Ўзбекистон: депутатлар девелоперларни тийиб қўя оладиларми? O'zbekiston

Яккасаройда кесилган дарахат ва депутат Акмал Бурҳонов

Тошкент Яккасаройидаги табиатга ваҳшийлик Ўзбекистондаги охирги йилларда кучайган шаҳарсозлик муаммосини яна ўртага олиб чиқди: нега девелоперлар қурилиш учун бўш жойни эмас, айнан кўп қаватли уйлар ўртасидаги болалар майдончаси ёки боғчани танлайдилар?

Пойтахт Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда шаҳарсозлик қоидалари қўпол бузилаётгани ҳақидаги мақолалар айрим оммавий ахборот воситаларида эълон ҳам қилинди, аммо дарахтлар шафқатсиз кесилаётгани ҳақидаги матбуот чиқишлари сўнгги ўн йилда эътиборсиз қолиб кетганидек бетартиб кўп қаватли турар-жой бинолари қурилиши муаммосига кенг жамоатчилик эътиборини тортиш ҳам қийин бўлди.

Энг овозали иш Самарқанд шаҳрида ноқонуний қурилган 26 бино бўлди.

Самарқандлик журналист ва блоггер Каримберди Тўрамурод шаҳардаги ноқонуний кўп қаватли турар-жой уйларини қуриш билан боғлиқ вазиятни Би-би-сига шундай ҳикоя қилиб берганди 2019 йил майида эфирга узатилган жонли видео дастуримизда:

"Мен яшаб турган "Сўғдиёна" маскани дейилади, халқнинг тилида "дом" дейилади кўп қаватли уйлар. Домларнинг орасига дом қурилди. Яъни кўп қаватли уйларнинг орасига яна кўп қаватли уйлар қурилди. Айнан болалар майдончаларининг ўрнига кўп қаватли уйлар қурилди. Шундай бўп қолдики баъзи уйлар, олтинчи қаватдан балконидан чиқиб чой узатсангиз, нариги кўп қаватли уйнинг балконидагига чой узатса етадиган даражада бўлиб қолди. Мана шулар узоқ ўтмишдамас, қамалиб кетган ҳокимнинг вақтидамас, айнан 2018 йил, 2019 йил қарорлари билан берилди. Мен шунақа уйларнинг бир нечталари (қарорлари) билан қизиқиб кўрдим. Энг қизиқ факт - ҳозир амалда бўлган шаҳар ҳокими мана шу қарорларнинг бирортасига қўл қўйгани йўқ. Кузатсангиз, ғалати бир тасодиф-да энди бу, қонуний тасодиф. (Қарорларнинг) ҳаммаси шаҳар ҳокими сафарда бўлган пайти, Францияда бўлган пайти, Хитойда бўлган пайти унинг ўринбосарлари томонидан мана шу қарорларга қўл қўйилган. Кўп қаватли уйларнинг орасидаги тор жойларга яна кўп қаватли уй қуриш тўғрисидаги ғайритабиий қарорларга қўл қўйилган ва қурувчилар бу уйларни қураяпти. Мана шу қурилишларнинг айримларини вилоят ҳокими бекор қилдираяпти. Лекин баъзилари қурилиб бўлди, баъзилари 4-5 қават кўтарилиб қолди. Мен ўша қурувчилар билан ҳам гаплашганман. Мана бу ёқда Нуробод тумани бор, Қўшработ, шаҳарга қўшни туманлар бор, шунча бўш жойлар ётипти. Шаҳардан уч километр чиқасангиз, бепоён бўшлиқлар бор. Нима учун ўша ерларга қурмайсизлар, десам, "у ерга электр тортиб бориш, газ, сув, канализация тортиб боришнинг пулига мана бунақа домдан яна иккитасини қурса бўлади", дейди. Дом орасига дом қуриш жуда осон бўларга, шундоқ канализацияга, тайёр турган симларга электр симларини улаб қўйишади, бўлди".

Профессионал архитекторлар узоқ йиллардан буён шаҳарсозлик талаблари бузиб келинаётгани ҳақида бонг уриб келишади, сўнгги йиллардаги қурилишлар меъморларнинг ҳақ эканликларини исботламоқда: кўп жойларда канализация, дренаж тизимлари босим остида қолгани ҳақидаги хавотирлар ҳам билдирилмоқда.

Хўш, Ўзбекистон парламенти депутатлари кўп қаватли бино қуриб даромад кўрмоқчи бўлган, аммо шаҳарсозлик қоидаларини бузилишига кўз юмадиган девелоперларни тийиб қўя оладими?

Би-би-си ушбу саволни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати, "Юксалиш" Умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳоновга берди.

Акмал Бурҳоновнинг айтишича, бутун дунёда аҳоли турар-жой бинолари, кўнгилочар биноларни шаҳар марказидан ташқарида қуриш тенденцияси кузатилмоқда, Ўзбекистонда ҳам шунга ҳаракат қилинмоқда.

2019 йилдан Ўзбекистонда урбанизация масалаларини тезлаштиришга киришилган.

"Ҳозир бизда қонунчиликка кўра вилоятларда, узоқ олисдаги ҳудудларда тадбиркорлик билан шуғулланса, уларга белгиланадиган солиқлар фарқи бор, енгиллик яратилган. Лекин шунга қарамасдан, тадбиркорларнинг кўпи марказда уй-жой ёки турли хил биноларни қуришга ҳаракат қилишади. Ҳозир "Урбанизация тўғрисидаги қонун", йўлдош шаҳарлар устида ишланяпти. Ва энг асосийси, тадбиркорларга бошқа ҳудудда қурса, уларга инфраструктурани қилиб бериш бўйича давлат томонидан кафолат бўлиши керак. Керак бўлса, уч йил, беш йил, 10 йил, 20 йиллик имтиёзлар бериладиган тизим жорий қилинса, биз мана шундай нохуш ҳодисалардан халос бўламиз, иккинчи томондан ўша ҳудуднинг ривожланишига ҳам олиб келади", дейди депутат Акмал Бурҳонов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ