганлик, хавфсизлик камарини тақмаганлар ва болалар учун махсус ўриндиқларни талаб қилиш борасида қонунчилик халқаро талабларга жавоб бермаслиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисаларининг ўзига хос жиҳати унда пиёдалар иштирокининг кўплиги.

2019 йилда Ўзбекистонда содир бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг қарийб ярми 3565 пиёдалар иштирокида содир бўлган.

Жами ҳалок бўлганларнинг ҳам қарийб ярми 801 нафари пиёдаларга тўғри келади.

Кузатувчилар пиёдалар ўлимининг кўплигига улар йўлларда ҳимояланмагани, йўлларнинг пиёдалардан кўра кўпроқ машиналар учун қулай қилиб қурилгани билан изоҳлашади.

Йўлларда ўлим кўрсатгичи Ўзбекистондан қарийб 4 баробар кам бўлган Британия бунга қандай эришди?

Ўзбекистон ва Британия йўлларида асосий фарқ бу ерда радар ушлаб турган ёки йўлга чиқиб машина тўхтатаётган полиция ходимларини деярли кўрмайсиз.

Бироқ ўрнатилган камералар ва йўлларнинг махсус жиҳозлангани ҳаракатни полиция эмас, бошқа омиллар назорат қилишига олиб келганини кўриш мумкин.

Британияда шаҳар ёки аҳоли зич яшовчи пунктларда хавфсизликни таъминлаш учун йўлларга махсус бўртиқлар ёки сунъий йўл нотекислиги ётқизилади.

Бу бўртиқлар ҳайдовчини тезликни туширишга мажбурлайди.

Англияда йўллар Ўзбекистондаги каби кенг эмас. Шундай бўлса-да, бу ердаги шаҳарларда йўл ўртасига ўрнатилган махсус оролчани кўп учратиш мумкин. Бу машиналар бир-бирини ошиб ўтмаслиги ва пиёдалар йўл ўртасида ўзини хавфсиз сезиши учун қилинади.

Бундай оролчани пиёдалар ўтиш йўлагида ҳам кўришингиз мумкин.

Британияда пиёдалар ўтиш йўлаги Ўзбекистондагидан фарқ қилади.

Пиёдалар ўтиш йўлаги ўртасидаги оролча ва кўп ҳолларда ўтиш йўлагининг бўртиқ қурилгани машиналар пиёдаларга йўл беришини таъминлайди.

Пиёда ўтиш йўлаклари Британияда махсус ёритилади ва у ерда доим ёниб ўчиб турувчи сариқ чироқни кўриш мумкин.

Бу чироқлар ҳайдовчиларга пиёдалар ўтиши мумкинлиги борасида огоҳлантириш беради.

Шаҳар ичида энг юқори тезлик соатига 48 километрни ташкил қилади. Шаҳар марказлари ва нисбатан тор кўчаларда юқори тезлик соатига 32 километргача туширилган.

Тротуарларда қурилиш ёки таъмирлаш ишлари бошланадиган бўлса, пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун йўлак махсус ўраб олинади ёки бутунлай ёпилиб ёнидан қўшимча вақтинчалик тротуар қурилади.

Фаоллар шаҳарларни кўпроқ машиналар учун эмас, балки одамлар учун мослаштиришни мунтазам равишда талаб қилиб келади.

Ҳозирча Ўзбекистонда йўлларда бундай чоралар кўрилмаган. Расмийлар пиёдалар иштирокидаги аварияларни камайтириш учун ҳозирча "Диққат пиёда" каби тарғибот тадбирларидан кўпроқ фойдаланмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek