Мирзиёев ва ислоҳотлар: Эътирофга эътиборми? - Тошкентдаги форумни The Economist ҳам ёритади - O'zbekiston

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Мирзиёев ва ислоҳотлар: Эътирофга эътиборми? - Ғарбнинг энг нуфузли The Economist ҳафталиги Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган энг йирик сармоя форумида қатнашади.

The Economist яқинда дунёнинг икки юзга яқин давлати орасидан Ўзбекистонни "Йилнинг мамлакати", деб топиб, катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Халқаро ҳафталик бундан кейин ҳам янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни ёритиб бормоқчи.

The Economist ҳафталиги яқинда Ўзбекистонни 2019 йили дунёда энг кўп яхши тарафга ўзгарган мамлакат, деб топган.

Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.

Янгилик Ўзбекистонгача қолган бирор бир Марказий Осиё давлати бу каби эътирофга лойиқ кўрилмагани билан ҳам хос аҳамият касб этганди.

Ўзбекистон: Президент Мирзиёев ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини топмаётганини эътироф этди

Қозоғистонда яшаш бахтми? Ойлик зўр, иш кўпми? - Ўзбекистон, Россия, Туркия, Корея, дунё - Ozbekiston

Ўзбекистон: Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида

Ўзбекистон ва Россия: АҚШ ислоҳотлар қайғусидами ёки ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи? - O'zbekiston

Акс-садолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи STRINGER

Ўзбекистон яқин-яқингача, аксарият таҳлилчилар эътирофида, дунёнинг "энг ёпиқ", "энг мустабид", "энг репрессив" ва "диктатура ҳукмрон" саноқли давлатларидан бирига қиёс бериб келинган.

Худди шу боис ҳам, Ўзбекистон билан боғлиқ кутилмаган бу янгилик халқаро миқёсда акс-садо берган.

Янги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар сиёсатининг халқаро миқёсдаги эътирофидек янграган.

Президент Мирзиёев ўзининг ички ва ташқи сиёсати билан бор-йўғи уч йилнинг ўзида дунёни тан олдиргандек кўринган.

Бу янгилик ўшанда Ўзбекистоннинг ўзида ҳам сарлавҳаларга чиққан, кибер фазода энг кўп улашилган, энг кўп ёқтирилган ва энг кўп коментларга сабаб постлардан бирига айланган.

The Economist ҳафталиги эътирофи шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев диққат-эътиборидан ҳам четда қолмаган.

Мирзиёев мазкур янгиликка орадан саноқли кунлар ўтиб ўз муносабатини билдирган.

Ўзбекистон Президенти 28 декабрь куни Навоий вилоятига қилган ташрифи чоғида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган.

Бу каби эътирофнинг "тагида катта меҳнат ётгани"ни айтган.

"Буюк Британиянинг жуда нуфузли журнали ҳеч қачон унча-мунча давлатни бундай натижага эришган давлат, деб мақтамайди", деган.

Президент Шавкат Мирзиёев "лекин бунинг биринчи қадам" эканини алоҳида таъкидлаган.

"Шунга доимо муносиб бўлиш учун ҳар куни, ҳар дақиқа, ҳар соат, ҳар йил ўз устларида ишлашлари керак"лигини айтган.

Бу ўшанда Ўзбекистон Президентининг кибер фазодаги янгиликлардан қанчалик бохабар эканининг яна бир далолати бўлиб ҳам хизмат қилган.

Шавкат Мирзиёев бунинг ортидан ҳам The Economist ҳафталиги эътирофига бир эмас, бир неча бор қайта тўхталган.

Янги Ўзбекистон ва ўзгаришлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jean-Michel COUREAU

Халқаро ҳафталик эса, Ўзбекистонни йилнинг мамлакати, дея эътироф этаркан, Мирзиёев бошқаруви остида мамлакатда кузатилган қатор йирик ўзгаришларга ўз эътиборини қаратган.

Янги Ўзбекистоннинг қандай қилиб замонавий қулдорлик - мажбурий меҳнатга барҳам бергани, йилларки, халқаро миқёсда жиддий танқид, хавотир ва ташвишларга сабаб бўлиб келаётган "Жаслиқ" қамоқхонасини ёпгани, айримлари билан ҳатто сув устидан уруш ёқасига бориб қолган минтақа давлатлари билан алоқаларини қисқа вақтнинг ичида буткул ўнглаб олганини инобатга олган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, яхши қўшничиликка асосланган минтақавий ташқи сиёсати - Шавкат Мирзиёев президентлигининг халқаро миқёсда эътироф этилган, хосан диққат-эътиборга сазовор энг муҳим жиҳатларидан бири бўлади.

Бу каби ўзгаришлар аксарият минтақавий таҳлилчилар эътирофида "мисли кўрилмаган", дея баҳо топиш билан бирга, Ўзбекистон янги президентининг қатъий сиёсий истак ва иродасига ҳам йўйилган.

Мустақил Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида битта президент - Ислом Каримов бошқариб келган.

Унинг кутилмаган вафоти ортидан қудратга келган Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида кенг қамровли ислоҳотларни эълон қилган.

Аҳолиси минтақада энг йириги (қарийб 34 миллион - таҳр.) бўлган мамлакати иқтисодини либераллаштириш, асосларини турфалаштириш ва четдан кўпроқ сармоя жалб этиш саъй-ҳаракатларига зўр берган.

Бу каби ўзгариш ва янгиланишлар, асрларки, иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизлик ҳануз долзарб муаммолигича қолаётган бир манзарада кузатилган.

Неча ўн йилларки тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтаётган миллионлаб фуқароларини ишли қилиш - мамлакатнинг ўзида янгидан янги иш ўринлари яратиш ҳаракатлари фонида бўй кўрсатган.

Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш масаласига президент даражасида эътибор қаратилган.

Бошқарувининг учинчи йилига келиб, ўзи эълон қилган кенг қамровли ислоҳотлар ижросидаги сусткашликлар шахсан Президент Мирзиёевнинг ўзи томонидан бир эмас, бир неча бор эътироф этилган.

Худди шу манзарада ислоҳотлар масаласи янги Ўзбекистон Президентининг, айниқса, сўнгги ойлардаги чиқишларининг яна ажралмас қисмига айланган.

Шавкат Мирзиёев яқинда Ўзбекистон Олий мажлисига қилган йиллик мурожаатида ҳам худди шу масалага алоҳида тўхталиб ўтган.

Ўзбекистон Президенти 2020 йилни Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилган.

Келаси беш йил ичида рақамли иқтисодга ўтиш вазифасини ўз олдларига мақсад қилиб қўйган.

Бизнес юритиш муҳити бўйича дунёнинг энг олд эллик давлати сафига кириш ниятини изҳор қилган.

Камбағалликни аритишга қаратилган махсус барнома ишлаб чиқилиши, ҳали-ҳануз мустақил Ўзбекистоннинг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлган коррупцияга қарши курашувчи махсус идорани ташкил этишга ҳам улгурган.

Айнан ўзининг мамлакат парламентига сўнгги мурожаатида Шавкат Мирзиёев бир Ўзбекистон Президенти сифатида мамлакати аҳолиси орасида камбағаллари ҳам борлигини расман ва ошкора эътироф этган.

Президент Мирзиёев буни ортиқ яшириб юришга ҳақлари йўқлигини айтган.

Ўзбекистон Президенти ўз мурожаатида камбағаллар сонини 4-5 миллионга нисбат берган.

Бу расмийси эса-да, ҳатто, шахсан президентнинг ўзи айтган рақамларининг кичкина эмаслигини алоҳида урғулаган.

Президент Мирзиёев яқинда, ҳатто, четда меҳнат миграциясида банд катта сондаги фуқароларини ҳам ўйлаб, йирик-йирик интеграцияларга бош қўшиш ниятлари борлигини маълум қилган.

Бунинг мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид эканига оид ҳатто мустақил Ўзбекистон биринчи президентининг огоҳлиги фонида айтилган бу гаплар янги президентининг ўз мамлакати иқтисодини жонлантириш учун қандай хавф-хатарларга тайёр эканига далолат қилмай қўймаган.

Ўз ўрнида, Шавкат Мирзиёев "ким Ўзбекистон мустақиллигини бериб қўйиши"ни ҳам шахсан ўзи баён қилган президент бўлади.

Айнан коррупция Ўзбекистон иқтисодини тараққий топтириш, мамлакатга йирик миқдордаги чет эл саромояларини жалб қилиш ва уларни ҳаракатга солиш йўлидаги энг асосий тўсиқлардан бири сифатида кўрилади.

Ўзбекистон ва янги имкониятлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AGF

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг табиий заҳираларга бой учта давлатидан биттаси бўлади.

Дунёдаги энг йирик пахта ва олтин экспортерларидан бири саналади.

Жаҳоннинг иқтисодий қудратлари учун жозибадор бўлган салмоқли арзон ишчи кучига эга мамлакат ҳисобланади.

Дунёдаги туристик потенциали юқори саноқли давлатлардан бири бўлади.

Глобал қудратлар наздида минтақадаги энг муҳим геостратегик давлат сифатида эътироф этилади.

Уларнинг диққат-эътиборларидаги, манфаат ва қизиқишлари тўқнашган, геосиёсий ва геоиқтисодий рақобатлари марказида мамлакат сифатида кўрилади.

Аммо Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистондаги бизнес юритиш муҳити издан чиқиб бўлган.

Таъбир жоиз, иқтисодда ҳам ёпиқ Ўзбекистон хорижлик сармоядор учун ҳар томонлама ўзининг жозибадорлигини йўқотиб бўлган.

Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида янги Ўзбекистон мавжуд вазиятни ўзгартириш ҳаракатларига зўр берган.

Ўтган йил охирида ҳатто Британия пойтахти Лондонда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш, мамлакатга сармояларни жалб қилиш мақсадида йирик анжуман уюштирган.

Ўтган бир неча йил ичида мисли кўрилмаган, деб айтилган UzInvest форуми Ўзбекистонни жаҳон бозорига кириши учун ноёб имконияти сифатида таърифланган.

Лондондаги ана шу анжумандан саноқли ойлар ўтиб эса, Ўзбекистон пойтахт Тошкентда биринчи йирик халқаро сармоя форумини ўтказиш режаси билан чиққан.

Расман маълум қилинишича, бу каби форум мустақил Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган.

Унда аллақачон бир ярим мингдан ортиқ хориж ҳукуматлари юқори мартабали мулозимлари, халқаро ширкатлар, банклар, молиявий институтлар ижроий раҳбарлари, халқаро экспертлар ва оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш истагини билдиришгани айтилмоқда.

Расмий хабарларга кўра, айнан Буюк Британиядаги Ўзбекистон элчисининг The Economist Бош муҳаррири билан 11 февраль кунги учрашуви чоғида ҳафталик мухбирини ҳам ана шу форумда қатнашувчи журналистлар сафига киритиш борасида келишиб олинган.

Бу учрашув ҳақида расмий Тошкент Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги даражасида хабар берган.

Бунақаси ҳам мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмагани билан алоҳида диққат-эътибор тортган.

Вазирлик элчи ва Бош муҳаррир суҳбати чоғида ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари муҳокама қилинганини билдирган.

Мазкур хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, The Economist ҳафталиги раҳбарияти ўз ўқувчилари, айниқса, халқаро ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистондаги иқтисодий эркинлаштириш жараёнларига қизиқишларини алоҳида қайд этиб ўтган.

Ўзбекистондаги ислоҳотларни ёритишда давом этиш ниятини билдирган.

Бош муҳаррир Занни Беддоес бу гал янги Ўзбекистонга ташриф буюришга қизиқиш билдирган.

The Economist мухбири ўтган йил июль ойида Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтказилган.

Ўзбекистонда янги иш бошлаган мухбир Марказий Осиё бўйича йирик таҳлилчи, "Қора соялар: Қозоғистон сирли дунёси ичида" китоби муаллифи Жоанна Лиллис бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK/JOANNA LILLIS

The Economist мухбири сифатида аккредитациядан ўтиши ортидан, у Ўзбекистон ажойиб ислоҳотлар жараёни ичида яшаётганини айтган.

"Бу ғаройиб мамлакатда юз бераётган ҳодисаларни дунёга таратишни интиқиб кутаётганлиги"ни айтган.

Ўзбек ҳукуматининг ўзини аккредитациядан ўтказиш қарори Ўзбекистоннинг эркин матбуот учун очиқ эканини англатувчи ижобий ва қувонарли дарак эканига ишонишини билдирганди.

Амалдаги сўз ва матбуот эркинлиги эса, судларнинг мустақиллиги, инсон ҳуқуқлари, диний ва фуқаровий эркинликларнинг даражаси билан бирга бир мамлакатнинг хорижлик сармоядорлар учун жозибаси ва ишончлилик даражасини белгиловчи энг муҳим меъёрлардан бири сифатида эътироф этилади.

Айрим мутахассислар баҳосига таянилса, янги Ўзбекистонга чет эллик ётиримчиларнинг қизиқиши ортаётган эса-да, улар кўпчилиги ҳозирча "етти ўлчаб, бир кес" ақидаси билан иш юритишмоқда.

"Ўзбекистондаги жараённи кузатиб турибдилар ва ҳали киришга тайёр эмаслар...".

Янги президентининг саъй-ҳаракатларидан эса, янги Ўзбекистоннинг бу борадаги қатъий аҳдидан ортга қайтмайдиган кўринади.

Шавкат Мирзиёевнинг қайта-қайта қайд этишича, ислоҳотлар ҳеч қайси мамлакатда осонликча амалга оширилган эмас.

Янги Ўзбекистон Президенти ислоҳотлардан ортга қайтмаслик, "хуфиёна иқтисод"ни очиққа чиқариш, суд тизимини ислоҳ қилиш ва коррупцияга қарши курашишга ваъда берган.

Шавкат Мирзиёев президент бўлгунига қадар 13 йил Ўзбекистон Бош вазири лавозимида ишлаган ва амалда қарийб 20 йилдан буён ҳокимиятда.

Янги президент орада Ўзбекистон ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги таназзулий вазиятни ўнглаш учун, ҳатто, ҳукуматда икки йиллик фавқулодда ҳолат эълон қилиш даражасига борган.

Жорий пайтда Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев президентлигининг тўртинчи йили кетмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ