Ўзбекистонни Евросиё блокига қўшиш учун Россия ўз медиасидан қандай фойдаланмоқда? O'zbekiston

Спутник Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи SPUTNIK WEBSITE'S UZBEK SERVICE

Москва етакчиси ҳисобланган ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига Ўзбекистонни киритиш мақсадидаги дипломатик саъй-ҳаракатлари исталган натижани бермаётгандек кўрилаётган вақтда Россия ўзининг оммавий ахборотлари воситалари орқали бошлаган кампанияси иш беришига умид қилмоқда, деб ҳисоблашади ВВС Monitoring экспертлари.

Айни вақтда Бош вазир Абдулла Арипов ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи(ЕОИИ)га аъзолик масаласига тўхталгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Маҳаллий веб-нашрларнинг хабарларига кўра, Бош вазир Абдулла Арипов 17 феврал куни Тошкентда Human хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрган фуқаролар билан учрашган.

Интернет нашрларининг Бош вазир Абдулла Ариповдан иқтибос келтиришича, "Россияда ишлаётган 2,2 миллион фуқаромизнинг ҳар бири ойига, энг камида, 100 долларга яқин патент тўлайди. Бир йилда 1000 долларга яқин пул кетади. Агар ЕОИИга аъзо бўлсак… Тўғри, бу кимгадир ёқар, кимгадир ёқмайди. Ҳозир сиёсатдонлар кўпайиб кетди "Мустақилликни бериб қўйяпмиз" дейдиган. Мустақилликни кимга бериб қўямиз, кимга? Мустақилликнинг бериб қўйилишини нимада кўряпсизлар, деган саволни берадиган одамнинг ўзи йўқ. Ҳукумат бу масалани яқинда парламентга олиб чиқади. Парламент кўриб чиқсин".

Бундан олдин Президент Шавкат Мирзиёев Евросиё блокига киришнинг Ўзбекистон ва фойда ва зарарлари ўрганилаётганини айтганди.

"Бу масалани бир йилдан бери ўрганяпмиз. Бу масалани энг аввало халқимизнинг манфаатлари, уларнинг орзу-истакларига таяниб ҳал қиламиз. Депутатлар ва сенаторлар ушбу масалани атрофлича ўрганиб, хулосалар беришни ўз зиммаларига олишлари лозим. Депутатлар қўлига қалам олиб, масаланинг ижобий ва салбий томонларини ўргансин. Уларнинг айтгани бўлади. Маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул бўлади", деган Президент Мирзиёев.

ВВС Monitoring кузатишларига кўра, Россия назоратидаги барча веб-сайтлар Ўзбекистонинг ЕвразЭСга киришининг ижобий томонларини ёритишга "зўр бермоқда", салбий жиҳатлари ҳақида оғиз очилаётгани йўқ.

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиб кирса Ўзбекистон ютажаги ҳақидаги мақолалар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган рус тилидаги веб-сайтларда ҳам аҳён-аҳёнда эълон қилиб турилипти.

ВВС Monitoring хизмати хабар қилишича, Россия ҳукумати назоратидаги "Россия Сегодня" медиа агентлигига қарашли "Спутник" нашри ушбу мавзу борасида мунтазам мақолалар эълон қилиб келмоқда, шарҳловчиларига минбар тақдим этмоқда. "Спутник" ўзининг Марказий Осиё тилларидаги веб-сайтлари тармоғига эга, рус тилидаги мақолаларни "Спутник-Ўзбекистон" ва "Спутник-Тожикистон" Интернет нашрлари ўз тилларига таржима қилиб эълон этаяпти.

Москва Давлат Университети тасарруфидаги Ia-centr.ru веб-нашрининг асосан ЕОИИ мавзусидаги таҳлилий мақолаларни чоп этаётгани, баъзан Спутник мақолаларини кўчириб босиши хабар қилинади.

"Балки ашаддий Кремлпараст веб-сайт деб Vesti.uzни аташ мумкиндир", деб ёзади ВВС Monitoring. Россиянинг "Роскомнадзор" медиа регулятори тасарруфи остидаги Vesti.uz анча кескин оҳангдаги мақолалари билан танилгани эслатилади.

Кампания қандай бошланди?

2016 йили Ўзбекистон янги ҳокимияти қудратга келганидан буён мамлакатнинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиб кириши мавзуси бот-бот кўтарилиб келади. 2019 йили Президент Шавкат Мирзиёев ўз иқтисодий сиёсатида экспорт ва хорижий инвестицияларга эътибор кучайтиргани ортидан Россияга тегишли оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзуни ёритиш кўпайгани кузатилган.

2019 йил 2 октябрида Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистонга кутилмаганда ташриф буюрди, Тошкентдаги мулоқотлардан кейин Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги устида бош қотираётгани, йил охиригача Ўзбекистоннинг бу борадаги илк қадамларини кўришга умид қилаётгани ҳақида эълон қилди.

Матвиенко хоним баёнотидан кейинги икки ҳафта мобайнида Ўзбекистоннинг ЕвразЭСга аъзолиги ҳақидаги мақолалар сони роса кўпайди.

10-11 ноябр кунлари Москвада жойлашган тадқиқот маркази ва дискуссия форуми - Валдай Клуб Самарқандда тадбир уюштирди, унда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи мавзуси бош мавзулардан бири бўлди.

Шу муносабат билан Ўзбекистондаги айрим рус веб-сайтлари ҳам ЕвразЭСга аъзоликнинг афзалликлари ҳақида мақолалар эълон қилдилар. Мисол учун, Podrobno.uz "Экспертлар ЕОИИга аъзоликдан Ўзбекистон кўрадиган олти нафни атадилар" деб сарлавҳаланган мақола босди.

Мақолалар шакллари

Россия веб-сайтлари ЕОИИ мавзусидаги ривожланишлар ҳақидаги хабарларни тарқатиш билан бирга турли экспертларнинг нуқтаи назарларини эълон қилиб келишади. Бу экспертларнинг аксари Евразия тадқиқот лойиҳалаларига бош қўшган экспертлар ҳисобланадилар. Улар кўпинча Ўзбекистон ЕОИИдан аъзоликдан топадиган турли фойдаларни урғулайдилар.

"Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг ЕОИИга интеграцияси Жаҳон Савдо Ташкилотига қўшилиш жараёнига нисбатан кўпроқ фойдалироқ... ЖСТга аъзо бўлиш йўлида Россиянинг узоқ йўлни босиб ўтишига тўғри келган ва ўзининг иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилишда Тошкентга Москва ўзининг бой тажрибаси билан турли соҳаларда кўмаклашиши мумкин", дейилади Ia-centr.ru сайти 30 октябрда эълон қилган мақолада.

Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган кўплаб экспертларнинг шунга ўхшаш мазмундаги мақолалари босилди, бу мақолаларда салбий оқибатлар камдан-кам муҳокама қилинди. Айрим мақолаларда аъзоликнинг фойдалари очиқдан-очиқ тарғиб қилинмаса-да, иттифоққа қўшилиш тўғри қарор деган фикрни ўқувчига уқтиришга интилиш кузатилди.

Масалан, Ia-centr.ruда 23 октябрда эълон қилинган мақолада Алтинай Алиева Ўзбек мигрантлари Россияда ишлаш рухсатномасини қўлга киритиш учун ҳар ой анчагина маблағ сарфлаётганлари ҳақида ёзди. "ЕОИИ аъзолари бўлган мамлакатларгина бу тўловлардан қутулиши мумкин. Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларининг Россияда ишлашлари учун иш рухсати талаб қилинмайди", дейилади мақолада.

Веб-сайтлар ЕОИИга қарши даъволарга нисбатан муносабатлар ҳам билдириб, ҳимоя аргументлари битилган мақолаларни ҳам босганлари кузатилди. Мисол учун 5 сентябрда "Спутник" сиёсий эксперт Сергей Рекедадан иқтибос келтирди, у иттифоқнинг аъзо бўлмаган мамлакатлар учун ҳам кўплаб савдо ва бошқа шартномалари билан очиқлиги ҳақида гапирилади. "Ушбу шартномалар ЕОИИ ҳаддан зиёд сиёсийлаштириб юборилаётгани ва "постсовет мамлакатларни қайта советлаштиришга" ҳаракат қилинаётгани ҳақидаги айбловлар асоссизлигини исботлайди", дейди эксперт.

Ушбу услубда мақола эълон қилган Vesti.uz Ўзбекистоннинг бир қарорга келишини кутишда Москванинг сабри тугаб бораётганини ёзган. "Бу Европа эмас. Ҳамма нарса ёки жуда тез бўлиши керак, ёки умуман бўлмаслиги керак", деган россиялик тадқиқотчи Тимофей Бородачёв фикрлари келтирилган.

"Ўзбекистон ЕвроОсиё сўқмоғидан бурилди"

Медиа кампаниянинг ўртасида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг блокка тўла аъзо бўлиб кирмаслиги, балки кузатувчи бўлиб кириши ҳақида эълон қилди.

Президент баёноти Россиянинг ўша кунлардаги Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи бўлиб турган Сергей Лавров билан музокараларидан бир неча кун ўтиб янгради. Ўз навбатида жаноб Лавров Россия Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи билан муносабатлари мустаҳкамланишидан манфаатдор эканини айтди.

Афтидан Президент Мирзиёевнинг ушбу баёноти Vesti.uzни ғазаблантирди, веб нашр бир ҳафтанинг ичида учта нуқтаи назарни эълон қилди.

"Ўзбекистон ЕвроОсиё сўқмоғидан бурилди" деб сарлавҳа қўйилган мақолада Ўзбекистон раҳбарининг қарори Ғарбга оғаётганининг аломати бўлиши мумкинлиги айтилади. "Афтидан Мирзиёев Ғарб босими остида қолган, бу нарса уни эркин ва аниқ танлов қилишдан тўсаяпти...", дейилади 24 январда эълон қилинган мақолада.

ЕвроОсиё Иттифоқига аъзолик фойда ва зарарлари

Иттифоққа аъзоликни ёқлаб чиқаётганларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳаммасидан ҳам кўра Россияда ишлаб пул топаётган Ўзбек мигрантларининг молиявий ва бошқа шароитлари яхшиланишидан манфаат кўради.

Ўзбек экспортчилари учун янги бозорлар очилиши ва янада кенгроқ сармоя имкониятлари пайдо бўлиши аъзолик афзалликлари экани айтилади.

Танқидчилар фикрича, ЕвроОсиё Иттифоқига қўшилиш билан Ўзбекистоннинг Россияга иқтисодий қарам бўлиб қолиш хавфи мавжуд, чунки Россия ушбу блокда етакчи куч ҳисобланади.

Шунингдек, бу ташкилот Собиқ Совет Иттифоқини "қайта тирилтириш"га уриниш деган хавотир билдирилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ