Ўзбекистон: ДХХ Туркиядан қайтган Мубаширни нимада айблади? - O'zbekiston

Мубашир Раупов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Мубашир Раупов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Қўқонлик Мубашир Раупов интернетда Абдуллоҳ Зуфар маърузаларини мобил телефонида сақлагани ва бошқаларга тарқатгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Терговни олиб борган ДХХнинг айблов хулосасида айтилишича, у Туркияда юрган вақти Суриядаги "Тавҳид ва жиҳод" гуруҳига қўшилиш борасида ёзишмалар олиб борган. Мубаширнинг яқинлари ва адвокати тергов жараёнида процессуал нормалар бузилгани ва Рауповнинг ноҳақ қамалганини айтишмоқда.

7 феврал куни Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди 30 ёшли Мубашир Рауповни Жиноят кодексининг 244-1 моддаси 3-қисми "г" банди билан 3 йил озодликдан маҳрум қилган.

Мубашир интернетдан фойдаланиб, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда айбдор, деб топилган.

Яқинлари Мубаширга айб қўйилишидан олдин сохта айблар билан маъмурий жазога тортилгани ва бу вақт мобайнида қонунга зид равишда тергов қилинганини айтишмоқда.

Судда иштирок этган гувоҳ ва маҳалла фаоллари Мубашир Рауповга нисбатан ижобий тавсифнома беришган.

Яқинларининг айтишича, Туркиядан ишлаб қайтган Мубаширни 2019 йилнинг 2 октябр куни Учтепа туман Маъмурий суди ички ишлар органи ходимларининг маъмурий талабларини бажармай, майда безорилик қилди, деган "сохта" айблов билан маъмурий суд қилиб, 10 суткага қамашган.

"Ўғлимга жиноий иш очилишида сабаб, ноқонуний тарзда уйдан олиб кетиб, ноқонуний маъмурий жавобгарликка тортиш сабаб бўлди. Бу ерда Давлат ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари томонидан жуда катта жиноят қилиб ўғлимни олиб кетишди. Ноқонуний тарзда тортиб олинган ашёлар судда далил сифатида кўрсатилиши ноқонуний ҳисобланади. Лекин буларни ҳеч ким очиқламади. Қонунга хилоф равишда тортиб олинган телефондан судда ашёвий далил сифатида фойдаланишди", - дейди Мубаширнинг онаси Матлуба Раупова.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Мубашир Рауповники дея судга тақдим қилинган ёзишмалар скриншоти

Айблов хулосасидан маълум бўлишича, Мубашир Раупов 2018 йил май ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрига ишлаш учун кетади.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Фарғона вилоят бошқармаси катта терговчиси адлия майори У. Исламов томонидан имзоланган айблов хулосасига кўра, "Мубашир Раупов Абдуллоҳ Зуфар ва Абдуллоҳ домла ва бошқа шахсларнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитиб, уларнинг таъсирида диний мутаассибликка берилиб Facebook ижтимоий тармоғида Alvarovalbaro Almisk номли профил яратади".

Тергов хулосасига кўра, Мубашир Facebookдаги Bir Garib ва Abu Muvahhid аккаунтлари билан Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳига қўшилиш ҳақида ёзишма олиб борган.

ДХХ терговчиси судга исбот сифатида Мубаширга тегишли эканлиги айтилаётган Alvarovalbaro Almisk профилидан олиб борилган шахсий ёзишмаларни тақдим қилган.

Би-би-сида нусҳаси мавжуд ушбу ёзишмаларда Alvarovalbaro Almisk Bir Garibга уйланиш учун бир қиз топганини айтади.

Bir Garib "Шомга кетишга розими у қиз,", деб сўраган саволига Alvarovalbaro Almisk "Ўшанга билмайманда у ҳақида оғиз очмаганман. Манимча рози бўлмаса керак", деб жавоб берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Мубаширнинг Facebookдаги иккинчи профили

Мубашир Раупов суд мажлисида Bir Garib профили билан ёзишмалар олиб борганини тасдиқлаган.

Би-би-сида мавжуд суд ҳукми нусҳасида, Раупов 2018 йили Intagram ва Telegram да Суриядаги жангариларга қўшилиш учун ёзишмалар олиб боргани, чегаранинг қайси қисми очиқлиги ва йўл харажатлари қанча бўлиши билан қизиққанлигини айтиб, кўрсатма берган.

Бироқ кейинчалик у Сурияга бориш фикридан қайтиб, бошқа бу ҳақда қизиқмай қўйганини таъкидлаган.

Мубаширнинг акаси Аҳрор Раупов укаси ҳеч қачон Сурияга кетишга қарор қилмаганини таъкидлайди.

"Сурияга кетишга қарор қилмаган ҳеч қачон укам. Бу айблов ДХХ томонидан қўйилган сохта айблов. Укамга айбингга иқрор бўлсанг, енгил жазо қўллаймиз деганлиги аниқ.

Facebookдаги сохта аккаунтларнинг экстремист ташкилот эканлигига на судда ва экспертиза хулосаларида исбот қилиша олмаган", дейди Аҳрор Раупов.

7 феврал куни Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди ҳукмида Facebookда Мубашир билан ёзишма олиб борган Bir Garib номли профил фойдаланувчиси У. Эгамов деб кўрсатилган ва жиноят ишининг унга оид қисми ДХХ Тошкент вилоят бошқармасининг тергов бўлимига юборилгани қайд қилинган.

Мубашир Раупов танийдиган гувоҳлардан бири судда унга нисбатан ижобий фикр билдирган.

Гувоҳ М. Х. Истанбул шаҳридаги "Saray" меҳмонхонасида ишлаганида Мубаширхон меҳмонхона хизматчиси бўлиб ишлаганини айтган.

"Мубашир тўғри ишлагани учун меҳмонхона иш юритувчиларининг ишончига кирганини, меҳмонхона ошхонасига қилинадиган барча харажатлар пулини Мубаширга ишониб берганида бозорликларини ҳам ўзи қилиб берганини кўргани ҳақида кўрсатув берди", дейилади суд ҳукмида.

Мубаширнинг адвокати Мўмин Обидов тергов томони Мубашир Рауповнинг "айбини бўрттириб кўрсатиш учун Туркияда юрган вақти ёзган ёзишмаларини олиб айбловга қўшгани"ни айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Адвокат Мўмин Обидовнинг судга тайёрлаган музокара нутқидан парча

"Шу билан Жиноят кодексининг 11-12 моддаларини бузилган. Унда жиноят қонунининг вақти ва ҳудуд бўйича доираси белгилаб қўйилган", дейди адвокат.

Обидов, шунингдек, Мубашир Туркиядан қайтганидан сўнг, Телеграмдаги таниши Ёқутхон Қобилова ва Д номли аккаунтга Абдуллоҳ Зуфарнинг маърузаларини ақидапарастлик, деб билмагани учун юборганини айтган. У Раупов юборган маърузалар ҳеч қандай оқибат келтириб чиқармаганини айтган.

Адвокат Телеграмдаги "D" аккаунти ёшларни "илинтириш" учун ДХХнинг ўзи томонидан очилган аккаунт бўлиши мумкинлигини иддао қилган.

Мубаширнинг адвокати маҳкамадаги музокара нутқида Рауповнинг Ўзбекистонда тақиқланган маърузаларни тарқатишида жиноят аломатлари йўқлигини таъкидлайди.

Адвокат Жиноят кодексининг 244-1- моддаси Ўзбекистон конституцияси 29-моддасига зид эканлигини ҳам айтган.

Адвокат Обидов Мубашир Рауповга формал жиҳатдан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгилашни сўраган.

Мубаширнинг онаси Матлуба Раупова ўғлига нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бир қатор қонунбузарликлар содир этилганини айтади. Би-би-си Матлуба Раупованинг эътирозларини тўлиқ келтиради:

"Ўғлимнинг айбсиз қамалишида ички ишлар, махсус хизмат ходимлари томонидан йўл қўйилган Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 2, 13, 15 моддаларига нисбатан энг катта қонунбузарликлари.

1. ИИБ ходимлари ноқонуний тарзда тўғридан тўғри уйимизга бостириб кириб, мажбурлаб, телефонларимизни ҳеч қандай прокурор рухсати(санкцияси)сиз, гувоҳнома тақдим этиш ва ўзини таништиришсиз олиб қўйиши ва ўғлимни олиб кетиши.

2. Туҳматлар билан ўғлимга маъмурий жиноят кодексининг 183 ва 194 моддаси билан айбдор деб топиши, бундан ташқари яна суд айблов қарорида штамп(печать)ҳам йўқ, бунга исбот далилларим бор. Булар ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ўзаро суд мажлиси ўтказиб, менга ва ўғлимга маълум қилмай (зеро катта ўғлим ва мен ўғлимни олиб кетаётган вақтда ички ишлар ходимлари машинаси орқасидан таъқиб қилиб боравердик) яқинлари, гувоҳларсиз суд жараёнини ўтказишган ва қарордаги маъмурий суд айблови юз фоиз туҳмат.

3. Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисидаги Ўзбекистон республикаси қонунининг 3-моддасида кўрсатилганидек, жазони ўтовчи шахс махсус қабулхонада жойлашган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган хона (камера) да сақланиши ва 7-моддасига асосан махсус қабулхона маъмурияти маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонага жойлаштирилган пайтдан бошлаб унга у махсус қабулхонага жойлаштирилганлиги тўғрисида адвокатга, яқин қариндошларига ёхуд бошқа шахсларга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш ҳуқуқини бериши шарт. 13-моддада эса маъмурий қамоққа олинган шахс адвокат, қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиши, Ўзбекистон республикаси ҳудуди бўйича ҳар куни лимитланган бир марталик сўзлашув ҳуқуқига эга.

Бу вазиятда эса, менинг ўғлимни маъмурий жазони ўташ муассасасига фақат рўйхатдан ўтказиш учун олиб боришган, холос. Аммо белгиланган 10 кунни ўғлим ИИБ тергов изоляторида ноқонуний тарзда ўтказган. Ахир ИИБ терговига қонун бўйича 1 суткага гумонланувчи сифатида фақат жиноятчиларни олиб боришмайдими? Бу ҳодиса ўғлимга нисбатан дастлабки жиноят иши очиб қамашда ИИБ махсус хизмат ходимлари ўзлари учун қонунларни менсимай, уларга амал қилмай, ўз мақсадларини амалга ошириш учун шароит яратдилар деб биламан", дейди Матлуба Раупова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek