Коронавирус Россия иқтисодига зарба берди - нефть ортидан рубль ҳам қулади

BBC

Жаҳонда нефть нархининг пасайиши ортидан Россия рубли охирги тўрт йилда энг паст кўрсаткични қайд этган.

Душанба куни эрталаб 1 АҚШ доллари 75 рублга кўтарилган, бу 2016 йилдан буён Америка валютасининг энг катта қиймати.

Евро эса 84 рубль атрофида сотилмоқда.

9 март куни байрам куни кўчирилиши муносабати билан Москва биржаси очилмаган.

Россия валютасининг қадрсизланиши Осиё бозорларида нефть нархининг 31 фоиздан кўпроқ тушиб кетишига боғлиқ.

Нефть нархининг пасайиши ортида эса коронавирус сабаб нефть маҳсулотларига талабнинг камайиши турибди.

Нефть ишлаб чиқарувич давлатларнинг ОПЕК ташкилоти эса нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш керакми, йўқлиги борасида ҳануз келишувга эришмаган.

Россия Марказий Банки рубль курсининг пасайишига жавобан келаётган 30 кун давомида ички бозорда валюта сотиб олишини маълум қилган.

Марказбанкка кўра, валютани сотиб олиш энергияга нархлар нисбатан юқори бўлган шароитда заҳирани тўлдириш, шу билан бирга рублнинг ҳаддани ташқари мустаҳкамланишига йўл қўймаслик учун керак.

Россия иқтисодига нима бўлади?

Россия Молия вазирлиги душанба куни ўзининг расмий веб-сайтида нефть нархининг пасайишига оид расмий баёнот чоп этди.

Унда айтилишича, жаҳон нефт бозорида юзага келган вазиятга қарамасдан, Россия Миллий фаровонлик фонди маблағлари нефть нархи 25-30 долларни ташкил этган шароитда, 6-7 йил давомида бюджет йўқотишларини қоплаш учун етади.

Сурат манбаси, AFP

Аммо Россия олий иқтисод мактаби профессори Олег Вьюгиннинг айтишича, бу маблағлар уч йилга етади, холос.

"ФНБ маблағлари фақат уч йилга етади", - деб айтган у "Эха Москвы" радиоси билан суҳбатда.

Унинг фикрича, агар нефть нархлари жорий йил охиригача 30 доллар атрофида турса, Россия иқтисоди рецессияга киради.

Бошқа таҳлиличилар ҳам нефть нархининг 30 доллар атрофида қолиши Россия бюджетида дефицит ва девальвацияга сабаб бўлишини айтишмоқда.

Лондон биржасидаги Россия ширкатларига тегишли қимматли қоғозлар нархи 9-26 фоизга тушиб кетган.

Нефт нархлари Россия иқтисоди учун асосий кўрсаткичлардан бири, рублнинг курси кўп жиҳатдан нефт нархига боғлиқ.

Март ойи бошида президент Путин жорий нарх (барралига 50 доллар) Россия учун маъқул нарх экани, чунки давлат бюджети нефть нархининг баррелига 42,4 долларни ташкил этишидан келиб чиқиб ҳисобланганини айтганди.

Нефть нархининг бу кўрсаткичдан тушиб кетиши рублнинг қийматига путур етказади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek