Коронавирус масжидда юқиши мумкинми, жамоат намозлари хавфлими? - O'zbekiston, Xitoy, koronavirus

Коронавирус

Сурат манбаси, GettyImages/Nozim Kalandarov

Масжидларга чиқмай туринг - коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун Қозоғистон ва Тожикистонда диний масъуллар одамларга ана шундай тавсия билан чиқишган. Ўзбекистон илова қолган бирор бир Марказий Осиё давлатида ҳозирча расман коронавирус ҳолати қайд этилмаган. Уларни бунга нима ундагани сабаби маълум эмас. Хавотирлар қанчалик ўринли:

Қозоғистонда " шамоллаш аломатлари" бўлган намозхонлар тоат-ибодатларини уйда қилиш, шахсий гигиенага риоя қилишга ундалмоқда.

Тожикистондаги мусулмонларга эса, жамоат намозларига чиқмай туришлари маслаҳат берилаётир.

Маълум бўлишича, бу диндорлар орасида бир хил кутиб олинмаган.

Ўзбекистон илова қолган бирор бир Марказий Осиё давлатида ҳозирча расман коронавирус ҳолати қайд этилмаган.

Уларнинг барчаси аксарият аҳолиси мусулмон давлатлар саналишади.

Бир Марказий Осиё диний масъулларининг бунгача бу каби огоҳлик билан чиқишлари кузатилмаган.

Мамлакатларида ҳалича бирор бир коронавирус ҳолати расман қайд этилмаган бир манзарада уларнинг нега бу каби йўл тутишаётгани сабаби маълум эмас.

Бунгача Яқин Шарқда коронавирус ўчоғи бўлиб қолаётган Эрондан шунга ўхшаш хабарлар олинган.

Эронлик масъуллар ўтган ой охирида аксарият вилоят марказларида жума намозларини бекор қилишганди.

Куни-кеча айни шу хавф сабаб, Саудия Арабистони "Умра визаси" берилишини расман тўхтатиб қўйган.

Коронавирус тарқалган давлатлардан сайёҳлар келишига ҳам чеклов киритган.

Ар-Риёднинг чекловлари мусулмонлар учун муқаддас Ҳаж зиёратига саноқли ҳафталар қолган бир пайтга тўғри келган.

Булар барчасининг Ҳаж зиёратига таъсир қилиш-қилмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон минтақадаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Аммо ҳалича пойтахт Тошкентдан бунга ўхшаш хабарлар олинмаган.

Коронавирус, Марказий Осиё ва масжидлар

Сурат манбаси, GettyImages/VYACHESLAV OSELEDKO

Маълум бўлишича, коронавирус таҳдиди сабаб, Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси хавфсизлик чораларини кучайтиришга қарор қилган.

Имомлар бошқаларга юқтирмасликлари учун шамоллаш аломатлари бўлган намозхонларни масжидларга чиқмай туришга чақиришган.

Хабарларга кўра, масжидларнинг тозалиги ҳам махсус назорат остига олинган.

Ҳар бир жамоат намозидан кейин, хоналарни ювиб, тозалаб, шамоллатишга ўтилган.

Хабарларга кўра, ҳалича бирор бир масжид коронавирус таҳдиди сабаб ёпилмаган.

Барчаси одатдагидек фаолият юритишда давом этмоқда.

Диний бошқарма барча мусулмонларни жамоат жойларида барча лозим эҳтиёт чораларини кўриш, шифокорлар тавсияларига ҳам қатъий амал қилишга чақирган.

Англашилишича, Тожикистон пойтахти Душанбедаги аксарият масжидларда эса, бу каби даъват кеча янграган.

У ердаги мустақил журналист Искандар Фирузнинг айтишича, бугун чоршанба кунидан бошлаб, масжид эшиклари жамоат намози учун ёпилиши билдирилган.

Жамоат намозлари коронавирус тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлиги айтилган.

Тоат-ибодатлари уйда, ҳатто, шунда ҳам, ёлғиз адо этишлари тавсия этилган.

Журналистнинг ўз кузатувларига таяниб айтишича, ростдан ҳам бугун Душанбедаги аксарият масжидлар намозхонлар учун очилмаган.

Унинг ўзига имконли бўлган хабарларга таяниб айтишича, мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам шу каби аҳвол кузатилган.

Суҳбатдошимизга кўра, бугун маҳаллий вақт билан тушдан кейин Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши фавқулодда йиғин ўтказишмоқчи.

"Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жамоат намозлари мамлакатда коронавирус тарқалишига сабаб бўлишини исботлаб беришини сўрашмоқчи".

Чоралар...

Сурат манбаси, GettyImages/Anadolu Agency

Журналистнинг айтишича, барчалари коронавирус тарқалишининг олдини олиш қанчалик муҳим эканлигини англаб турган бўлишса-да, имом хатибларнинг бу каби даъватлари оддий аҳоли томонидан ҳам бир хилда кутиб олинмаган.

Худди шу каби манзарада бу каби хабарларга муносабатини сўраб, Би-би-си Ўзбек хизмати Қирғизистондан етакчи уламо Содиқ қори Камолиддинга мурожаат қилди.

У кишининг айтишича, айниқса, "Расулуллоҳнинг даврларида ҳамма диний мунавварада ва бошқа кўпгина ислом юртларида вабо тарқалган вақтларда ҳам, мусулмонларни масжидларда жамоат билан бирга намоз ўқишдан ҳеч ким қайтарган эмас".

Лекин, шунда ҳам, пайғамбаримиз(с.а.в)нинг "Туяни яхшилаб боғлагин, ундан кейин Аллоҳга таваккал қилгин", деган улуғ гаплари бор.

"Ўз-ўзидан таваккал қилиб қўйиб ҳам бўлмайди, ўша эҳтиёт чораларини кўриб, ундан кейин Аллоҳга таваккал қилинади, Аллоҳдан мана шу касалликлардан омон сақлаши сўралади", - дейди уламо суҳбатдошимиз.

Тожикистонлик масъуллар эса, жорий пайтда огоҳлик, тарғибот-ташвиқот ишларига зўр беришган.

Ҳатто, мамлакатда Олий ва ўрта билим даргоҳлари, мактабларни вақтинчалик ёпиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Унга кўра, Тожикистонда бу йилги Наврўз тантаналари ҳам бекор қилиниши мумкин.

"Чунки ўқувчиларнинг байрамга тайёргарлик машғулотлари бугундан бошлаб тўхтатилди", - дейди у.

Пойтахт Тошкентдан бугун олинган расмий хабарларга кўра, Ўзбекистонда ҳам Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида коронавирус инфекциясига қарши эҳтиёт чоралари кучайтирилган. Тегишли чекловлар ўрнатилган.

Аммо, афтидан, бу каби чекловлар ва тақиқлар Ўзбекистонда бу йилги Наврўз байрамини кўзда тутмайди.

Бунга мамлакат президентининг куни-кеча қабул қилган махсус қарори далолат қилган.

Янги қарор Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кўзда тутади.

Худди шу манзарада яна Туркманистонда ҳам "илк коронавирус ҳолати қайд этилгани"га оид хабарлар бўй кўрсатган.

Аммо Ўзбекистон мисолида бўлгани каби, бу хабарлар Туркманистонда ҳам ҳалича ўзининг расман исботи, тасдиғини топмаган.

Барча Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг барча турдаги ўзаро қатновларни вақтинчлик чеклаш, чегараларни ёпиш, махсус текширув постларини ташкил қилиш қадар, коронавирус кенг тарқалган ёки хуруж қилган давлатлар билан икки ўртада лозим барча эҳтиёт чораларини кўришаётгани ҳам кузатилган.

Аммо бу давлатларнинг ҳалокатли вирусга бас келишга қанчалик қодир эканликларига оид саволлар ҳалича кун тартибида қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek