Отасининг қизлари: Рамзан Қодиров Айшатни қўллайдими? - Россия, Ислом, мода ва мусулмонлар

  • Елизавета Фохт
  • Би-би-си
показ Firdaws

Сурат манбаси, Getty Images

Отасининг қизлари: Рамзан Қодиров Айшатни қўллайдими? - Чеченистон Президентининг 21 ёшли тўнғич қизи Париж подиумларини ҳам забт этди. Илк бор Европага кириб борди. Айшат Қодирова шу ёшда бунга қандай қилиб муваффақ бўлди?

Чечен модалар уйига 2009 йилда Чеченистон Президентининг рафиқаси Медни Қодирова асос солган.

Кейин унинг бошқаруви қизлари Айшат Қодировага берилган.

Дизайнер Айшат Қодирова бунгача ўз коллекцияларини Грозний, Москва ва Дубайда намойиш этган.

Бу - унинг Европа подиумларига илк бор чиқиши.

Айшат яна фақат шу намойишнинг ўзи билан чекланмаган.

Франция пойтахтида чечен маданияти кечасини ҳам ўтказган.

Firdaws нинг намойиши нуфузли ва машҳур Париж модалар ҳафталиги билан бир пайтга тўғри келган.

Аммо ҳафталик дастурига кирмаган, алоҳида бўлиб ўтган.

Тадбир "Рус мавсумлари" фестивали шафелиги остида ўтказилган.

Мазкур фестивал Россия ҳукумати ва Маданият вазирлиги томонидан уюштириб келинади.

Сурат манбаси, Getty Images

Firdaws вакилларининг Би-би-сига айтишларича, Париждаги намойишни ўз ҳисобларидан қилишган.

Firdaws модалар уйи либослари арзон турмайди. Айримларининг баҳоси бир неча юз минг рублгача боради.

Аммо "Открытые медиа" ёзишича, "Фирдаус"(МЧЖ)нинг 2018 йилги кирим ва чиқими бир ярим минг рублга ҳам етмаган.

Модалар уйи ўз коллекцияси намойиши учун Париждаги тарихий Le Marois меҳмонхонасини танлаган.

Бу қадимий бино XIX аср ўрталарида граф Маруа учун барпо этилган.

Графнинг отаси эса, Наполеон Бонапартнинг тўйида шоҳид бўлган.

Кейинчалик бу ерда Мари Дюплесси яшаган.

У Александр Дюма-ўғилнинг "Камелияли хоним" асари бош қаҳрамони прототипи бўлган.

Бино маълум муддат Франция-Америка Уюшмаси мулкига ҳам айланган.

Ҳали-ҳануз бу икки давлат дипломатлари ва бизнес элитаси учрашувларига мезбонлик қилиб келади.

Firdaws модалар уйи либослари намойиши учун, ҳатто, бутунбошли Чеченистон давлат филармонияси симфоник оркестри Парижга олиб келинган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Намойиш ортидан, худди шу қадимий бинонинг ўзида чечен маданияти кечаси ҳам ўтказилди.

Бу тадбир оммавий ахборот воситаларини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Аммо улардан аксариятини Айшат Қодирова либослари эмас, кўпроқ Рамзан Қодиров шахсияти қизиқтирган.

Айрим журналистлар намойишга қўйилмаган.

Дейлик, "Новая газета мухбири бутун тадбирни меҳмонхона қўриқчилари билан тортишиб ўтказган.

Айшат Қодирова ҳам журналистларга деярли тутқич бермаган.

Фақат "Россия-1" ва "Грозный" телевизион каналларига умумий изоҳлар бериш билан чекланган.

Чечен телеканали учун суҳбатни дизайнердан "России 24" бошловчиси Екатерина Гринчевская олган.

У яна ўзини Би-би-сига Айшат Қодированинг директори, дея тақдим ҳам этган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

21 ёшли Айшат Қодирова бутун намойиш пайтида ўзининг директоридан бир дақиқага бўлсин, ажралмади ва саноқлигина саволларимизга жавоб берди.

Айшат шундоққина намойиш арафасида Би-би-си учун ҳам икки дақиқа вақтини ажратди.

- Ўз коллекциянгизни Парижда намойиш этишга қарор қилибсиз. Нима учун айнан бу шаҳар? Нега Грозний эмас?

- "Ҳа, жуда ҳаяжонли тадбир", нимани билсанг, гапиравер, дея Гринчевская Айшатга нимани, қандай гапириш ҳақида ўргатиб турди. - Бу худди ўзимиз тайёрланган тўртинчи саволга жавоб.

- Катя! Ҳеч фикримни жамлаб ололмаяпман, дея ўзини кулгудан тия олмади Айшат Қодирова. - Ҳа, бу мен жуда муҳим тадбир. Firdaws шуғулланаётган модани мен ҳамиша маданиятнинг бир қисми сифатида қабул қилганман.

- Демак, Парижга бу маданиятни Европага кўрсатиш учун келгансиз?

- Мақсадимиз - ҳам чечен ва ҳам биздаги жаҳон маданияти ҳақида дунёга сўйлашдир.

Айшат Қодирова бу коллекциясини яратишга ўзини нима руҳлантиргани ҳақида ҳам гапириб берди.

"Унинг асосида - тоғлар, осмон, севги ва садоқат рамзи бўлган эдельвейс ётади. Саккиз йил аввал отам онамга эдельвейс совға қилганини кўрганман. Отам бу гулни топиш учун ўшанда уч кун тоғу тош кезган. Ўшанда мана шу ҳикояни мода тилида сўзлашни истаганман".

Аммо модельер отасининг ўзига 2014 йилда Европага кириш тақиқланган.

Бунга Рамзон Қодировнинг Қрим аннексиясини дастаклагани ва Украина шарқига чеченларни юборишга тайёр эканига оид баёноти сабаб бўлган. У халқаро санкциялар остига тушган.

Чеченистон Президенти ўзининг Европага қаратилган такрорий танқидлари билан ҳам танилган.

Рамзан Қодиров Европани "оила институти, анъанаси ва урф-одатлари деган тушунчалар йўқлик"да танқид қилган.

Кўринишича, Рамзон Қодиров қизининг Париждаги намойишини беэътибор қолдирмаган.

Чеченистон раҳбари бу ҳақда ўзининг "В Контакте"даги акаунтида ёзиб қолдирган.

Намойишга келган меҳмонлар Чеченистоннинг ярим миллион аҳолиси "тинч-осойишта яшаши, Конституцияда кафолатланган барча эркинликларга эга экани, ҳаётдан завқланишлари, мода, янги йўналишларни тушунишлари, чиройли кийинишни яхши кўришларига ишонч ҳосил қилишган".

Айшат Қодированинг айтишича, "ота-онаси ўзини қўллаб-қувватлашади ва маслаҳатларини ҳам дариғ тутишмайди".

"Парижга эса, уни дастаклаш учун синглиси келган".

Айшатнинг шу сўзлари ортидан, Гринчевская уни намойишга тайёрланишга олиб кетган.

Би-би-си ундан отасига қарши санкцияларга оид саволни сўрай олмаган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Намойишда осиёлик ва африкаликлари илова ўнлаб моделлар иштирок этишди.

Коллекция келин кўйлакларини ҳам ўз ичига олган, аммо тўлиғича узун либослардан иборат экани кўрилган.

Намойиш чоғида бу либосларнинг барчасига ҳижоб ҳамоҳанглик қилган.

"Paris Match" журнали тадбир ҳақидаги хабарида моделларнинг "жуда вазмин эканликлари" ва ўзларини камералар қаршисида қанчалик сипо тутишганига эътибор қаратган.

Ораларида Vogue Arabia Бош муҳаррири Мануэль Арно, топ-модель Синди Бруна, яна Россия ва қатор араб давлатлари элчилари бўлган меҳмонларга эса, афтидан, Айшат Қодированинг либослари маъқул келган.

Улар намойиш ортидан, давомий қарсакларга зўр беришган.

Би-би-си суҳбатлашишга муваффақ бўлган барча томошабинлар ҳам коллекция ўзларига ёққанини айтишган.

"Бундай одамлар бизнинг дунёмиздан йироқ"

Намойиш ортидан Firdaws вакиллари саволларимизга жавоб бермай қўйишди.

Париждаги намойишдан мақсад Европада кўпроқ инсон ҳақларининг поймол этилишига оид хабарлар билан танилган Чеченистон имижини яхшилашмиди, деган саволимиз ҳам бежавоб қолди.

2018 йил охирида Франция илова Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо 16 давлат Чеченистондаги мунтазам инсон ҳақларининг бузилиш ҳолларидан бонг уриб чиқишган.

Қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан, Би-би-си ҳам мустақил фаоллар, ҳамжинсбозлар ва ҳатто оддий фуқароларга қарши таъқиблар ҳақида муттасил равишда хабар бериб келишган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Топ-модель Синдри Бруна Чеченистон инсон ҳақларининг топталиши билан ном чиқарганини фақат Би-би-си билан суҳбатда билди.

Айшат Қодированинг Париждаги намойишига келган франциялик кўпчилик меҳмонлар Чеченистон ҳақида деярли ҳеч нарса билишмасди.

- Ажойиб коллекция. Чиройли либослар жуда кўп. Ҳатто ўзим ҳам кийган бўлардим. Уларни анъанадор демаган бўлардим: уст-бошлар гўзал ва ранг-баранг эди, дея Би-би-си билан суҳбатда ўз таассуротлари билан ўртоқлашди топ-модель Синди Бруна. У Chanel, Alexander McQueen ва Victoria's Secret модалар уйлари учун моделлик қилган.

- Чеченистон ҳақида нималарни биласиз?

- Ростини айтсам, ҳеч нарса.

- Чеченистон инсон ҳақлари, ҳамжинсбозлар ҳуқуқларининг қанчалик топташи билан маълум.

- Мен... билмасдим. Раҳмат мени бохабар этганингиз учун.

Либослар намойишида стилист бўлиб ишлаган Майкл ҳам ўз иш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Унинг айтишича, Firdaws иш услубидан қониққан.

- Бирор бир шартларсиз ўз маҳоратимни намоён этишимга қўйиб беришди. Айшат билан ишлаш зўр эди, мени ҳеч ҳам чекламади. Эрким ўзимда эди.

- Чеченистон ҳақида нималарни биласиз?

- Озми-кўпми биламан. Лекин муаммолар ҳар бир давлатда бор. Мени таклиф қилишганининг ўзиёқ уларнинг очиқликка интилишаётгани далолати, назаримда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Firdaws нинг намойиши Dior ники билан бир пайтда бўлиб ўтди. Уларни фақат кўчагина фарқлаб турди.

Ўзини модель ва меъмор, деб таништирган яна бир меҳмон ҳам Ислом динига эътиқод қилиши, ҳижоби билан бўлмаса-да, Firdaws нинг либосларини жон, деб кийган бўлишини айтди.

Лекин, шунинг баробарида, ҳар қандай кўринишдаги инсон ҳақларининг поймол этилиш ҳолларини қоралашини ҳам билдирди.

- Чеченистонда нималар бўлаётганидан хабарим йўқ эди. Сиздан билдим. - Бунақа одамлар бизнинг дунёмиздан йироқ. Бунга ўхшаш хулқ-атворга ўрин йўқ. Биз ҳаммамиз одаммиз. Фарқли жиҳатимиз йўқ. Ўзгачалик ҳурмат қилиниши лозим. Ҳамма, шу жумладан, трансгендерлар ҳам бир-бирини - аёл аёлни, эркак-эркакни севишга ҳақли. Бу каби тушунча келажак авлод учун муҳим.

Тадбиркор Мирель Жужунинг айтишича, Чеченистоннинг ташқи имижини яхшилаш учун Firdaws никига ўхшаш намойишлар жуда муҳим.

- Мен Чеченистонни ёмон тарафлари билан бирга, яхши томонларини ҳам биламан. Афсуски, Европада унинг обрўси яхши эмас. Бошқаларнинг Чеченистон ҳақида яхши таассуротда бўлишлари учун улар бунга ўхшаш тадбирларни кўпроқ уюштиришлари керак", - дейди суҳбатдошимиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek