Коронавирус Ўзбекистон иқтисодига қанчага тушади? - O'zbekiston

Gazeta.uz

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи,

Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуротов коронавируснинг иқтисодиётга таъсири "бир марталик ва қисқа муддатли" бўлишини айтган

Ўзбекистон Марказий Банки бошқаруви 5 март куни қайта молиялаш ставкасини йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирган.

Марказбанкнинг фоиз ставкаларини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги навбатдаги қарори коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсиридан хавотирлар кучайиб бораётган пайтга тўғри келмоқда.

Сешанба куни АҚШ Федерал Резерв Тизими коронавирус оқибатларини камайтириш мақсадида қайта молиялаш ставкасини туширганди.

Ўзбекистон ҳукумати коронавируснинг мамлакат иқтисоди учун эҳтимолий оқибатлари таҳлил қилинган биронта расмий ҳужжатни эълон қилганича йўқ.

Пайшанба куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуротов коронавируснинг иқтисодиётга таъсири "бир марталик ва қисқа муддатли" бўлишини айтган.

У ҳеч қандай рақам ва прогнозларни келтирмаган.

Энг катта ҳамкор

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон коронавирусдан 1 миллиард долларга қадар зарар кўриши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури эксперти Сергей Ворониннинг ёзишича, коронавирус эпидемияси сабаб Хитой ва бошқа давлатлар билан ўзаро савдонинг қисқариши туфайли Ўзбекистон иқтисодиёти 960 миллион AҚШ долларидан кўпроқ зарар кўриши мумкин.

"Мамлакат бюджети бир неча жиҳатдан зарар кўриши мумкин. Хусусан, импортга қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумлар 2,9% дан 1,5% гача, божхона тўловлари 0,4% дан 0,2% гача, аксиз солиғи бўйича эса 0,1% дан 0,05%га тушиши мумкин. 2019 йилда мазкур тўловлар асосида республика ялпи ички маҳсулоти 58,3 миллиард долларни ташкил этган. Мана шу натижага таяниб ҳисоб-китоб қилинса, йўқотишлар 960 миллион доллардан ошади", деб ёзади таҳлилчи Review.uz сайтида чоп этилган мақолада.

Ўтган йили Хитой Россиядан ўзиб, Ўзбекистоннинг биринчи рақамли савдо ҳамкорига айланган.

Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 7 ярим миллиард доллардан ошиб кетган, бу Россия билан ўртадаги товар айланмасидан 1 миллиардга кўпдир.

Ўзбек саноат корхоналарига хом ашё ва асбоб-ускуналар етказиб беришда Хитой улушининг камайиши ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳам камайишига олиб келади.

Экспертнинг қайд этишича, ўтган йили Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 531 та корхона ташкил этилган. Бу йил эса ушбу кўрсаткичга эришиб бўлмайди.Бу эса тадбиркорлик фаолияти секинлашади, дегани.

Ва табиийки, Хитойдан келадиган сайёҳлар оқими ҳам камаяди.

Хитой Ўзбекистон саноати учун йирик таъминотчи, эҳтиёт қисмлар, машина, жиҳозлар ва истеъмол моллари етказиб берадиган давлат.

Ўтган йили Ўзбекистон импортининг 21 фоизи, дунёда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг эса учдан бири Хитойга тўғри келган.

Иқтисодий инқироз

Коронавирус ҳозирнинг ўзида Хитойда иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келган. Энг кўп зарарни кичик бизнес кўрмоқда.

Хитойнинг ҳануз тўлиқ карантин остида қолаётган Ухан шаҳрида автомобил ишлаб чиқарувчи йирик ширкатларнинг заводлари, таъминотчи ҳамда воситачилар фаолият олиб боради. Биргина автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарадиган заводларнинг ўзи 100 дан ортиқ.

Бу завод ва фабрикалар ҳозирда тўхтаб қолган.

Уларнинг ишчилари карантинда уйларидан чиқолмай ўтираркан, ғарблик иқтисодчилар дунё янги иқтисодий инқироз бўсағасида турмаяптимикан, деган саволни беришмоқда.

Уларга кўра, агар вирус глобал эпидемияга айланадиган бўлса, бу 2008-2009 йиллардаги каби молиявий-иқтисодий инқирозни келтириб чиқариши мумкин.

Дунё олдинги инқироздан чиқиши учун 10 йил кетди.

Ҳали ўзига келиб, бойликларни кўпайтириб улгурмасидан дунёнинг уч етакчи иқтисоди - Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи ва Хитой устида қора булутлар тўплана бошлади.

Аввалига Брексит, кейин савдо урушлари ва мана энди коронавирус.

Дунё бўйлаб молия бозорларида ҳиссалар нархи тушмоқда.

Дунё бўйлаб ҳукуматлар вирусни жиловлаш мақсадида одамларга саёҳат қилишдан тийилишни тавсия қилишмоқда, корхоналар тўхтамоқда, дўконларга келувчи харидорлар сони камаймоқда.

Ўзбекистонлик мустақил эксперт Игор Цойнинг айтишича, Ўзбекистон расмийлари коронавируснинг эҳтимолий оқибатларини ҳануз тўлиқ англаб етмаяпти.

"Бизнинг амалдорларимиз коронавирус эпидемиясининг Ўзбекистонга, жумладан, унинг иқтисодиётига салбий таъсирини ҳали ҳам тўлиқ англаб етганлари йўқ. Мен салбий таъсири деяпман, аммо баъзи соҳалар, масалан, туризм соҳасидаги таъсирни тўғридан-тўғри йўқотиш, деб аташ мумкин. Ҳукумат сайёҳлар оқимининг, жумладан, хитойлик сайёҳлар сонининг қисқариши натижасида кўриладиган зарарни минималлаштириш учун ҳеч нарса қилаётгани йўқ. Куни кеча Америка ҳукумати базавий ставкани кескин пасайтирди. Мақсад арзон кредитлар бериш орқали тадбиркорлик ва иқтисодий фаолликни сақлаб қолиш ҳамда жонлантириш. Токи Хитой импортининг қисқаришидан пайдо бўладиган бўшлиқни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тўлдирсин. Бизда-чи? Куни кеча Uzauto автомобиллар сотиш ва шартнома тузишни вақтинча тўхтатаётганини эълон қилди. Гўёки компанияда амалга оширилаётган инвентеризация сабаб. Аммо ҳамма биладики, Хитой автомобил саноатининг маркази бўлган Ухандаги вазият бизнинг автосаноатимизга ҳам билвосита таъсир қилган. Марказий Банк қайта молиялаш ставкасини ўзгаришсиз, яъни йиллик 16 фоизлигича қолдирди. Ўзбекистон Марказий Банки иқтисодиётни ривожлантириш эмас, балки қандай қилиб бўлса ҳам инфляцияни жиловлаш билан овора. Афсуски, коронавирус эпидемиясининг оқибатларига қарши комплекс чора-тадбирлар бизда йўқ", - дейди Игорь Цой Би-би-си билан суҳбатда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek