Тожмаҳал бориб Трамп, Путин ва Мирзиёев нима қилишганди? Дунё ва Ўзбекистон, O`zbekiston

Дональд Трамп ва рафиқаси Мелания Трамп ҳам 24 февраль куни Тожмаҳал олдида суратга тушишди. Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дональд Трамп ва рафиқаси Мелания Трамп ҳам 24 февраль куни Тожмаҳал олдида суратга тушишди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиндистон сафари чоғи ўз рафиқаси Мелания Трамп билан бирга Тожмаҳал зиёратига борди.

"Тожмаҳал мени илҳомлантиради, у Ҳиндистон маданиятининг бой ва рангдор гўзаллиги далилидир" - деб ёзган Президент Трамп мақбара ҳақида.

АҚШ президенти ва рафиқаси Аграда Бобурий ҳукмдор Шоҳжаҳон ўз рафиқаси Аржуманд-бону ёки Мумтоз Маҳал учун қурдирган обида тарихи билан ҳам танишдилар.

Қайси давлат раҳбари қандай ният билан Ҳиндистонга келмасин, албатта, Тожмаҳал олдида суратга тушади.

Дональд ва Мелания Трамплар ҳам истисно бўлишмади.

Ўзбеклар учун ўзгача

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўзбекистонликлар учун Бобурий шаҳзода қурган Тожмаҳал фахр тимсоли ҳамдир.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти сифатида 2018 йили илк бор Ҳиндистонга келаркан, Аграга борди ва рафиқаси Зироат Мирзиёева билан бирга Тожмаҳал олдида суратга тушди.

Ўзбекистонликлар учун Тожмаҳал ўзгача аҳамиятга эга.

Чунки Тожмаҳални қурган Шоҳжаҳон бугунги ўзбеклар фахрланадиган Бобурийлар сулоласидан.

Унинг рафиқаси Мумтоз Маҳал эса Бобурий малика бўлган.

Марҳум Президент Ислом Каримов ҳам ўз пайтида Тожмаҳал олдида рафиқаси Татьяна Каримова билан бирга расмга тушганди.

Ёлғиз малика

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Малика Диана 1992 йили обида олдида ёлғиз расмга тушган.

Малика Диана бу суратга тушган 1992 йили ҳали шаҳзода Чарльз билан бирга эди.

Аммо у Тожмаҳал олдида ёлғиз суратга тушган. Сабаби - ўша пайтда Шаҳзода Чарльз Агранинг бошқа жойида дипломатик вазифа билан банд эди.

Айримларга кўра, бу сурат - марҳум маликанинг оилали пайти ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилгани рамзи.

Уильям ота-онасига ўхшамади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Шаҳзода Уильям ҳам 2016 йили рафиқаси Кейт Миддлтон билан бирга Тожмаҳалга борди.

Малика Диана ёлғиз расмга тушган вақтдан қарийб чорак аср ўтиб, унинг ўғли, Кембридж Герцоги Уильям ҳам онаси ўтирган скамейкада суратга тушди.

Аммо у ёлғиз эмас эди. Ёнида суюкли рафиқаси, Герцогиня Кэтрин бор эди.

У марҳума онаси ҳақидаги хотиралар ҳамон тирик бу обидага келганидан ўзини жуда бахтиёр ҳис этгани айтилади.

Чунки Тожмаҳалга келган сайёҳларга, албатта, Диана ҳақида, у ўтирган скамейка ҳақида гапириб беришади.

Цукерберг ҳам "лайк" қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Mark Zuckerberg
Image caption Facebook тармоғи асосчиси Марк Цукерберг ҳам Тожмаҳални томоша қилган.

2015 йили Ҳиндистонга борган Facebook асосчиси Марк Цукерберг Тожмаҳал олдида бошқачароқ суратга тушди.

У гўё муҳаббат обидасига маҳлиё бўлиб тургандек.

Кейин у Facebook тармоғида пост қўйиб, ҳар доим ушбу обидани кўришни истгаганини ва Тожмаҳал кутганидан ҳам зиёд гўзал эканлигини ёзганди.

Путиннинг юраги эриганмиди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Президент Путин 2000 йили рафиқаси Людмила билан Тожмаҳалга борганди.

Путин 2000 йилги Ҳиндистон сафарида рафиқаси Людмила билан Тожмаҳалга боришганди.

Улар 30 йиллик турмушдан кейин 2013 йили ажрашишган.

Россия президентининг Тожмаҳал олдидаги расми унинг "нафис" жиҳатларини ҳам кўрсатган, деб айтишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek