Мирзиёев Хитой зулмига қарши Америка томонига ўтадими? Ўзбекистон -O`zbekiston

Мирзиёев ва Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Мирзиёев икки қудратли давлат - АҚШ ва Хитой ўртасида қандай сиёсат юритади?

Қозоғистон ва Ўзбекистонга келган АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео Хитойдаги мусулмонларга қарши зулмни тезда тўхтатиш учун барча давлатларни Америка тарафига ўтишга чақирди.

Жаноб Помпео Қозоғистонда гапираркан, Хитойдан қочиб чиққан уйғур ва қозоқ мусулмонларига ҳамма давлатлар бошпана бериб, уларн ҳимоя қилишлари зарурлигини таъкидлади.

Вашингтон вакили бу гапни айтиб, кейин Ўзбекистонга келаркан, Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси АҚШ Давлат Котибига қарши кескин баёнот билан чиқди.

Пекин ваколатхонасига кўра, Майк Помпео айнан Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасига низо-нифоқ солмоқчи.

Икки йирик давлат - Хитой ва АҚШ ўртасида Ўзбекистон, хусусан, Шавкат Мирзиёев нима қилмоқчи? Видео лавҳамизни кўринг:

Айни пайтда, Хитой вакилларининг Вашингтон вакилига қарши қаратилган ғазабноқ баёнотидан англашилишича, АҚШ Давлат Котибининг Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари билан ўтган учрашувлари тафсилотларидан Пекин дипломатлари аслида тўлиқ хабардор эмаслар.

Алоқадор мавзулар:

АҚШ вакили Ўзбекистон ва Қозоғистонда фитна қўзғамоқдами?

Америка Ўзбекистон учун имкониятлар эшигини очадими?

Ўзбекистон эса икки йирик давлат ўртасидаги "қандайдир рақобатнинг исталмаган оқибатларини ўзида ҳис қилишни истамаслигини" билдирди.

Гигантлар орасида...

Аммо ўзбеклар ва қозоқлар йирик кучлар манфаатлари тўқнашувидан юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатлардан ўзларини мустақил равишда ҳимоя қила оладиларми, деган савол ўртага чиқиши мумкин.

Жавоби қанчалик муҳим бўлмасин, ҳалича очиқ қолмоқда.

Минтақа ўтган бир ярим асрдан бери Россия назоратида бўлган.

Мустақилликка эришгандан кейин ҳам Москва таъсири буткул йўқолгани йўқ.

Сўнгги пайтлари эса Кремлнинг собиқ Совет давлатларида ўз таъсирини кучайтириш ҳаракатлари кучайгани ҳам кузатилмоқда.

Қизил империядан қизил аждаҳо сари

Шу қаторда минтақада Хитойнинг ҳам таъсири ошиб бормоқда.

Марказий Осиёдаги барча давлатлар Пекин сармояларига муҳтож.

Улар Хитойдан катта миқдорда қарзлар ҳам олишган.

Нефтга бой Қозоғистон дунё иқтисодига анчайин уйғунлашган.

Лекин узоқ йиллар ёпиқ ва якканишин бўлган Ўзбекистон ҳақида бундай деб бўлмайди.

Айни дамда, Ўзбекистоннинг Хитой билан иқтисодий алоқалари тобора жипслашмоқда.

Бундай ҳолатда ўзбеклар АҚШ ёки Европани эмас, балки Хитойни кўпроқ тинглашлари эҳтимоли каттароқ бўлиши мумкин.

Бош савол эса - ушбу эҳтимолнинг ҳақиқатга айланиши қанчалик жиддий ё реал?

BBC News O'zbek - BBC News O'zbek tilida, onlayn, TV va ijtimoiy tarmoqlarda

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek