Ўзбекистон: Андижон вилоят ҳокими матбуот котиби аккаунтидаги ёзишмалар юзасидан жиноят иши очилди - O'zbekiston

Мирзоҳид Ботиров билан боғланиб бўлмаяпти Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Андижон вилоят матбуот котиби Мирзоҳид Ботиров билан боғланиб бўлмаяпти

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Мирзоҳид Ботиров аккаунтидан Facebookда олиб борилган ёзишмалар юзасидан жиноят иши очилди. Мирзоҳид Ботиров ҳақорат ва таҳдидларга тўла ёзишмаларни хакерлар ёзганини айтганди.

Андижон вилоят прокуратурасининг хабар беришича, Андижон вилояти ҳокими матбуот котиби Мирзоҳид Ботировга тегишли экани айтилаётган ёзишмалар юзасидан тергов олди текширув ўтказилди.

Ҳоким қариндошлари ҳам ҳақоратланган ёзишмалар юзасидан Жиноят кодексининг "Туҳмат" ва "Ҳақорат" моддалари бўйича иш очилди.

"Мазкур ҳолат юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилиши лозимлигини ҳисобга олинган ҳолда Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддалари билан жиноят иши кўзғатилди.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан Андижон вилояти ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Би-би-сига маълум қилишича, жиноий иш ҳоким матбуот котибига нисбатан очилмаган, балки ҳолат юзасидан очилган. Ҳозирча иш бўйича бирор гумонланувчи йўқ.

"Жиноий иш энди қўзғатилди, тергов йўли билан баҳо берилади", деди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Жиноят иши юзасидан тергов Андижон вилояти прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.

Ижтимоий тармоқларга сиздирилган ёзишмалар

Ижтимоий тармоқларга сиздирилган ёзишмалар Андижон вилоят ҳокими матбуот котиби Мирзоҳид Ботировга тегишли бўлган "Ёшлар олами" аккаунти шахсий ёзишмаларидир.

Ёзишмаларда ҳақорат ва сўкиш сўзлари ҳаддан зиёд кўп ишлатилган.

Вилоят ҳокими матбуот котиби профилидан ёзган шахс 30 декабр куни 15 суткага қамалган асакалик блогер Отабек Нуритдинов ҳокимнинг топшириғи билан қамалганини айтган.

"Ўзича осмонга чиқаётган блогерни жойини кўрсатиб қўйдик, 15 суткада мулла бўлди-ку асакалик ... ҳам. Ҳоким тиқиш деди тиқилди", дейилади ёзишмада.

Ботиров профилидан ёзган шахс қўқонликларни куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қилади.

Шунингдек, ёзишма эгаси вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ака-укаларига ён босмаслигини ва у ҳоким қариндошлари гапирса "бўғиб қўйгиси" келишини айтади.

"Қишлоқи увада бўлиб юришади. Ҳокимдан қолган кийимларни кийишиб. Гапирса шевасига бўғиб қўйгим келади", дейди Ботиров профилидан ёзган шахс.

Мирзоҳид Ботиров профили ёзишмалари шов-шув бўлганидан сўнг Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати номидан баёнот берилди.

Унда "Ёшлар олами" аккаунти Мирзоҳид Ботировга тегишли эканлиги тасдиқланди. Бироқ аккаунт "хакерлик" ҳужумига учрагани айтилди.

Мирзоҳид Ботиров прокуратура органига мурожаат қилган. Хабарда айтилишича, ёзишмалар ким томонидан олиб борилганига аниқлик киритилмоқда.

Ишни вилоят прокуратураси ўрганаётгани савол ва шубҳаларни пайдо қилди.

"Андижон вилоят ҳокимининг блогерни қамаш билан боғлиқ топшириғи бўйича хизмат текширувини Андижон вилоят прокуратураси олиб боради. Ажойиб. Шундай эмасми?", дейди Twitter фойдаланувчиси.

Мирзоҳид Ботиров профилидан ёзилган гаплар у хакерлар эмас, балки ўзи томонидан ёзилган бўлса, ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов вилоятдаги ҳуқуқ тартибот органларига таъсир қила олиш қудратига эга, деган маъно келиб чиқади.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Отабек Нуритдинов ишини Ички ишлар бўлими ўрганган ва суд қарор чиқарган.

Вилоят прокуратураси эса суд қарорини назорат тартибида ўрганиб чиқиб, у билан келишган.

Би-би-си Бош прокуратурадан ёзишмалардаги гапларни Мирзоҳид Ботиров даъво қилаётгандек, хакер эмас, вилоят котибининг ўзи ёзган бўлса, ушбу ишни ўрганиш Андижон вилоят вилоят прокуратурасига топширилиши қанчалик тўғри, дея сўради.

Бош прокуратура вилоят ҳокимининг прокуратурага таъсир ўтказа олиш қудрати борлигини рад қилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати блогер Отабек Нуритдиновнинг суд қарори вилоят прокуратураси томонидан ҳаққоний ўрганиб чиқилганини билдирди.

Мирзоҳид Ботиров профилини хакерлар бузиб кириб ушбу ёзишмаларни олиб боргани ҳақидаги тушунтириши кўплаб саволларни пайдо қилади.

Хакерлар бузган бўлса улар нимага шахсий ёзишма олиб борган. Иккинчи профилни ҳам хакер бузганми?

Тармоқларда янграётган саволлар талайгина.

Хакерлар Мирзоҳид Ботировнинг профилини бузган бўлса, нима учун ҳаммага кўринадиган саҳифасида ёзмаган. Агар мақсад вилоят ҳокими матбуот котибининг обрўсини тушириш бўлса уни ҳаммага кўринадиган жойга ёзган афзал эмасми?

Шахсийда ёзиб, уни иккинчи профилдан скриншот қилиб тарқатиш ортидан қандай мантиқ бор ва қандай мақсад бўлиши мумкин?

Би-би-си Андижон вилоят матбуот хизмати раҳбари Мирзоҳид Ботиров билан боғлана олмади.

Ундан хакерлар бузди, деганда нимани назарда тутгани. Хакерларнинг бузиши қандай кўринишда бўлгани ҳақида сўрамоқчи эдик.

Шунингдек, мутахассисларга кўра, Facebookда сизнинг профилингизга бошқа жойдан киришга ҳаракат бўлса, огоҳлантириш келади. Ва қаердан ҳамда қайси вақтда профилга кирилгани Facebook созламаларида кўриниб туради.

Биз вилоят ҳокими гапларининг исботи сифатида Facebook томонидан берилган ушбу огоҳлантиришларнинг скриншотларини кўрсатишни сўрамоқчи эдик.

Ижтимоий тармоқдагиларни шубҳага солаётган яна бир жиҳати, гўёки хакернинг Андижон шевасида ёзиши, ҳоким қариндошлари ва ҳокимликдаги бошқалар билиши мумкин бўлмаган деталларгача билиши бўлмоқда.

Гўёки Мирзоҳид Ботиров билан ёзишаётган иккинчи томон ҳақида маълумот йўқ. Аммо ёзишмаларда профил эгаси уни "шогирдим" ва "болам" дея мурожаат қилади. Бошқаларга айтолмайдиган дардларини унга айтишини айтади.

Эътиборли томони ёзишмалар айнан иккинчи профил томонидан скриншот қилинган.

Скриншот қилинаётган вақтда Мирзоҳид Ботиров онлайн бўлганини кўриш мумкин. Яъни ёзишмалар кетаётган вақтда у расмга олинаверган.

Бундан ташқари скриншот қилган ва уни оммага сиздирган шахс ёзишмалардаги айрим исмларнинг устидан кўринмайдиган қилиб чизганини кўриш мумкин.

Нима мақсадда бундай қилингани эса бошқа кўплаб саволлар каби очиқ қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek