Ўзбекистон ҳукуматида ишлаган амалдор Россия фойдасига жосуслик қилишда айбланаётган бўлиши мумкин O'zbekiston

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rafik Sayfullin
Image caption Рафик Сайфулин

Тошкентда истеъфодаги давлат амалдори ва сиёсатшунос Рафик Сайфулин ва қатор ҳарбийлар, хусусан генерал ва подполковник рутбасидаги зобитлар Россия фойдасига жосуслик қилишда айбланмоқда.

Улар устидан суд ёпиқ тарзда ҳарбий судда бўлиб ўтмоқда.

Суд иши ўтаётганини Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов Би-би-сига тасдиқлади, аммо суд иши ёпиқ тарзда ўтаётгани сабабли бошқа ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини айтди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов эса "бу иш бўйича прокуратура органлари терговни амалга оширмаган"ини Би-би-сига айтди.

Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига кўра, давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар ва жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар ёпиқ судда кўрилади.

Озодлик манбасига кўра, 61 яшар Сайфулин Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси, яъни давлатга хоинлик қилишда айбланмоқда.

Сайфулин билан биргаликда, Озодликка кўра, ўнга яқин собиқ ҳарбий ҳам Россия фойдасига жосуслик қилиш¸ давлат сирларини фош қилиш ва бошқа жиноятларда айбланиб судга тортилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Mikhail Svetlov
Image caption Президент Мирзиёев даврида ҳали ҳеч ким Ўзбекистонда Россияга жосуслик қилишда айбланмаганди

Мазкур манбага кўра, судланаётганлар орасида Мудофаа вазирлигининг "Ватанпарвар" газетаси мухбири, истеъфодаги подполковник Владимир Калошин ҳам бор. У давлат сирларини ошкор қилишда айбланмоқда.

Сайфулин 2001 йилгача Стратегик тадқиқотлар институти директори лавозимида, сўнгра эса асосан МХХга кадрлар тайёрловчи Стратегия ва истиқболни белгилаш олий мактабининг директори ўринбосари лавозимида ишлаган.

2005 йилги қонли Андижон воқеаларидан сўнг Рафик Сайфулин Ўзбекистондаги режим ҳимоячиси сифатида фикр бирдирувчи саноқли экспертлардан бири бўлиб танилганди.

Совет Иттифоқи даврида Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ)да зобит бўлиб хизмат қилган Сайфулин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига кўп йиллар раҳбарлик қилган Рустам Иноятов билан яқин алоқаларда бўлган.

Агар судга тортилаётганлар ҳақиқатдан ҳам Россия фойдасига Ўзбекистонга хиёнат қилишда айбланаётган бўлса, бу Президент Шавкат Мирзиёев даврида Россия билан боғлиқликда кўрилаётган очилган илк шундай айблов бўлади.

Мирзиёев даврида БМТ томонидан қораланган 157-модда бир неча бора қўлланилди, аммо одатда жосусликда айбланган шахслар Россия эмас, балки бошқа хорижий давлатларга ишлашда айбланганлар. Баъзи ҳолларда, хусусан собиқ дипломат Қодиржон Юсупов ишида унинг айнан қайси давлат фойдасига жосуслик қилгани очиқланмаган.

Рафик Сайфулин Ўзбекистондаги сиёсий воқеалар, ҳамда унинг бошқа давлатлар билан муносабатлари борасида Би-би-сига бир неча бор шарҳлар берган. Улар билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Президенти ҳам "кузатув" остидами?

Рафиқ Сайфуллин: "Гулнора Каримованинг катта сиёсатга лаёқати етмайди"

Ўзбекистонда АҚШ базаси очилиши ҳақидаги хабарлар давом этмоқда

"Ўзбекистонда араб давлатларидагидек революция бўлмайди"

Президент Каримов "янги эски" Путиндан нима кутмоқда?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek