Коронавирус: Аэропортда «яшаётган» мигрантлар меҳмонхонани рад қилишган - Россия, Ўзбекистон O'zbekiston

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Москва ва Новосибирск аэропортларида бир неча кунлаб қолаётган ўзбекистонликларга ҳуқуқ ҳимоячилари, Россиядаги элчихона ва консулликлар, миграция агентлиги вакиллари ва кўнгиллилар озиқ-овқат етказишда, ҳуқуқий маслаҳатлар, бошпана ва бошқа турли кўмакларни беришмоқда.

Айни кунлардаги вазият ҳақида Москвадаги «Тонг жаҳони» МЧЖ раҳбари, мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик Би-Би-Си ўзбек хизматига гапириб берди:

«Москва аэропортларидаги вазият анчагина мураккаб. Бу биринчи навбатда муҳожирларнинг ўзларини тутишлари билан боғлиқ. Чунки улар ваҳимага тушган ва якдиллик билан Россиядан кетишга қарор қилишган.

Улар ўзларининг оғир шароитларида биринчи навбатда элчихонани айблашмоқда. Аввал ўзларини тутишларига эътибор қилишлари керак эди.

Ўзбекистон элчихонаси эса ҳатто қилаётган яхши ишларини ҳам кўрсата олмайди. Аслида улар ўзбек тадбиркорларини муҳожирларга озиқ-овқат етказишга мажбурлашган.

Бу муҳожирларни нафақат ўзбек тадбиркорлари, балки у ерга озиқ-овқат ташиётган бир талай кўнгиллилар, жумладан бизнинг ҳам кўнгиллиларимиз овқатлантирмоқда. Биз ҳам егулик ташияпмиз.

Одамларнинг учиш олди ҳудудида эмас, касса олдида тўпланиб қолишгани - уларнинг шахсий танлови. Уларга меҳмонхона таклиф қилишган. Яна 18 март куниёқ таклиф қилинган. Аммо муҳожирлар рад этишган.

Бугун аниқланишича, миграция агентлиги қабул қилишга тайёр бўлган 700 кишилик меҳмонхонага бор-йўғи 30 киши боришга рози бўлган. Унгача уларни аэропортдан кетишга кўндиришнинг иложи бўлмаган.

Яна бир муаммо шундаки, Ўзбекистонда карантин пайтида одамларни жойлаштириш мумкин бўлган муассасалар етишмайди. Бунча миқдордаги кишиларни карантинда сақлашга тайёр касалхона, санаторий, меҳмонхоналарда жой тугади, бўлди. Ахир, уларнинг ҳаммасини карантинга олиш керак. Табиийки, бунинг учун майдонлар, карантиндагиларга қарайдиган ходимлар керак. Аммо улар йўқ. Шу сабабли бу инсонлар учун рейслар жўнатишмаяпти. Уларни ёқтиришмаганидан эмас, турли шароитларга тушиб қолишни исташмаганидан.

Ўзбекистонга учиб кетиш хоҳиши инсонларни коронавирусдан қутқармайди, аксинча янада ҳавотирли вазиятда қолдиради. Чунки коронавирус эҳтимоли бўлган одамлар ичида бўлишади. Шунинг учун аэропортда бўлишлари уларни ҳавотирли ҳолатда қолдиради. Улар аэропортга ётиб олишлари эмас, у ердан кетишлари керак.

Ҳозир Россияда қонуний бўлганлар учун миграция ҳисобини шунчаки карантин асосида 90 кунга узайтириш имкони бор. Шунчаки карантин асосида чегарага чиқиб келмай туриб патентни расмийлаштириш имкони бор. Шунинг учун аэропортда ўзларини бундай тутишлари мувофиқ эмас. Бундай қилиш керакмас.

Агар уларнинг ижара уй ва меҳмонхоналарда яшашга пули бўлмаса, Миграция агентлиги меҳмонхоналарида 600 дан ошиқ жой бўш турибди. Озиқ-овқат билан таъминлашни ҳам ваъда қилишаяпти. Агар улар егулик етказиб бера олмаса, биз ҳам қўшамиз.

Сизларда қолиш, хужжатларингизни расмийлаштириш, хотиржам ишлаш, бу муаммоларни шу ерда енгиб ўтиш, ишлаб пул топиш, кейин уйга кетиш имконияти бор.

Внуково аэропортида 202 нафар ўзбекистонлик бор эди, 30 таси меҳмонхонага кетишга рози бўлди. Яна тахминан 70 нафар тожикистонлик ва чет эл фуқаролари бор. Жуковский аэропортида 180 та қирғизлар, 178 та тожиклар бор. Шереметьево аэропортида 4 нафар афғон, 8 ўзбек, 18 та тожик, 30 га яқин турли мамлакатларнинг фуқаролари бор. Энг қийин вазият айнан шуларда, чунки улар учиш олди нейтрал ҳудудида қолиб кетишган. Ёмони, у ерда ишлаб турган ошхона ҳам аэропорт маъмурияти буйруғига кўра ёпилган. Эндиликда уларга егулик олиб боришимизга тўғри келади. Бугун ходимларимиз озиқ-овқатлар элтишди. Биз бу каби озиқ-овқатлар етказишларга кўп маблағ сарфлашимизга тўғри келади, аммо имконимиз катта эмас. Ойлик маошимиздан ортиғини бера олмаймиз. Одамлар ҳам ёрдам беришса яхши бўларди».

Россиянинг Санкт-Петербург, Екатеринбург, ва бошқа турли ҳудудларидаги муҳожирлар эса Би-Би-Си ўзбек хизматига ҳамон эътиборсиз қолишаётганини ёзишмоқда.

Коронавирус, Ўзбекистон: Карантинга армияни сафарбар қилиш таклиф этилди

Ўзбекистон, Коронавирус: Бизга вакцина ҳам зарур бўлмайди - Вазирлар Маҳкамаси мулозими

Ўзбекистон ва дунё: Коронавирус пайти кимлар ва қандай чилла тутиши керак?

Алоқадор мавзулар