Иш йўқ бўлса, солиқ қаердан бўлсин? Ўзбекистон Бандлик вазири ўринбосарига муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Aoka
Image caption Баҳодир Умрзоқов норасмий ишлаётганларни давлат қудратига ҳисса қўшмасликда айблади

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов мамлакатда 8 миллион киши бир тийин ҳам солиқ тўламаслиги ва бу билан давлат қудратига ҳисса қўшмаётганини айтди.

«[2020 йил 1 январь ҳолатига] банд бўлган аҳоли сони 13 миллион 541 минг нафар кишини ташкил этади. Шундан 5 миллион 7 юз минг киши расмий меҳнат фаолияти билан шуғулланади. 8 миллионга яқини эса норасмий. Яъни бу тоифадаги инсонлар ҳар куни норасмий ишлаб, чўнтагини пулга тўлдириб уйга боришади. Болалари, мактаб, боғчалар ва ҳоказоларга беришади. Лекин давлатга булар бир тийин ҳам солиқ тўламайди, тўловларни қилмайди. Яъни давлатимизнинг қудратига, қувватига ҳисса қўшмайдиган 8 миллион аҳолимиз бор», - деди Умрзоқов.

Аммо, у ўз баёнотида «норасмий» ишлаётганлар айнан қайси соҳаларда ишлаётганига ойдинлик киритмади.

Тошкентлик иқтисодчи Юлий Юсуповнинг айтишича, аслида солиқ тўламаётганлар сони унданда катта бўлиши мумкин, лекин улар айнан кимлиги ва қандай ҳисоблангани номаълум.

«Меҳнат вазирлиги ижтимоий тадқиқот олиб бориб норасмий секторда ишлаётганлар сонини ҳисоблаб чиққанди. Улар буни қандай ҳисоблашган, бу секторга ўзи кимлар киради - бу номаълум. Шахсан мен бундай изоҳни кўрмадим", - дейди у.

Айни вазирлик сайтидаги ҳисоботга кўра, ишсизлик даражаси Ўзбекистонда 2019 йилда 9%ни ташкил қилган. Статистика марказига кўра эса, Ўзбекистонда ишга лаёқатли аҳолининг сони 2018 йилда 19 миллион 791 минг 700 одам бўлган.

Демак, Ўзбекистонда 1 миллион 781 минг 253 одам - ишсиз.

Агар бу расмий маълумот тўғри бўлса, яъни қарийб 2 миллион одам ишсиз бўлса, улар ҳам вазир ўринбосари тилга олган ва солиқ тўламаётган 8 миллион киши рўйхатига кирадими ёки йўқ - бу ҳам номаълум.

Вазирлик аввалроқ хабар қилишича, Ўзбекистонда 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 595 707 фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган ва мурожаатчиларнинг фақат 267 470 нафари иш билан таъминланган.

Демак, давлат иш сўраб мурожаат қилганларнинг ярмидан камини иш билан таъминлаган.

Би-би-си билан суҳбатлашган тошкентлик ишсиз фуқаро фикрига кўра, вазир ўринбосари ишсиз уй эгаси ҳам тўлаётган мулк солиғини, ҳамда алалоқибат истеъмолчи елкасига тушиши айтилаётган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС)ни ҳисобга олмади.

"Мен ишсиз бўлсам ҳам, уйим учун мулк солиғини тўлайман. Қўшимча қиймат солиғини киритишгандан бери уни тадбиркор тўлайди дейишган, лекин савдогарлар моли учун нархни ошириб қўйди, ҚҚС деб, демак бу солиқ ҳам барибир бизга ўхшаган оддий одамлар бўйнига қўйилган", - дейди у.

Иқтисодчи Қаҳрамон Асланов ҳам ҚҚСга эътиборни қаратди.

"Аслида эса, бошқа солиқлар ҳам бор - айтайлик, Қўшилган Қиймат Солиғи. Бу солиқни ҳозир магазиндами, бозордами, пул ишлатаётган, ўша қаппайган пулга рузғор қилаётган ҳар бир фуқаро тўлаб келмоқда. ҚҚС, айниқса, 2019 йилдан бери ҳар бир товар нархининг ичида ўтирибди ва бу билвосита солиқ сифатида бюджетга тушяпти.

Мисол учун, ёш болангиз бор ва унинг эхтиёжи учун памперс сотиб оласиз. Памперс сотиб олиш орқали ҚҚС тўлайсиз. Агар ўша ёш болангиз бўлмаса ёки "катта эхтиёжи"ни камроқ қондирса, сиз камроқ памперс сотиб оласиз ва бу ҳам сиз тўлаётган ҚҚС миқдорини пасайтиради. Яъни, 8 миллион аҳоли давлат қувватига хисса қўшмаяпти, деган фикрга жавобан шуни айтишимиз мумкинки - оддий, уч ойлик чақалоқ ҳам, "ч...." ётиб (табиий эхтиёжларини қондириб), ҚҚС тўланишига сабаб бўляпти ва давлатимизнинг қудратига, қувватига ўз хиссасини қўшяпти. У ҳам - халқнинг бир бўлаги, хуллас", - деб ёзди у ўз Телеграм каналида.

Тошкентда ўтган семинарда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов, шунингдек, Ўзбекистонда қайси касбга талаб юқорилигини кўрсатувчи бирорта статистик маълумот йўқлигини айтди.

"Бугун Ўзбекистон меҳнат бозорига қанча кадр керак, 5-10 йилдан кейин қанча ходим талаб қилинади? Бу каби саволларга ҳеч ким жавоб бера олмайди, ҳатто Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам», - деди у.

Баҳодир Умрзоқов 2018 йилдан бери Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда. 1993 йилдан 1999 йилгача у Ўзбекистон Ижтимоий таъминот вазири бўлган.

Унинг баёноти интернетда кўплаб шархловчиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Фейсбукдаги Халқ фикри/Мнение народа саҳифасида билдирилган 700га яқин фикр эгалари асосан аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ўрнига халқ боқимандаликда айбланаётганини билдиришди. Уларнинг баъзиларини таҳрирсиз эътиборингизга ҳавола қиламиз.

‎Shavkat Karomov Аввал солик туловчини, дармад манбаини яратиш көрак.Солик уз-узидан туланавөрмайди. Буни биз магзини чокайлик.Одамларни турмуш тарзи, кай ахволда.Нимага мухтож, нима кийнаяпди...Хаммаси кунгилдагидөк булса, одамларимиз солик тулайди, туламайди эмас.Бу мутлоко нотугри фикр.Биз уша даромад манбайини яратишни, кузлашимиз зарур.Одамларни даромади йук булса, каөрдан туласин.Иш урин йук.Камунал тулов, отни калласидөк. Баракалла халкни жонига.Кийин осон эмас.Утириб гапириш осон, лөкин бир рузгорни топадиган даромади, учма-уч.Энг асосийси тадбиркорларга, солик ставкасини пасайтириб, кичик-бизнөс сонини купайтирайлик.Ер олиб, даромад келтираман деган тадбиркорга, ерни бериш керак.Яна уйин-уйин билан сотишни эмас.Куп тадбиркорлар ёпилиб көтяпди.Солик тулови каөрдан булсин.Хаммасига анави худуд рахбарлари айбдор.

Sayyora Mahmudova Soliqlardan tushgan pullar evaziga boshqa davlat artistlari-yu, hokkeychilariga Toshkentdan uy sovg'a qilishilar uchun to'lasinmi? Qornini tuygizolmayaptiku, soliq tuledimi? Ish o'rni yaratib quyudizlarki, ishlab pul topib soliq tulashdan bo'yin tovlab yurishibdimi?

Шаробиддин Чирмашов Ишсизлар каердан солик туласин жаноб палахта миялар, кунлик мавсумий иш билан шугулланиб, давлатдан ишсиз одамга берилиши керак булган нафакани олмай, тирикчилик утказаётган бечора солик туласинми.

Ilhomjon Jurayev Xich qayerda ishlamasa tòlamidida. Shundog'am yer, mulk solig'i tòlab yotibdi

Абдурахмон Мустафокулов 8 млн иш урни яратинглар кеин тулайди

Туляганов Бахтиер Тулимиз сабр килин, семечкамни сотиб олай

Fazliddin Abilov Норасмий секторда шунча одам ишларкан, улар ҳар куни чўнтагини тўлдириб уйга бораркан... кимлар ўша норасмийлар, изоҳ берилмаган

Мадамин Дедакузиев Мехнат дафтарчаси очилмасдан ишлаётганларни айтган. Бу тўғри. Лекин хар куни чўнтагига пулни тўлдириб кетиши нотўғри, жуда кўпчиликни ойлиги бир миллион атрофида. Шу пулни 30 кунга бўлиб кўрса қанчадан об кетишини биларди.

Бобомурод Авезов Ер уй солигини ким тулайди улар учун?

Ўзбекистон: Хўжайинларимиз билмайди - Қирғизистонда иш излаётган ўзбек аёллари

Россия: Иккинчи хотин бўлган мигрант аёл 2 боласи билан кўчада қолди - видео

Тошкентдан мактублар: 'Ишсизлик ёмон экан...'

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek