Ўзбекистонда аёл киши ҳоким бўлди, янгилик билан Саида Мирзиёева ҳам бўлишди - янги Ўзбекистон ва Мирзиёев - O'zbekiston

Саида Мирзиёева Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/official

Ўзбекистонда аёл киши ҳоким бўлди, янгилик билан Саида Мирзиёева ҳам бўлишди - аёллар энди "қўрқмаса бўлади"ми? - янги тайинлов Ўзбекистон Президенти тўнғич қизининг юқори минбардан туриб айтган ана шу сўзларидан кун ўтиб, амалга ошди.

Дилфўза Уралова ҳозирча Ўзбекистонда амалдаги ягона аёл ҳокимга айланди.

У Боёвут тумани ҳокими этиб тайинланди.

Дилфўза Уралова бунгача Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Аммо мустақил Ўзбекистон тарихида аёл кишининг бир вилоят ҳокими этиб тайинлангани ҳалича кўзга ташланмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Мустақил Ўзбекистон тарихида хотин-қизлар эришган энг юқори мақом ҳозирча ҳукумат вазири ва Сенат раислигидан нарига ўтмаган.

Саида Мирзиёеванинг бу сўзлари эса, кеча, душанба куни Дубайда поёнига етган Бутунжаҳон аёллар форуми чоғида янграган.

Форумнинг илк кунида чиқиш қилган Саида Мирзиёева, "энди улар(ўзбек, ўзбекистонлик аёллар - таҳр.)нинг гавдаларини тик тутишлари ва барча жабҳада ўз қобилиятларини қўрқув ва чекловларсиз кўрсатиш вақти келди", деб айтган.

Икки кунлик халқаро форумда Ўзбекистонни, ўзбекистонлик аёлларни Саида Мирзиёева намоён этган.

Четдаги ўзбеклар нимадан хавотирда? - Мирзиёев даври Ўзбекистони ва сайлов

Ўзбекистон, Тошкент: Сиёсат эркаклар ишими ёки постимнинг Мирзиёев сиёсатига алоқаси йўқ

Ўзбекистон: Бош вазир ўринбосари сўзлари Мирзиёев сиёсатига зидми?

Саида Мирзиёева ҳозир Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари бўлади.

Бундан ташқари, яна Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси ҳам саналади.

Саида Мирзиёева "қўрқув" ва "чекловларсиз", деркан, айнан нималарни назарда тутганини очиқламаган.

Ўзбекистон минтақада аҳолиси энг катта сондаги давлат бўлади.

Расмий ҳисоб-китобда бу соннинг бугун қарийб 34 миллионга етиши кўрилади.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини айнан хотин-қизлар ташкил этади.

Аммо хотин-қизлар масаласи ҳали-ҳануз Ўзбекистонда шахсан Президентнинг ўзи эътибор қаратишга мажбур бўлаётган, давлат сиёсати даражасига қадар кўтараётган масала бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/official

Аёллар аксариятининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий аҳволи ҳамон бирламчи эътиборталаб мавзулардан бирилигича қолаётгани кўрилади.

Мардикорчилик билан шуғулланиш, ўз танасини сотишга мажбур, четда меҳнат муҳожирлигида банд ёки ноқонуний одам савдоси қурбонига айланаётган хотин-қизларнинг сони ҳатто бугун ҳам озчиликни ташкил этмайди.

Шавкат Мирзиёев ўзининг бошқаруви билан кечган саноқли йилнинг ўзида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш учун салмоқли ишларга қўл урган.

Мустақил Ўзбекистон тарихида бўлмаган қонунлар қабул қилинган, фармонлар чиқарилган, қўмиталар, фондлар ташкил қилинган.

Аёл киши айнан Президент Мирзиёев таклифи билан Ўзбекистон Олий мажлис Сенати раиси этиб сайланган. Бунақаси ҳам мамлакат тарихида кузатилмаган.

Саида Мирзиёева бугун ўзбек аёлларининг мисли кўрилмаган тараққиётга эришганликларини эътироф этаркан, "аммо янги таҳдидларга ҳам дуч келаётганлик"ларини айтган.

"Ушбу жараёнларнинг олд қаторида турган аёллар қишлоқ жойларида ресруслар етишмаслигидан азият чекмоқда ва шаҳарларда ишлаш орқали оилавий мажбуриятини бажаришга ҳаракат қилиб, азобланаётгани"ни ҳам шахсан ўзи эътироф этган.

Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти эса, йилларки, ишсизлик ва ночорлик чуқур илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади.

Шундай экан, "энди ўзбекистонлик аёлларнинг гавдаларини тик тутишлари ва барча жабҳада ўз қобилиятларини қўрқув ва чекловларсиз кўрсатишларининг вақти келди"ми?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай савол билан ўзбекистонлик турли тоифа хотин-қизларга мурожаат қилди:

Зарнигор Омониллаева, юрист, Москва

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Ҳақиқатдан ҳам давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг фаоллиги жамият томонидан яхши қабул қилинаётганини кўриш мумкин. Вазир лавозимида аёл кишининг фаолият юритиши ва янги ҳукумат таркибида ҳам ўз лавозимини сақлаб қолиши, Сирдарёда аёл кишининг туман ҳокими сифатида тайинланиши ёки Сенатдаги аёлларнинг фаоллигига жамиятнинг илиқ муносабати гапимизнинг ёрқин исботи бўла олади. Агар, ҳозир Ўзбекистонга қайтиб, яшайдиган бўлсам, ўз йўлимни топиб, қобилиятимдан фойдаланишга эриша олардим . Бунга шубҳам йўқ. Лекин бундай ишончга келишим учун хорижда таҳсил олиб, тажриба орттиришимга тўғри келди. Лекин бу дегани аёлларнинг муаммоларига ечим топилаяпти ёки уларнинг масалаларига етарлича эътибор қаратилаяпти, дегани эмас. Ўз уйини бир қўлида болта ва бошқа қўлида президент расмини ушлаб ҳимоя қилишга мажбур бўлган аёлни эслайлик ёки оиладаги зўравонлик қурбонларига айланаётган аёлларни санайлик. Аёллар ўз қобилиятларини эркин ва кенг кўламли равишда намоён қилиб, жамиятнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида тўлақонли қатнашиши учун уларнинг фундаментал эҳтиёжлари ва шароитлари таъминланган бўлиши керак. Фундаментал эҳтиёж деганда уй-жой, оила аъзоларининг моддий таъминоти, саломатлик, таълим каби нарсалар тушунилади. Мана шундай фундаментал эҳтиёжлар қондирилганда, яъни аёл кишининг яшайдиган уйи, ейдиган нони, ишлайдиган саломатлиги ва меҳнат қилишини кафолатловчи сифатли таълими бўлса, кейингина қобилиятларини намоён қилишга, ҳуқуқларининг таъминланишига, оилавий ва бошқа жойидаги зўравонликларга қарши курашишга имкони ва кучли истаги бўлади. Хорижда, хусусан, Россияда уй тозаловчиси бўлиб ишлаётган олий маълумотли ва узоқ йиллик тажрибаси бор ўқитувчиларни биламан. Тиббиёт ҳодимлари сифатида кўникма ва малакаси бор аёллар ошхоналарда идиш юваётганига, пол артаётганига гувоҳман. Нима учун? Қобилиятларининг кўрсатиш истаги йўқлиги учун эмас, шунчаки биргина қобилият ортидан уй-рўзғорларига етказа олишмаётгани учун олий маълумотли, нуфузли ишини ташлаб, пол артишга, бировнинг уйини тозалашга рози бўлишаяпти. Оиласини, фарзандини, эртанги куни учун ҳозир ҳаракат қилиши кераклигини англагани учун қобилиятини, ғурурини ва керак бўлса орини йиғиштириб қўйиб, фарзандларини, оиласини ўйлагани учун, шунга мажбур бўлишаяпти. Албатта, аёлларнинг ўрнини фаоллигини қўллаб-қувватлаш керак. Лекин самарали равишда. Бунинг учун биринчи навбатда аёлларнинг эҳтиёжлари билан ҳисоблашиш, муаммоларини тан олиш ва ечимга давлат миқёсида эътибор қаратиш муҳим.

Зайнаб Муҳаммад Дўст, мустақил тадқиқодчи, Лондон

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Менимча, имкониятларимиз ҳали чекланган. Бу борада вазият у қадар ўзгармаган. Шунга қараб, ҳаракат ҳам қилиш керак. Биласиз, ҳозир 2020 йилдамиз. Лекин, менимча, Ўзбекистонда ҳалигача гендер тенглик, деган нарса йўқ. Ҳа, агар, қонунларимизга қарасак, бор. Бошқа мусулмон мамлакатларига қараганда, қонунларимиз анча яхши. Лекин амалиётда бошқа аҳвол. Масалан, оилавий зўравонлик, деган нарса бор, биласиз. Айрим ҳолларда бу, ҳатто, одатий ҳол, деб ҳам билинади. Буни тўхтатиш керак. Бунга тизимли ёндашув керак. Буни қандай қилишнинг ўзи алоҳида бир муаммо. Бу анъаналарга ҳам боғлиқ. Аммо бунинг иқтисодий сабаблари ҳам бор. Яъни, иқтисодиётимиз қанча паст бўлса, гендер тенглик даражаси ҳам шунга яраша бўлади. Бу ўринда жуда кўп омиллар бир-бирига боғланиб кетган. Ижтимоий муаммолар ҳар доим иқтисодиёт ва сиёсат билан боғлиқ бўлган. Булар барчаси тўлиқ назарга олиниб, мазкур муаммо стратегик бир равишда ҳал қилиниши керак. Мен реалистман. Агар, Ўзбекистонга қарасак, аёлларимизга қийин. Албатта, ишлайдиган, ўқимишли, муваффақиятли ва фаол аёлларимиз бор - буни ҳам эсдан чиқариш керак эмас, аммо булар кўпчилик эмас. Юқори лавозимларда, раҳбарликда ва умуман олий малака талаб қилувчи ишларда ишлайдиган аёллар кўп эмас. Кўпчилик кам тўланадиган ишларда, ярим ставкада ёки уй бекаси сифатида бепул ишлашади. Айрим ҳолларда аёлларнинг оила масалалари ечимида овозлари ҳам кучли эмас. Гендер тенгсизлиги бўлганидан кейин, албатта, аёллар қийналади. Бу ҳамма нарсада кўринади. Бунга барҳам бериш учун кўпроқ ахборот керак. Жамиятнинг онгини ўзгартириш лозим. Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпроғи бўлган хотин-қизлар агар ишласа, бахтли бўлса, пул кўрса, ривожланиш ва тараққиётимиз учун фақат фақат ижобий бир омил бўлади. Совет даврида "Аёл ҳам инсон", деган шиорлар бор эди - шу каби гендер стереотиплардан озод бўлайлик. Уларни йўқотиш учун кўп нарса қилиниши керак. Хайрият, биз 2019 йилда зўравонликка қарши қонунни қабул қилдик. Бу яхши. Энди уни амалга оширадиган мукаммал механизмларни ҳам яратиш керак. Бу учун қонун устуворлиги ва гендер ҳақида тўғри тушунчалар керак. Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистондаги қизларни ва аёлларни қўллаб-қувватлашга, уларни ўз орзу ва ниятларига етиш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўпроқ чақиришимиз лозим, деб ўйлайман. Эркакларни ва аёлларни ҳам бунга жалб этиш керак - аёллар ҳам ўз ҳуқуқларини билиб ҳаракат қилишлари керак.

Ҳафиза Бўронова, гендер тенглик масалалари бўйича эксперт, Лондон

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Бизда аёлларга нисбатан давлат ёки қанақадир бир бошқарув, менежмент томонидан чекловлар йўқ. Ўзбекистонда эканимда, шахсан ўзим ҳам буни ҳеч қачон ҳис қилмаганман. Лекин бизнинг муаммомиз - аёлларга нисбатан иккинчи даражали қарашнинг мавжудлиги. Асосий нарса - бизда аёлларга болаликдан, ёшликдан эркакларга яратилганидек имконият яратилмайди. Уларни тарбия қилаётган пайтда аёлларга кўп чекловлар қўйилади. Сен аёлсан, сен шу касбни танлашинг керак, деб. Яъни, қанақадир муайян касбни танлашинг керак - "Сенинг касбинг ўқитувчилик, сенинг касбинг оналик, сенинг касбинг оиланг, сен яхши келин бўлишинг керак", деб ўстирилади. Мана шу нарса бизнинг маълум бир ёшга етиб, ўзимизни жамиятга ташвиқ қилаётган пайтимизда бизга жудаям халақит беради. Албатта, бунинг яхши томонлари ҳам бор. Лекин, ўзимнинг шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, буларнинг барчаси жамиятда ўзимни намоён этиш, бахтли яшаш, ўзимни аёл, тўлақонли индивид сифатида кўришим учун халақит берган. Ўша урф-одатлар, қарашларнинг таъсири натижасида аёлларга жамиятда иккинчи даражали, эркаклардан кўра паст, деган қараш мавжуд. Мана шу мавжудлик олди олинса, аёл кимнингдир хасми, аёлларда эркакларга қараганда камроқ имконият бўлиши керак, деган тушунчага чек қўйилса, менимча, Ўзбекистонда гендер тенглик масаласида муваффақиятга эришилади.

Дилором Исҳоқова, шоира, мухолифат фаоли, Тошкент

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Албатта имконли. Албатта имконияти бор. Лаёқати бор, иқтидорли бир аёл истаган ишида ўзини кўрсатиши мумкин. Лаёқатига яраша истаган ишини ривожлантириши мумкин. Фақатгина бир нарса бор - ана шу аёл бирданига мухолифатда бўлса, албатта, у ҳеч нарса қила олмайди. Унинг лаёқати билан, унинг иқтидори билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолади. Аёлмиди, эркакмиди, истаган жойда ўзининг қобилиятини кўрсатиш, дейлик у бизнесмен бўлса, ўзининг бизнесини ривожлантириш - ҳамма нарсага имкон бор. Аммо ана шу ҳамма нарсанинг битта шарти бор - у мухолифатда бўлмаслиги керак, мухолиф фикр билдирмаслиги керак. Қарши фикр билдирмаслиги керак. Ана шундагина унинг ишлари мана шу жуда баланд минбардан туриб, жуда баланд гапирилган гапга жавоб бера олади. Айнан шундай бўлади. Аммо, барибир, бундан хурсанд бўлишимиз керак. Чунки ҳамма ҳам мухолифатчи бўлишни истамайди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда оддий инсонлар, оддий аёллар ўзининг истаган ниятларига етиши, ўзининг иқтидорини кўрсатиши, шунга яраша бир ишлар қилиши учун имконият бор. Бу ҳеч бир муболағасиз айтилган бир гап. Бу шунчаки қуп-қуруқ, баландпарвоз гап эмас. Лекин бунинг ана шу шарти бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/official

Саида Мирзиёеванинг Дубайда юқори минбардан туриб баён қилишича эса, "ўзбек аёлларининг ҳам дунёга айтар сўзи бор".

"Улар инсониятнинг иқтисодий ва маданий тараққиётига салмоқли ҳисса қўша олишларига ишончи комил".

Дубайдаги бутунжаҳон форумда АҚШ Президентининг маслаҳатчиси ва қизи Иванка Трамп, Британия собиқ Бош вазири Тереза Мей, Халқаро Валюта жамғармаси ижрочи директори Кристалина Георгиевалар каби таниқли шахсиятлар ҳам иштирок этишган.

Ижтимоий мулоқот тармоқларида форумдан имконли бўлган тасвир ва хабарлардан кўрилиб, англашилишича, Саида Мирзиёева форум арафасида ҳам Иванка Трамп ва ҳам Кристина Георгиевалар билан шахсан кўришган. Ўзаро фикр алмашган.

Саида Мирзиёева қатор казолардан ташқари, Дубай амири билан ҳам шахсан кўришган.

Ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий акаунтларида амирга таклиф учун ўз миннатдорчилигини ҳам билдирган.

Саида Мирзиёева АҚШ Президентининг маслаҳатчиси ва қизи билан шахсан учрашиб, юзма-юз мулоқот қилган ўзбекистонлик биринчи аёл бўлади.

Янги Ўзбекистон раҳбарияти ва янги АҚШ маъмурияти бугун янгича стратегик шериклар саналишади.

Бутунжаҳон аёллар форумида дунёнинг юзга яқин давлати ва қатор халқаро нуфузли ташкилотлардан минглаб вакиллар иштирок этишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ