Коронавирус аломатлари бўлса, уни тарқатмаслик учун нима қилиш керак? Хитой O`zbekiston

Корнавирус симптомлари
Сурат тагсўзи,

Коронавирус иситима ё ваража билан бошланади, қуруқ йўтал тутади, бир ҳафтадан кейин нафас қисиб, бош ва мушаклар оғрийди.

Коронавирус тарқамаслиги учун касаллик аломатлари борлар нима қилиши керак?

Коронавирус аломатлари бўлган айрим одамларга ўз-ўзини иҳоталаш маслаҳат берилмоқда.

Агар вирус тарқаган ҳудудга сафар қилиб қайтсангиз ёки бу ҳудуддан келганлар, вирусга чалинганлар билан яқиндан гаплашган, бир хонада қолган бўлсангиз ўзингизни иҳота қилганингиз маъқул.

Мабодо вирусга чалинган одам билан 15 дақиқа 2 метр масофада гаплашсангиз ёки юзма-юз суҳбатлашсангиз, сиз коронавирус юқтирган бўлишингиз мумкин.

Кимдир вирусга чалинса шифокорлар бу шахс алоқада бўлган бошқа инсонлар ҳақида маълумот тўплашади.

Мулозимлар ва шифокорлар бу каби инсонларга ўзларини иҳота қилишни маслаҳат беришади.

Коронавирусни бошқаларга юқтирмаслик ва ўзингизни иҳоталаш йўлларини ўрганинг:

Ўзимни қандай иҳоталашим керак?

•14 кун давомида уйда қоласиз

•Мактабга, ўқишга ёки ишга бормайсиз

•Жамоат транспортидан ёки таксидан фойдаланмайсиз

Сиз турадиган хона яхши ҳаво алмашадиган, аммо бошқалар яшайдиган хоналардан узоқроқда бўлиши керак.

Бозор-ўчар қилиш керак бўлса, табиийки, яқинларингиз ва дўстларингиздан ёрдам сўрайсиз.

Улар сизга бозорликни ёки дори-дармонни олиб келиб беришлари мумкин. Аммо уйингиз ёки хонангиз эшиги остида қолдиришлари шарт.

Шифокорларга кўра, сизни кўришга келмаганлари маъқул. Меҳмондорчилик хатарсиз эмас.

Мен яшаётган уйда бошқалар ҳам бўлса-чи?

Сурат тагсўзи,

Қўлни 20 лаҳза совунлаб ювинг, йўтал ва аксиришда оғиз-бурунни тўсинг, қўлни юз-кўзингизга текизманг.

Агар оилада ёки дўстларингиз билан бир уйда яшасангиз, унда умумий ошхонадан фойдаланмаганингиз маъқул. Айниқса, бошқалар ҳам бу ошхонада бўлишса. Ҳеч ким бўлмаганида ошхонадан фойдалансангиз, сиздан кейин овқат пишириладиган хона санитария -кимёвий суюқликлар билан тозаланиши керак.

Албатта, айрим ҳолатларда ўзингизни тўла ажратиб яшашингизнинг имкони бўлмайди.

Бунақа ҳолатларда яқинларингиз ёки дўстларингиз билан бир хонада бўлиш ёки яқиндан суҳбатлашишни камайтиринг. Қўлларингизни совунлаб камида 20 секунд ишқалаб ювиб туринг.

Табиийки, сочиқ, санитария асбоблари ёки бошқа уй жиҳозларини бирга яшайдиган инсонлар билан бўлишиб ишлатманг.

Агар бунинг ҳам имкони оз бўлса, масалан, умумий хожатхона ишлатиладиган бўлса, унда албатта вирус юқтирган шахс охирги бўлиб фойдаланиши ва ундан кейин ювиниш хонаси ёки ҳожатхона обдон тозаланишини керак.

Вирус юқтирган шахсларнинг чиқиндилари иккита селлофан халтага солиб, кейин ташланиши керак.

Кейин бу шахснинг чиқиндисини нима қилиш кераклигини мулозимлардан сўраб олинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek