Ўзбекистон: Пахта қулдорлиги барҳам топадими ёки фермерлар янги бойларга тобе бўладими? - O'zbekiston

фермер

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистонда 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахтага нисбатан давлат буюртмаси бекор бўлади. Айрим кузатувчилар ушбу қарорни тарихий ва фермерларнинг пахта қулдорлигидан озод қилади, дея эътироф этмоқда. Бироқ бошқа кузатувчи ва фермерлар ушбу қарор деҳқонларга эркинлик олиб келмаслиги, балки давлатга тобе бўлган фермерлар, энди кластер раҳбарларига тобе бўлиб қолишидан хавотир билдиришмоқда.

Review.uz сайтининг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарор қабул қилган.

Ҳужжат ҳозирча расмий нашрларда чиққани йўқ.

Қарорга кўра, 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

  • давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
  • пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади;
  • пахта хом ашёси етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади;
  • сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ҳамда босқичма-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерлари зиммасига юклатилади.

Нашрнинг ёзишича, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари иштирокида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияси ташкил этилади.

Ҳужжатда кооперациянинг асосий вазифалари сифатида унинг аъзолари томонидан, техника, ускуна, транспорт воситаларидан, пахта тозалаш заводларидан биргаликда фойдаланишни ташкил этиш кўрсатилган.

Шунингдек, кооперация аъзоларини қишлоқ хўжалиги техникаси, ёнилғи-мойлаш материаллари, ўғит, уруғлар, шунингдек, кимёвий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳам ушбу ташкилот зиммасига юкланади.

"Ўзпахтасаноат" акционерлик жамияти тугатилади. Пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади.

Тарихий қарорми?

Ушбу қарорни айрим кузатувчилар, тарихий дея баҳоламоқда.

Журналист Никита Макаренко қарорни Ўзбекистонда пахта қулдорлигининг тугатилиши дея талқин қилди.

"Пахта қулдорлиги тугади. Ўзбекистон Президенти бугун пахта етиштиришда давлат режасини бекор қилиш ҳақида қарор имзолади. 2020 йилдан бошлаб, фермерлар биринчи марта истаган нарсасини экишда эркин бўлади. Пахта нархи давлат томонидан эмас, савдо биржаларида белгиланади", дейди Никита Макаренко.

"Озодлик муборак бўлсин, эркинлик хуш келсин! Фермерларни одам деган янги роль билан табрикламоқчиман", деб ёзди Зарнигор Омонуллаева.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши матбуот хизмати раҳбари Жаҳонгир Раҳмонов қарор билан тўлиқ танишиб чиққач изоҳ беришини билдирди.

"Қарор қўлимизга теккани йўқ. Танишиб чиққандан кейин фикр билдирамиз. Аммо ижобий қарор бўлган", дейди хабарни ўқиган Жаҳонгир Раҳмонов.

Бой ила хизматчи тизими қайтадими?

Президент қарорини ҳамма хуш қарши олгани йўқ.

Би-би-си гаплашган фермер ва ижтимоий тармоқлардаги кузатувчиларнинг фикрига кўра, янги қарор фермерларнинг нимани экиш ва қанчага сотишда эркин танлов бермайди.

Қарорда нархни белгилаш ва истаган нарсани экиш борасида фермерлар алоҳида ажратиб кўрсатилмаган.

Балки фермерлар кластерларда ишлаши ва кластер бўлмаган ҳолатда кооперация тизимини тузиш алоҳида ажратиб кўрсатилган.

"Узр, фермерларнинг озодликка чиқиши борасида таъкид бизнинг ортиқ даражадаги истагимиз экан холос. Фермерларнинг ё кластерга ёки бўлажак кооперацияларга (ҳокимга дея ўқинг) боғлангани сақланиб қолади", дейди Twitter фойдаланувчиси.

Блогернинг айтишича, фермер кластер буюртмасини бажаришга мажбур. Қарорнинг тарихийлиги эса, фермерлар учун жавобгар шахс давлатдан, хусусий қўлларга ўтаяпти холос.

"Тарихийлиги шундаки, энди кейинги ишлар энди бой (кластер) ва хизматчи (фермер) нинг муаммоси :) 1930- йилларда бой ва хизматчиликдан колхоз-деҳқон, кейин 2000 йилларда фермер-давлат тизимига ўтувдик, мана энди от айланиб қозиғи топди", дейди у.

Наманганлик фермер Умида Ибрагимова Би-би-си билан суҳбатда ўзи яшаб турган жойда фермерлар кластер асосида ишлашга ўтиб рўшнолик кўрмаётганини айтди.

Фермернинг айтишича, давлат фермер учун жавобгарликни ўзидан соқит қиляпти.

"Кластердан рўшнолик кўрмайди. Масалан, мен фермер бўлганимда 50 гектар жойим бор эди ва унга жавобгар эдим. Энди бўлса фермер кластерчининг қўлида пудратчидек ишлаяпти. Пудратчининг жавобгарлиги йўқ. Бу йил пахтага, буғдойга шартнома қилмас эмиш. Жавобгарлик бўлмагандан кейин давлат билан қандай қилиб ишлайсиз. Пахтамнинг пулини мана бу кластер ташлаб бермаяпти, десангиз. Сен ким билан шартнома қилгансан, ниманинг асосида дейдими? Улар билан шартномасиз ишлайсиз, кластерчилар хоҳласа пулингизни тушириб беради, хоҳламаса йўқ".

Унинг айтишича, давлат буюртмасининг бекор бўлгани ва барчаси кластерчиларга топширилгани фермерлар учун яхши хабар эмас.

"Бу йилгача чўзиб-чўзиб пахтанинг пулини энди туширдими йўқми билмадим. Нечта одам келди, опа пахтамизнинг пулини бермаяпти кластер, ишламаганингиз яхши, деб", дейди Умида Ибрагимова.

Фермернинг айтишича, пахта териш мавсумида отряд бошлиғи бўлиб ишлаб юрганларнинг 60 фоизи ваъда қилинган 2 миллион сўмлик иш ҳақини кластерчидан ололмаган.

"Давлат билан ишлаб юрган вақти фермерларда бундай муаммо бўлмас эди. Белгилаб берган пахта пулини тийинигача тўларди", дейди у.

Умида Ибрагимованинг айтишича, фермерлар энди кластерчига тобе бўлади.

"Яна қулдорлик менимча бу. Хусусий нарса дегани эмас. Кластер раҳбарига тобе қилиб қўйяпти. Кластер раҳбари бир гектар ҳам қора экин экмайсан, пахта экасан деса экасиз, экмасангиз бузиб ташлайди. Сизга жиноий иш қўзғайди. Қаерда озодлик? Яна бир одамга тобе қилиб қўйяпти", — дейди Насиба Ибрагимова.

Наманганнинг Поп ва Мингбулоқ туманларидаги фермерларни бирлаштириб кластер ташкил қилган "АлтСофТехГлистер" фермер хўжалиги иш юритувчиси Зафар Йўлдошев билан боғланди.

Зафар Йўлдошев ишга янги тайинлангани ва олдинги иш юритувчи соғлиғи сабаб ишдан кетгани учун у вақтинча бу вазифани бажариб турганини айтди.

Йўлдошев Би-би-си саволларига жавоб бермади.

Twitter фойдаланувчисининг ёзишича, фермерларга кластерчиларни танлаш ҳуқуқи берилиши керак. Акс ҳолда фермер мустақил бўлмайди ва унга босим бошқа шахс томонидан давом этади.

"Фермернинг А кластер эмас, Б кластер билан ёки бутунлай бошқа тумандаги кооперация билан ишлаш (пахта сотиш) ҳуқуқи таъминланмагунча бу лўлича муолажа бўлиб қолаверади. Фарқи илгаригидек бу давлатнинг эмас, кластернинг фермерга босими/зўравонлиги бўлади", дейди у.

Аммо ҳозирча фермерлар олдида бундай танлов йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek