Ўзбекистон, коронавирус: Ўз ҳисобингдан таътилга чиқ дейишлари тўғрими? O'zbekiston, koronavirus

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова Фото муаллифлик ҳуқуқи Mehnat.uz

"Иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил ходимнинг ўз розилиги билан амалга оширилиши керак. Агар иш берувчи ходимнинг розилигисиз ўз ҳисобидан таътилга чиқишни талаб қилаётган бўлса, бу ходим Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилиши мумкин", деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова.

Дунёнинг аксар мамлакатларида тарқалган коронавирус пандемияси ҳукуматларни мисли кўрилмаган аксилчоралар кўришга мажбурлади.

Ўзбекистон ҳукумати юқумли ҳалокатли вируснинг аҳоли ўртасида тарқалиши олдини олиш учун қатъий, кескин чоралар йўлини танлади.

Болалар ва талабалар учун сабоқлар тўхтатилди, қўшни мамлакатлар билан чегаралар ёпилди, хориж билан авиақатновлар, мамлакат ичкарисидаги авиапарвоз ва темир йўл қатновлари ҳам тўхтатилди, жамоат транспортлари ҳам юрмай қўйди, Наврўз байрами, бошқа оммавий тадбирлар тақиқланди, пойтахт Тошкент ёпилди, жамоат жойларида юз ниқобисиз юрган одамларга жарима жорий этилди.

Ишчи ва ходимлар таътилга чиқарилди, Интернет социал тармоқларида ўзбекистонликларнинг бир-бирлари контактларини камайтириш мақсади кўзланган "Уйда қолинг!" акцияси бошланди.

Шу кеча-кундузда Ўзбекистондаги айрим корхона ташкилотлар ходимларига ўз ҳисобидан таътилга чиқишни сўраб ариза ёзишни талаб қилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.

Хусусан, таниқли блоггер Kurbanoff.net ўзининг Телеграм каналида шундай ёзди:

"Шахсий ёзишмаларимга агар иш берувчи ўз ҳисобидан таътилга чиқиш ҳақида ариза ёзишни талаб қилаётгани саволлари билан кўплаб хабарлар келди. Бу нарса қонунийми, деб сўрашаяпти.

Тўғрисини айтсам, мен меҳнат масалалари бўйича адвокат эмасман. Фақат шуни айтишим мумкинки, шундай оғир шароитда одамни хеч нарса тўламасдан таътилга чиқишга мажбурлаш - камида одамгарчиликка тўғри келмайди.

Аммо мен корхоналар карантин эълон қилингани муносабати билан ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлишлари ва ходимларига тўлашга умуман пуллари бўлмаслиги мумкинлигини тушунаман. Аммо келаётган хабарларга қараганда, бундай ҳодисалар давлат корхона ва муассасаларида рўй бермоқда.

Шунинг учун мен меҳнат вазирлигига шундай ҳолатларга ҳам эътибор қаратишларини сўраган бўлардим. Чунки карантин қанча давом этиши аниқ эмас, кўп одамларнинг эса ғамлаб қўйган пуллари йўқ", деб ёзди рус тилида блоггер Kurbanoff.net.

Бундай ҳолатларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилишни тавсия этди вазирлик матбуот хизматининг раҳбари Шаҳноза Равшанова.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўз ҳисобингдан таътилга чиқ дейишлари тўғрими?

"Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекциясининг мурожаат каналлари бор: dmi.mehnat.uz сайти, @mehnathuquqbot телеграм боти, 1176 қисқа рақамли ҳамда 71 200 06 00 ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкин", деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова.

"Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган Ўзбекистон Президентининг 20 мартда имзоланган фармонида шундай дейилган:

"...коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади;

коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади".

Президент Шавкат Мирзиёев 26 март куни коронавирусга қарши кураш масалаларига бағишланган видеоселектор мажлисда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўз ходимларининг камида 50 фоизини ҳақ тўланадиган таътилга чиқариши лозимлигини, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилиши зарурлигини таъкидлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ