Ўзбекистон, коронавирус: Ниқобсиз юриш тақиқланди - ниқоб топиш осонми? O'zbekiston

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Тошкент

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқлангандан кундан бери, яъни 15 мартдан сўнг мамлакат ҳукумати вируснинг тарқалиши олдини олиш йўлида кўплаб эҳтиёт чораларига қўл уриб келмоқда. Бироқ одамлар бу чораларни қўллаб-қувватлаяптими?

Аввалига, мактаблар, олий таълим муассасалари ва боғчалар ёпилган бўлса, кейинроқ ошхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди, тўй-маросимлар ўтказишга тақиқ қўйилди.

Чегаралар ҳам ёпилиб, мамлакатга кириш-чиқиш ман этилди.

22 март кунидан пойтахтда жамоат транспорти, яъни автобус, метро ва йўналишсиз такси ҳаракати вақтинча тўхтатилди.

25 мартдан бошлаб эса жамоат жойларида тиббий ниқобларсиз юрганлар жаримага тортилиши эълон қилинди.

"Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилади.

Image caption Ниқоб барча дорихоналарда сотилаётгани йўқ

25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилади", дейилади расмий хабарда.

Тошкент шаҳрида 24 мартдан бошлаб барча буюм, автомобиль сотуви ва барча савдо комплекслари фаолияти вақтинча тўхтатилиши ва деҳқон бозорлари, супермаркетлар, шифохона ва дорихоналар фаолияти аввалги тартибда давом этиши маълум қилинди

24 мартга ўтар кечасидан Тошкент бутунлай ёпиқ шаҳарга айланиши хабар қилинди.

Расмийлар ва ижтимоий фаоллар одамларни карантин талабларига риоя этиш, имкон қадар уйдан чиқмасликка чақирмоқда.

Юксалиш умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурханов эса карантин чораларини кучайтириш, жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этиш, карантин қоидаларига риоя этилиши устидан тегишли назорат олиб боришга тайёр армияни қисман сафарбар этиш, республика бўйлаб шаҳар ва туманлар ўртасида темир йўл, ҳаво, автобус ва автомобиль йўловчилар ташишни чеклашни таклиф этмоқда.

«Маска йўқ бўлса ҳам, жарима тўлаймизми?»

Жорий этилган ва этилаётган эҳтиёт чоралари бундай кескин вазият билан илк бор юзлашаётган ўзбекистонликлар орасида турли тушунмовчиликлар, норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий масофани сақлаш талаб этилаётган бир вақтда одамлар чекловлар бўйича муносабатларини ижтимоий тармоқлар орқали билдирмоқдалар.

Фойдаланувчиларнинг катта қисми ҳукумат қабул қилаётган ҳар бир қарорни қўллаб-қувватлаётганини кўриш мумкин.

Одамларнинг бу қисми чеклов талабларидан норози бўлаётганларни вазиятнинг қай даражада кескин эканини тушунишга чақирмоқда.

Бироқ аҳолининг норози қатлами ҳам ўз шикоятини имкон қадар асослантиришга ҳаракат қилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатининг тўхтатилиши ҳалича меҳнат таътилига чиқмаган одамларда турли саволларни юзага келтирган.

Кўплаб дамлар ишга қатнаш қийинлашиб қолганини айтиб, такси нархларининг ошиб кетишидан хавотир билдирган.

«Таксичилар синаладиган пайт келди, ҳаммасига Оллоҳим инсоф берсин», деб ёзади Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Баъзи фойдаланувчилар эса агар такси ҳайдовчиларига текин ёнилғи қуйиб берилса, улар одамларни бепул манзилига элтиб қўйиши мумкинлигини ҳам тахмин қилган.

23 мартдан бошлаб эса Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юришнинг тақиқланиши ҳам одамлар орасида ўхшаш баҳсларни юзага келтирган.

Яна кўплаб ўзбекистонликлар бу тартибнинг ҳаётий муҳим эканини билдирган бўлса, фойдаланувчиларнинг бошқа қисми дорихоналарда тиббий ниқоблар тақчиллиги фонида фуқаролардан ниқобсиз кўчага чиқмасликни талаб қилиш, айниқса, 25 мартдан бошлаб жамоат жойларида ниқобсиз юрганларнинг жаримага тортилиши қанчалик тўғри қарор эканини савол остига олган.

«Ўзинглар келишиб олинглар»

Одамлар ниқобсиз юрганларни жаримага тортиш борасидаги тартибдан норозилигини, асосан, дорихоналарда тиббий ниқобларнинг йўқлиги билан изоҳламоқда.

Бир вақтнинг ўзида ҳукумат тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқобларнинг танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган «тадбиркорларга қатъий чоралар кўрилиши»ни таъкидламоқда.

Би-би-си мухбири дорихоналарда, ҳақиқатан ҳам, тиббий ниқоблар тақчил экани ёки йўқлигини ўрганиб кўрди.

Мухбир айланган ўнга яқин дорихонадан иккитасида ниқоб сотувда борлиги маълум бўлди.

Ниқобларнинг нархи бир дорихонада 2 минг сўм, иккинчисида эса 2,5 минг сўм экани айтилди.

Ҳар икки дорихонада ҳам киши бошига ниқоб сотилишида чеклов йўқлиги айтилса ҳам, бу ҳимоя воситаларининг сотувдаги сони чекланган эканини кўриш мумкин эди.

Би-би-си мухбири кирган дорихоналардан бирида ўнга яқин харидор бор бўлиб, сотувчининг эса сони чекланган ниқобларнинг одамларга қандай бўлиб беришга боши қотиб тургани яққол кўринар эди.

"Ўзинглар келишиб олинглар. Ким қанча олишини келишсангиз, ҳамма маскали бўлади", дер эди мижозларни ранжитишни истамаган дорихоначи.

Коронавирус, Ўзбекистон: Карантинга армияни сафарбар қилиш таклиф этилди

Дунё, коронавирус: Нима учун ҳамма жойда ҳам шифокор тавсиясига амал қилиш осон эмас?

Ўзбекистон, Коронавирус: Бизга вакцина ҳам зарур бўлмайди - Вазирлар Маҳкамаси мулозими