Ўзбекистон: ДХХ Мирзиёевнинг сармоядорлар борасидаги сиёсатига қаршими? - O'zbekiston

Каримжон Суванов Ўзбекистонда 650900 долларини олдирганини айтмоқда
Image caption Каримжон Суванов Ўзбекистонда 650900 долларини олдирганини айтмоқда

Би-би-сида Қирғизистон фуқароси Каримжон Суванов Ўзбекистон ДХХ сармоя сифатида киритган 650 минг долларини олиб, ўғлини қамаб қўйганини айтганидан сўнг раддия чиқарилди. Тадбиркор расмий идоралар ўз айбини ёпиш учун фактларга асосланмаган раддия чиқарганини айтмоқда.

Бизга маълум бўлишича, Би-би-сида чиққан материалга қарши раддияни номаълум шахслар Namanganliklar_uz канали ботига юборган ва канал маъмурлари уни чоп қилган.

Видео ким томонидан тайёрлангани айтилмаган, бироқ тезкор тадбир ва суд жараёнидан олинган тасвирлар ишлатилганидан, уни расмий идора кўмагида тайёрланган дейиш мумкин.

48 минг доллар қаерга кетди?

Видео ортидаги овоз тезкор тадбир давомида 650 минг доллар эмас, балки 602 минг доллар олинганини айтади.

"Каримжон Сувановнинг таъкидлашича, гўёки унинг ўғли ва яна икки нафар шериклари мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистонга 60282 АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқчи бўлган эмишлар", дейилади видеода.

Ваҳоланки Каримжон Суванов Би-би-сига 650900 АҚШ долларини Ўзбекистонга олиб кирганини айтганди. Ўртадаги 48 минг доллардан ортиқроқ пул қаерга кетган деган савол пайдо бўлади.

"Бу саволни мендан суд мажлисида ҳам сўрашганди.Ўртадаги фарқни ўғлим билади, қанча ишлатганини билмайман, дедим. Шунда ўғлим мен жавоб берайин, деди. Менда 650900 доллар турганди. Бир доллар ҳам ишлатмаганман. Мени ушлашган вақти, пулни олдимда санашмади. Менга қўл ҳам қўйдиришмаган. 48 мингдан ошиқроқ доллар қаерга кетганини ўша куни ушлаган Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билади", дейди Каримжон Суванов Би-би-си Қирғиз хизмати мухбири Абдибек Казиевга.

Суванов Би-би-си Ўзбекистон Божхонаси орқали олиб кирган доллардаги маблағлари декларациясини кўрсатди. Турли кунларда тўлдирилган 4 декларацияда тадбиркор ДХХ томонидан ушланишидан бир неча кун олдин Ўзбекистонга 650900 доллар олиб кирганини кўриш мумкин.

Каримжон Суванов ушбу декларацияларни пул унга тегишли эканлигини тасдиқлатиш учун Жиноят ишлари бўйича Чуст туман судида ҳам кўрсатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Namanganliklar_uz каналида чиққан раддия

"Наманган вилоятида ишлаган божхона базасига қараймиз, базада бор бўлса ҳақиқий деймиз, деб текшириб кетди. Охирги судда менга яна сўз беринглар деганимда сизникини Тошкент ҳам тасдиқлади, пулингиз ҳақиқий экан, деб ўтираверинг деганига ишониб қолдим", дейди у.

Сувановнинг таъкидлашича, ўртадаги фарқ 48 минг долларнинг қаерга ўзлаштирилгани суриштирилса ДХХ ходимларига ўзларига яхши бўлмаслигини тушуниб турибди. "Булар ўзларининг жонини сақлаш учун шу ишларга боряпти", дейди у.

Раддия берилган видеода тадбиркорнинг ўғли ва икки шериги Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани, Мамай қишлоғи "Олмазор" маҳалласидаги айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтаётганда ушлангани айтилган.

Каримжон Сувановнинг айтишича ўғли пул билан Мамай қишлоғида эмас, балки чегарадан 20-25 чақирим масофа узоқда бўлган Газнан қишлоғида ушлашган.

Image caption Турли саналарда тўлдирилган 4 декларацияда Ўзбекистонга жами 650900 доллар нақд кўринишда олиб кирилганини кўриш мумкин

"Менинг ўғлим ўзи Чортоқ туманида яшайди. Чортоқ билан Қирғизистон ўртасидаги чегара бир километрга ҳам етмайди. Агар бу ишни қиламан, деса ўша ерда қилиши мумкин эди. Бошқа районга бориш нима кераги бор эди. Кейин ўзимиз декларация тўлдириб олиб кирган пулни чегарадан яшириб олиб ўтишнинг қизиғи йўқ", дейди Суванов.

Видео раддияда пуллар Тошкентдан олиб келингани айтилади. Бироқ уларга кимга тегишли бўлганлиги борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Қирғизистонлик тадбиркор Наманган ДХХ томонидан пулининг олиб қўйилиши ва фарзанди қамоққа тиқилиши Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатга қарши эканлигини айтади.

"Бу видеони Наманган вилоят ДХХ ходимлари томонидан чиқаётган нарса. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсатига қаршилик деб биламан. Инвесторларга қаршилик кўрсатиляпти, деб биламан. Қонуний олиб кирган пулимни, ноқонуний равишда Қирғизистонга чиқаришдан менга ҳеч қандай қизиғи йўқ. Шавкат Миромоновичдан илтимос қиламанки, пулларни ҳам қамалган 3 нафар болаларни ҳам қайтаришда амалий ёрдам беришини сўрайман", дейди Каримжон Суванов.

Би-би-си Ўзбек хизмати бу борада расмий идоралардан жавоб кутмоқда. Тадбиркор пулини олиб қўйганини айтаётган ДХХ билан боғланишнинг имкони бўлмади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek