Хавф Ўзбекистон чегарасига яқинлашдими? - Расмий Тошкент нима қилмоқчи? - O'zbekiston, Xitoy, koronavirus

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Arterra

Хавф Ўзбекистон чегарасига яқинлашдими? - Ҳалокатли коронавирус Ўзбекистонга бевосита чегарадош Афғонистонда қайд этилди.

Вирус Афғонистонга шундоққина қўшни Эронда аллақачон "ўнлаб одам"ни ўлдирди. Яна юзлабига юқиб ҳам улгурди.

Хабарларда коронавируснинг Афғонистонга ҳам айнан Эрондан кириб келгани айтилди.

Воқеаларнинг минтақа давлатлари билан боғлиқ сўнгги ривожи бор-йўғи бир неча куннинг ўзида бўй кўрсатган.

Афғонистон коронавирус кириб келган Ўзбекистонга бевосита чегарадош биринчи минтақа давлати бўлган.

Ҳатто аксарияти коронавирус ўчоғи бўлган Хитойга бевосита чегарадош бўлса-да, шу пайтгача Ўзбекистоннинг ўзи илова бирор бир Марказий Осиё давлатида бу каби ҳолат қайд этилмаганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Афғонистон ҳолати коронавирус хавфининг бевосита Ўзбекистон чегарасига яқинлашганига ҳам далолат қилади.

Ўзбекистон тўқнаш келиши мумкин бўлган хавфни янада кучайтиради:

Маълум бўлишича, қуролли низолар ичида экани ва иқтисоди қанчалик абгор эканига қарамай, пойтахт Кобулнинг ўзида коронавирус ташхисини қўйиш имкони бор.

Аммо куни-кеча афғонистонлик масъуллар вирусга қарши курашиш учун $20 миллион АҚШ долларига эҳтиёжлари борлигини айтганди.

Худди шу манзарада коронавирус яна қатор араб давлатларига кириб боргани кузатилган.

Италия каби айрим Европа давлатлари ҳам коронавирус хуружи ичида қолган.

Устига устак, бу каби ҳолат коронавирусни янгитдан юқтириш ҳоллари пасаяётгани каби баҳолар манзарасида бўй кўрсатган.

Коронавируснинг бутун дунёни ўз забтига олиши мумкин бўлган эпидемия даражасига етишига оид хавотирларни ўртага отган.

Коронавирус қайта бош кўтарди: Симптомлари оддий гриппдан қандай фарқ қилади? Ўзбекистон, дунё ва Хитой - O`zbekiston

Коронавирус - Хитой карантинни кучайтирди, пуллар дезинфекция қилинмоқда - Xitoy, O'zbekiston

Хитой, коронавирус: Онлайн харид қилинган буюмдан касаллик юқиши мумкинми? Xitoy, koronavirus

Коронавирус ҳали яна авжига чиқади: Ўзбекистон Хитойга нима жўнатди? O`zbekiston

Чоралар

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/ATTA KENARE

Эрон коронавирусдан ўлим ҳоллари бўйича аллақачон Хитойдан кейинги иккинчи давлатга ҳам айланган.

Ҳатто эронлик айрим депутатлар "ўнлаб одамлар қурбон бўлган"ини даъво қилишган.

Аммо эронлик ҳукумат мулозимлари бу иддаоларни рад этишган, коронавирусдан камида 12 киши ўлганини айтишган.

Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, шу кеча-кундузда Тожикистон, Арманистон ва Афғонистон Эрон билан парвозларни вақтинча тўхтатиб қўйган.

Гуржистон Эрон билан чегарасида назоратни кучайтирган, авиапарвозлар ва эронликларнинг мамлакатга киришини чеклаган.

Озарбайжон, Арманистон, Афғонистон Эрон билан яна чегараларини ҳам ёпгани айтилган.

Аммо, Афғонистондан бугун олинаётган хабарларга кўра, Эрон билан икки кун аввал ёпилган чегара қайта очилган.

Бунга ҳар икки томонда тўпланиб қолган одамларнинг ўтиб-қайтишларига изн бериш эҳтиёжи сабаб бўлгани айтилган.

Аммо Афғонистон-Эрон чегарасининг яна қайта ёпилиш-ёпилмаслиги саволи жорий пайтда очиқлигича қолмоқда.

Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош эканини назарда тутиб, худди шу ўринда расмий Тошкент нима қилмоқчи эканига оид саволлар ҳам ўртага чиққан.

Ҳалича Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари ва кибер фазода бу ҳақдаги расмий хабарлар бўй кўрсатмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шу саволларга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билан боғланишга уринди. Аммо ҳозирча бунга муваффақ бўлмади.

Аммо Афғонистонда биринчи коронавирус ҳолати кеча, душанба куни расман қайд этилган бўлса, худди ўша куни Тошкентдан ўзбекистонлик масъуллар мавжуд вазиятни муҳокама этишаётганига оид хабарлар олинган.

Бу ҳақда daryo.uz интернет нашри хабар берган.

Интернет нашри хабарида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси коронавирус сабаб ёпилиши мумкинлиги айтилган.

Худди шу нарса хабар сарлавҳасига ҳам олиб чиқилган.

Маълум бўлишича, бу ҳақда "Дарё"нинг ҳукуматдаги манбаси маълум қилган.

Ўзбекистондаги аксарият етакчи интернет нашрлари ҳам худди ана шу хабарни кўчириб босишган.

"Дарё"нинг ҳукуматдаги манбаси қайд этишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штабининг 24 февралдаги йиғилишида айнан Афғонистондаги вазият муҳокама қилинган.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон—Афғонистон чегарасини вақтинча ёпиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги бошқа муносабатларга доир бошқа масалалар, кўриладиган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинган.

Интернет нашри кеча, душанба кунги айни шу хабарида ўзлари тилга олган йиғилиш ҳақида расмий ахборот берилиши кутилаётганини айтган.

Аммо ҳалича бу хусусдаги расмий хабар бўй кўрсатмаган.

Афғонистондаги сўнгги ҳолат

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/HOSHANG HASHIMI

Илк коронавирус ҳолати Афғонистоннинг Эронга бевосита чегарадош ғарбий Ҳирот вилоятида кеча, душанба куни аниқланган.

Вилоят масъулларига кўра, яна 36 киши айни вирусга чалинганлик гумони билан назорат остига олинган.

Уларнинг барчаси яқинда Эроннинг коронавирус хуруж қилган Қум шаҳридан қайтган бўлишган.

Илк жабрдийданинг фақат 35 ёшли эркак экани маълум қилинган, шахси очиқланмаган.

Кобулдаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, у Ҳиротнинг ўзидаги касалхонага ётқизилган.

Маҳаллий масъуллар беморнинг аҳволи қониқарли эканини билдиришган.

Маълум бўлишича, Ҳиротда аллақачон фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Вилоятга кириш ва чиқиш чеклаб қўйилган.

Аҳолига ваҳимага тушмасликлари, тиббиёт ходимлари йўл-йўриқларига қатъий риоя этишлари айтилган.

Одамлар кўп тўпланадиган жойларга имкон қадар бормасликлари тавсия қилинган.

Ҳаммомлар, бассейнлар, тўйхоналар ёпилган.

Фавқулодда ҳолат бундан бошқа яна қандай чораларни кўзда тутиши маълум эмас.

Толибон илова Афғонистондаги жангари гуруҳлар ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг коронавирус билан боғлиқ сўнгги янгиликка расмий муносабатлари ҳозирча имконсиз.

Ҳирот ҳам Афғонистоннинг сўнгги йилларда зўравонликлар қайта кучайиб бораётган кўплаб вилоятларидан бири экани кўрилади.

Афғонистон минтақадаги аҳолиси энг катта сондаги давлатлардан бири бўлади.

Узоқ йиллик урушлар боис бу яқин йиллар ичида расман рўйхатдан ўтказилмаган эса-да, аҳолисининг сони 35 миллиондан ортиқроққа нисбат берилади.

Афғонистондаги нотинчликлар ва ишсизлик боис, йилларки, Эронда қочқинликда қолаётган ёки меҳнат муҳожирлигида банд афғонларнинг сони эса, юз минглабдир.

Бу эса, Эроннинг ўзида ҳам катта сондаги афғонларнинг коронавирусни юқтиришлари эҳтимолларини кучайтирмай қолмаган.

Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи йирик давлати ҳам бўлади. Уларнинг сонлари миллионлаб экани тахмин қилинади.

Афғонистондаги илк коронавирус ҳолати билан боғлиқ янгилик эса, икки қўшни давлат ўртасида борди-келди ва савдо-сотиқлар йил сайин кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/NurPhoto

Коронавирус илк бор Хитойда ўтган йил охирида аниқланган бўлса, ҳозирча келиб дунёнинг ўттиздан ортиқ давлатига кириб борган.

Уларнинг орасида Россия, АҚШ, Жанубий Корея каби жаъми миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари бўлган мамлакатлар ҳам бор.

Шу пайтгача Ўзбекистоннинг ўзи ёки ташқарисида бирор бир ўзбекистонликнинг коронавирусни юқтиргани расман қайд этилмаган.

Орада бунга оид бўй кўрсатган қатор хабарлар эса, ўзбекистонлик масъуллар томонидан устма-уст расман ва ошкора рад этилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу хавфнинг олдини олиш ва унга бас келишга қодир эканликларини аллақачон баён қилиб бўлган.

Аммо орада Ўзбекистон илова қолган Марказий Осиё давлатларининг бунга қанчалик қобил эканликлари АҚШ Давлат котибининг шубҳаларига қадар сабаб бўлиб улгурган.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирус юқтирганлар сони 80 минг кишига яқинлашган.

Қурбонлар сони эса, қарийб уч минг кишига етган. Улардан аксарияти коронавирус ўчоғи бўлган Хитойнинг ҳиссасига тўғри келади.

Миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд Россия эса, ҳозирча коронавирус кириб борган ягона собиқ Шўро давлати бўлиб турибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ