Ўзбекистон: Боксдаги зўравонликлар бўлажак чемпионлар орзусини бўғмоқдами? O'zbekiston (видео)

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

16 яшар Рихситилла болаликдаги орзусини амалга ошириш - бокс бўйича олимпиада чемпионига айланиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига ўқишга киргани, аммо ушбу таълим даргоҳида руҳий ва жисмоний қийноқларга дуч келганини айтади.

Тошкентлик Рихситилла тўққиз ёшидан бери бокс билан шуғулланиб келади.

Отаси Равшан аканинг таъкидлашича, афсонавий боксчи, «Тошкент йўлбарси» номини олган Руфат Рисқиевнинг шахсан ўзи Рихситилланинг болалигидан «қўлидан етаклаб», бокс мактабига олиб борган.

Рихситилланинг ўзи ҳам Руфат Рисқиевни устоз сифатида билиши ва орзуси у каби донгдор боксчига айланиш эканини маълум қилади.

"Руфат ака олимпиада чемпиони бўлолмаганлар. Иккинчи ўринни олганлар. Мен тинмай меҳнат қилиб, уларнинг орзуларини рўёбга чиқармоқчиман - бокс бўйича олимпиада чемпиони бўлмоқчиман", дейди у қатъий аҳд ила.

Онаси Гулнора Қурбонованинг билдиришича, Рихситилладаги иқтидорни пайқаган мураббийлар уни Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига ўқишга беришни тавсия қилганлар, олимпиада чемпионига айланиш томон йўл айнан ана шу мактаб орқали ўтишини таъкидлаганлар.

«15 ёшида боламни не-не орзулар билан шу мактабга ўқишга бердик, аммо кўп ўтмай, унинг руҳиятида салбий ўзгаришлар пайдо бўлганини пайқаб қолдик», маъюс сўзлайди она.

«Яхши натижа кўрсатмагани учун ҳайдалди»

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Ўзбек бокси афсонаси билан

Рихситилланинг отаси Равшан ака мактаб-интернат ўз уйидан атиги «4 чақирим» нарида бўлишига қарамай, фарзанди машғулотлардан чалғимаслиги учун уни ётоқхонага жойлаштиргани ҳақида гапиради.

«Мен болаларим эркин ўсиши, йўлини ўзи топиб кетишини истайман. Шунинг учун уларни ҳа, деб тергайвермайман. Рихситилла ҳам уйга икки ҳафта, ойда бир марта келиб кетарди. Бундан унча хавотир олмасдим», билдиради у.

Гулнора опа эса мактабга киргандан сўнг ўғлининг кайфияти ўзгариб қолганини сезганини айтади.

«У олдингидек қувноқ эмас эди. Камгап, одамови бўлиб қолганди. Биз билан ҳам очиқ гаплашмай қўйди».

Она кунларнинг бирида Рихситилланинг баданида зўравонлик аломатларини тасодифан кўриб қолади.

Шундан сўнг мактабдаги зўравонликларни яшириб келган Рихситилла бор гапни ота-онасига очиқлашга мажбур бўлади.

"Мураббийи арзимаган хато учун ҳам болаларни сакраш арқончаси билан урар, уларни сўкиб, руҳий босим ўтказар экан", дейди Гулнора опа.

Ҳолатдан хабар топган Равшан ака ўғлининг танасида қолган жароҳат излари юзасидан изоҳ сўраб, мураббий А.Ҳ билан учрашганини айтади.

«У тайинли бир гап айтолмади, лекин ҳаммаси ана шу учрашувдан сўнг бошланди», сўзлайди ота.

Унинг маълум қилишича, январь ойи сўнгги оила «яхши натижа кўрсата олмади» важи билан мактаб директори буйруғи асосида ўқишдан ҳайдалганидан хабар топади.

«Мактабга бориб, директордан буйруқда кўрсатилган сабабни асослаб беришини сўрадим, у буйруқни мураббий А.Ҳ хулосаси асосида чиқарганини айтди. А.Ҳ эса бу буйруққа алоқаси йўқлигини таъкидлашдан бошқасига ўтмади».

«Шундан сўнг мен буларнинг ҳаммасига ўғлимга жоним ачиб, мураббийни сўроққа тутганим сабаб бўлган, деган қарорга келдим», сўзлайди Равшан ака.

«Орзуларимни чилпарчин қилишди»

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption «Орзуйим буюк боксчи бўлиш"

Рихситилланинг ўзи ота-онаси барчасидан хабардор бўлмагунга қадар мактабдаги «қийинчиликларга тишини тишига қўйиб» чидаб келганини айтади.

«Орзуйим буюк боксчи бўлиш. Бу орзуга эришиш учун ҳамма нарсага чидаб келаётган эдим. Мактабдаги руҳий ва жисмоний зўравонликларга кўз юмаётгандим. Ўзи спортчи ҳамма нарсага чидаши керак».

«Лекин дадамнинг менга жони ачишиб, шунчаки жароҳатларимни сўроқлаб боргани учун мени ноҳақ ўқишдан ҳайдашди. Орзуларимни чилпарчин қилишди», дейди у.

Рихситилланинг сўзлашича, мактаб-интернатда бокс йўналиши бўйича таҳсил олаётган болаларнинг аксарияти мураббийнинг зўравонликлари туфайли руҳан тушкун аҳволда.

«У одам 80 боладан беш-ўнтасини атрофига териб олган. Қолган болаларга эътибор қаратмайди. Комиссия ёки бошқа нарса келса, ўзининг териб олган болаларини кўрсатади, бошқаларни натижа кўрсатмасликда айблайди», маълум қилади Рихситилла.

Би-би-си билан боғланган самарқандлик Улуғбек ҳам айнан Рихситилла тасвирлаган ҳолат туфайли ўғлини ушбу мактаб-интернатдан қайтариб олишга мажбур бўлганини таъкидлайди.

"Ўзим 30 ёшимгача спорт ичида ўсганман. Ўғлим ҳам болалигидан машғулотларда чиниққан. Шу мактабга уни қанча ниятлар билан киргиздик, лекин айнан А.Ҳ.нинг зўравонликларига болаликдан чиниққан ўғлим ҳам чидолмади. Аламдан мени қайтариб олиб кетинглар, деди. Мактабдан чиқариб олишга мажбур бўлдик", дейди у.

«Бу бутун республикада олимпиада учун чемпионлар тайёрлайдиган, жойларга спорт мураббийлари етиштирадиган ягона олий даргоҳ. Агар шундай жойда болаларга бунақа тазйиқ ўтказилса, улардан қанақа чемпион чиқиши мумкин?» савол беради Рихситилланинг отаси Равшан ака.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

"Майли, ўғлим шу мактабда ўқимасин, олимпиадада Ўзбекистон байроғини кўтармасин. Унинг иқтидори бор - чет элга юборсам ҳар қанақа бокс клубида ўрнини топиб кета олади. Бироқ ҳозир у ерда ўқиётган ўнлаб болаларнинг тақдиричи? Улар ота-онасидан 400-500 километр узоқда, бир фашистнинг қўлида қийналиб юраверадими? Бу мактабда зудлик билан текширув ўтказилиб, назорат ўрнатилиши керак", давом этади у.

1974 йилда жаҳон чемпиони номини қўлга киритган афсонавий боксчи Руфат Рисқиев эса Би-би-си билан суҳбатда бу соҳа вакиллари учун руҳий саломатлик биринчи ўринда туришини маълум қилади.

«Ман бу ҳақида эшитиб ҳайрон қолдим. Шунча йиллик фаолиятим давомида ўқувчиларига бунчалик тазйиқ ўтказадиган мураббийни энди эшитишим».

"Бизнинг даврдаги бокс мактабида ўқувчиларни чертиш уёқда турсин, ҳатто, бир оғиз сўкишмасди. Ахир ақл-ҳушида муаммо бўлган бола рингда қандай жанг қилади?" ажабланади у.

Би-би-си Рихситилла ва ота-оналар шикояти бўйича Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, хусусан, мактаб ўқувчиларини қийноққа тутгани иддао қилинган мураббий билан боғланди.

Аввалига, сўзлашга рўйхушлик берган мураббий А.Ҳ. кейинроқ телефон орқали «иш вақти бошланиб қолгани сабабли » ҳеч ким билан гаплаша олмаслигини таъкидлади.

Шундан сўнг Би-би-си Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирлик расмийси ушбу ҳолат юзасидан аллақачон шикоят қабул қилингани ва мураббийнинг ўзидан тушунтириш хати олингани ҳамда текширув натижалари яқин орада маълум қилинишини билдирди.

Бокс афсонаси Руфат Рисқиев: ‘Пенсияни кўпроқ қилишсин...’

Шаҳрам Ғиёсов: Ўзбекистонда ҳар доим бокс зўр бўлган, шунинг учун медаллар кўп

Бокс: Ўзбекистон Осиёда рекорд ўрнатди

Lotinda

Oʻzbekiston: Boksdagi zoʻravonliklar boʻlajak chempionlar orzusini boʻgʻmoqdami?

16 yashar Rixsitilla bolalikdagi orzusini amalga oshirish - boks boʻyicha olimpiada chempioniga aylanish maqsadida Respublika ixtisoslashtirilgan olimpiya zaxiralari maktab-internatiga oʻqishga kirgani, ammo ushbu taʼlim dargohida ruhiy va jismoniy qiynoqlarga duch kelganini aytadi.

Toshkentlik Rixsitilla toʻqqiz yoshidan beri boks bilan shugʻullanib keladi.

Otasi Ravshan akaning taʼkidlashicha, afsonaviy bokschi, "Toshkent yoʻlbarsi" nomini olgan Rufat Risqiyevning shaxsan oʻzi Rixsitillaning bolaligidan "qoʻlidan yetaklab", boks maktabiga olib borgan.

Rixsitillaning oʻzi ham Rufat Risqiyevni ustoz sifatida bilishi va orzusi u kabi dongdor bokschiga aylanish ekanini maʼlum qiladi.

"Rufat aka olimpiada chempioni boʻlolmaganlar. Ikkinchi oʻrinni olganlar. Men tinmay mehnat qilib, ularning orzularini roʻyobga chiqarmoqchiman - boks boʻyicha olimpiada chempioni boʻlmoqchiman", deydi u qatʼiy ahd ila.

Onasi Gulnora Qurbonovaning bildirishicha, Rixsitilladagi iqtidorni payqagan murabbiylar uni Respublika ixtisoslashtirilgan olimpiya zaxiralari maktab-internatiga oʻqishga berishni tavsiya qilganlar, olimpiada chempioniga aylanish tomon yoʻl aynan ana shu maktab orqali oʻtishini taʼkidlaganlar.

"15 yoshida bolamni ne-ne orzular bilan shu maktabga oʻqishga berdik, ammo koʻp oʻtmay, uning ruhiyatida salbiy oʻzgarishlar paydo boʻlganini payqab qoldik", maʼyus soʻzlaydi ona.

"Yaxshi natija koʻrsatmagani uchun haydaldi"

Rixsitillaning otasi Ravshan aka maktab-internat oʻz uyidan atigi "4 chaqirim" narida boʻlishiga qaramay, farzandi mashgʻulotlardan chalgʻimasligi uchun uni yotoqxonaga joylashtirgani haqida gapiradi.

"Men bolalarim erkin oʻsishi, yoʻlini oʻzi topib ketishini istayman. Shuning uchun ularni ha, deb tergayvermayman. Rixsitilla ham uyga ikki hafta, oyda bir marta kelib ketardi. Bundan uncha xavotir olmasdim", bildiradi u.

Gulnora opa esa maktabga kirgandan soʻng oʻgʻlining kayfiyati oʻzgarib qolganini sezganini aytadi.

"U oldingidek quvnoq emas edi. Kamgap, odamovi boʻlib qolgandi. Biz bilan ham ochiq gaplashmay qoʻydi".

Ona kunlarning birida Rixsitillaning badanida zoʻravonlik alomatlarini tasodifan koʻrib qoladi.

Shundan soʻng maktabdagi zoʻravonliklarni yashirib kelgan Rixsitilla bor gapni ota-onasiga ochiqlashga majbur boʻladi.

"Murabbiyi arzimagan xato uchun ham bolalarni sakrash arqonchasi bilan urar, ularni soʻkib, ruhiy bosim oʻtkazar ekan", deydi Gulnora opa.

Holatdan xabar topgan Ravshan aka oʻgʻlining tanasida qolgan jarohat izlari yuzasidan izoh soʻrab, murabbiy A.H bilan uchrashganini aytadi.

"U tayinli bir gap aytolmadi, lekin hammasi ana shu uchrashuvdan soʻng boshlandi", soʻzlaydi ota.

Uning maʼlum qilishicha, yanvar oyi soʻnggi oila "yaxshi natija koʻrsata olmadi" vaji bilan maktab direktori buyrugʻi asosida oʻqishdan haydalganidan xabar topadi.

"Maktabga borib, direktordan buyruqda koʻrsatilgan sababni asoslab berishini soʻradim, u buyruqni murabbiy A.H xulosasi asosida chiqarganini aytdi. A.H esa bu buyruqqa aloqasi yoʻqligini taʼkidlashdan boshqasiga oʻtmadi".

"Shundan soʻng men bularning hammasiga oʻgʻlimga jonim achib, murabbiyni soʻroqqa tutganim sabab boʻlgan, degan qarorga keldim", soʻzlaydi Ravshan aka.

"Orzularimni chilparchin qilishdi"

Rixsitillaning oʻzi ota-onasi barchasidan xabardor boʻlmagunga qadar maktabdagi "qiyinchiliklarga tishini tishiga qoʻyib" chidab kelganini aytadi.

"Orzuyim buyuk bokschi boʻlish. Bu orzuga erishish uchun hamma narsaga chidab kelayotgan edim. Maktabdagi ruhiy va jismoniy zoʻravonliklarga koʻz yumayotgandim. Oʻzi sportchi hamma narsaga chidashi kerak".

"Lekin dadamning menga joni achishib, shunchaki jarohatlarimni soʻroqlab borgani uchun meni nohaq oʻqishdan haydashdi. Orzularimni chilparchin qilishdi", deydi u.

Rixsitillaning soʻzlashicha, maktab-internatda boks yoʻnalishi boʻyicha tahsil olayotgan bolalarning aksariyati murabbiyning zoʻravonliklari tufayli ruhan tushkun ahvolda.

"U odam 80 boladan besh-oʻntasini atrofiga terib olgan. Qolgan bolalarga eʼtibor qaratmaydi. Komissiya yoki boshqa narsa kelsa, oʻzining terib olgan bolalarini koʻrsatadi, boshqalarni natija koʻrsatmaslikda ayblaydi", maʼlum qiladi Rixsitilla.

Bi-bi-si bilan bogʻlangan samarqandlik Ulugʻbek ham aynan Rixsitilla tasvirlagan holat tufayli oʻgʻlini ushbu maktab-internatdan qaytarib olishga majbur boʻlganini taʼkidlaydi.

"Oʻzim 30 yoshimgacha sport ichida oʻsganman. Oʻgʻlim ham bolaligidan mashgʻulotlarda chiniqqan. Shu maktabga uni qancha niyatlar bilan kirgizdik, lekin aynan A.H.ning zoʻravonliklariga bolalikdan chiniqqan oʻgʻlim ham chidolmadi. Alamdan meni qaytarib olib ketinglar, dedi. Maktabdan chiqarib olishga majbur boʻldik", deydi u.

"Bu butun respublikada olimpiada uchun chempionlar tayyorlaydigan, joylarga sport murabbiylari yetishtiradigan yagona oliy dargoh. Agar shunday joyda bolalarga bunaqa tazyiq oʻtkazilsa, ulardan qanaqa chempion chiqishi mumkin?" savol beradi Rixsitillaning otasi Ravshan aka.

"Mayli, oʻgʻlim shu maktabda oʻqimasin, olimpiadada Oʻzbekiston bayrogʻini koʻtarmasin. Uning iqtidori bor - chet elga yuborsam har qanaqa boks klubida oʻrnini topib keta oladi. Biroq hozir u yerda oʻqiyotgan oʻnlab bolalarning taqdirichi? Ular ota-onasidan 400-500 kilometr uzoqda, bir fashistning qoʻlida qiynalib yuraveradimi? Bu maktabda zudlik bilan tekshiruv oʻtkazilib, nazorat oʻrnatilishi kerak", davom etadi u.

1974-yilda jahon chempioni nomini qoʻlga kiritgan afsonaviy bokschi Rufat Risqiyev esa Bi-bi-si bilan suhbatda bu soha vakillari uchun ruhiy salomatlik birinchi oʻrinda turishini maʼlum qiladi.

"Man bu haqida eshitib hayron qoldim. Shuncha yillik faoliyatim davomida oʻquvchilariga bunchalik tazyiq oʻtkazadigan murabbiyni endi eshitishim".

"Bizning davrdagi boks maktabida oʻquvchilarni chertish uyoqda tursin, hatto, bir ogʻiz soʻkishmasdi. Axir aql-hushida muammo boʻlgan bola ringda qanday jang qiladi?" ajablanadi u.

Bi-bi-si Rixsitilla va ota-onalar shikoyati boʻyicha Respublika ixtisoslashtirilgan olimpiya zaxiralari maktab-internati, xususan, maktab oʻquvchilarini qiynoqqa tutgani iddao qilingan murabbiy bilan bogʻlandi.

Avvaliga, soʻzlashga roʻyxushlik bergan murabbiy A.H. keyinroq telefon orqali "ish vaqti boshlanib qolgani sababli " hech kim bilan gaplasha olmasligini taʼkidladi.

Shundan soʻng Bi-bi-si Jismoniy tarbiya va sport vazirligiga murojaat qildi.

Vazirlik rasmiysi ushbu holat yuzasidan allaqachon shikoyat qabul qilingani va murabbiyning oʻzidan tushuntirish xati olingani hamda tekshiruv natijalari yaqin orada maʼlum qilinishini bildirdi.

Бу мавзуда батафсилроқ