Четдаги олабўжи: Мирзиёевдан ким Каримов ясамоқчи? Ўзбекистон Ozbekiston

Коллаж
Image caption Ўзбекистон яна Каримов даврига қайтадими? Бу савол кўпчиликни хавотирга солади.

Ўзбекистонда ҳукумат танқидчиларидан халқ душмани ясаш яна бошланмоқдами?

Кейинги кунлари худди ана шундай хавотирли фикрлар ижтимоий тармоқларда айланмоқда.

Ҳаммаси яқинда "Ўзбекистон овози" газетаси бош муҳаррири ва депутат Сафар Остоновнинг "Ўзбекистонга зиёнингиз тегмасин" сарлавҳали мақоласи ортидан бошланди.

Муаллиф ўз чиқишида ҳозир АҚШда яшовчи собиқ депутат ва журналист Жаҳонгир Муҳаммадни бўҳтон хабарлар тарқатиш ва бир пайтлар Ўзбекистонда давлат тўнтариши қилишга уринишда айблайди.

Кўпчилик, бу мақола - мамлакат раҳбарияти истагими ёки, аксинча, Президент Мирзиёев ислоҳотларига қарши қаратилган амалми, деб сўрай бошлашган.

Совет даври ва Мустақилликнинг ўтган чорак асри давомида махсус хизматлар буйруғи билан муайян шахслардан олабўжи ясовчи шундай мақолалар ёзилар, кўрсатувлар тайёрланарди.

Шу сабабли, айни мақола ҳам буюртмами, деган хавотир билдирилмоқда.

Агар мазкур хавотир рост бўлса, унда Ўзбекистон бугун Президент Мирзиёев танлаган ислоҳот ва очиқлик йўлидан ортга чекинмоқда, деган фикр туғилиши мумкин.

Олдинлари ижтимоий тармоқларда изоҳ қолдирган аксар ўзбекистонликлар бундай мақолалардан сўнг "жаннатмакон юртдаги тинчликни ва бутун дунё ҳавас қилаётган юксак тараққиётни кўролмаётган четдаги ғаламис кучлар"ни айблашга тушишарди.

Бироқ бу сафар ижтимоий тармоқлардаги кўплаб ўқувчилар мақола муаллифи фикрларига қарши чиқишмоқда.

Баъзилар ушбу мақола Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга бутунлай қарши, деган.

Айримлар эса наҳотки мамлакат ичкарисида Президент Мирзиёев бошлаган ўзгаришларга қарши чиқаётган кучлар бор, деган саволларни ҳам сўрашмоқда.

Гап аслида нимада? Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳам мақола муаллифи, ҳам қаҳрамони билан боғланди. Видео:

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон нега дунёда 2019 йил мамлакати бўлди?

Ўзбекистон кимни танлайди: АҚШ ё Хитой?

Дунё Мирзиёевга билдирган ишонч муддати қачон тугайди?

Баҳсда шунингдек, Франциядан таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳам қатнашди ва битта мақола Ўзбекистон бошлаган йўлидан қайтиш-қайтмаслигини англатишини таҳлил қилди.

Ўзбекистонда ҳам, ташқарида ҳам кўпчилик Президент Мирзиёев бошлаган ўзгаришлар ортга чекиниб, мамлакат яна чорак аср ҳукм сурган шафқатсиз диктатура даврига қайтиши мумкинми, деган қўрқувлардан бутунлай ҳоли бўлмаган.

Депутат Сафар Остонов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашди, аммо ўз мақоласи қаҳрамони Жаҳонгир Муҳаммад билан баҳсга киришишни истамаслигини билдирди.

Шу боис мақола муаллифи Сафар Остонов ва қаҳрамони Жаҳонгир Муҳаммад билан алоҳида суҳбатлашдик.

Бошловчи - Рустам Қобил.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek