Россия, муҳожирлар: Короновирус ўтмагунча уйга пул юбормаймиз O'zbekiston, koronavirus

Фото муаллифлик ҳуқуқи PETER KOVALEV/TASS

Россияда рублнинг қадрсизланиши ортидан мамлакатда меҳнат қилаётган минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари оилаларига пул юборишни камайтирганликларини айтишмоқда.

Шаҳардаги пандемия ваҳималарига қарамай, ишларини тўхтатмаган Москвадаги мигрантларнинг баъзиларини суҳбатга тортдик.

Би-би-си Ўзбек хизмати саволга тутган ўзбекистонликларнинг барчаси короновирус хавфи уларни ташвишга солмаётганини айтишди.

- Халқимизда гап борки, қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлади. Тозаликка риоя қилиб, ўзимизни асрасак, вирус юқмайди деб ўйлайман, - дейди гўзаллик салони ходимаси Ёрқиной.

Ўрмонда ёғоч кесувчи бўлиб ишловчи Элбек эса ўзини эҳтиёт қилаётганини билдирди.

- Иложи борича гавжум жойларда камроқ юриш керак. Иш жойимизда ҳам кунига эрталаб ва ишдан кейин тана ҳароратимизни текширишаяпти, сал тобимиз қочса, дарров жавоб беришаяпти. Ҳали ишхонамизда ҳеч кимда вирус учрагани йўқ, бизда четга чиқувчилар ҳам кам, - шароитлари ҳақида гапириб берди Элбек.

Короновирус хавфи муҳожирлар ҳаётига саломатлик жиҳатидан бўлмаса-да, ўз таъсирини ўтказаётганини билдиришди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

- Охирги марта долларни 83 рублдан олиб уйга пул юбордик. Қимматлик қилаяпти, аммо бошқа иложимиз йўқ, - дейди Улуғбек исмли мигрант.

Сафарали ва Жонибек эса Россия рубли ўз ўрнини мустаҳкамламагунига қадар оилаларига пул юбормасликларини айтишди.

- Уйдагиларда заҳира пул бор, шуни ишлатиб туришади энди. Доллар тушишини кутамиз, - дейишди йигитлар.

Ёрқиной эса оиласидагилар ундан пул кутишаётгани, юқорилаган нархда доллар сотиб олиб пул юбориш унга бироз қимматлик қилаётганини айтди:

- "Бу коронавирус деганлари қачон тугаса, шунда уйга пул юборамизми, билмадим".

Айни пайтда, Россияда расман икки миллионга яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида. Ўзбекистон ва Россия коронавирус хавфи туфайли чегараларни ёпиши ортидан Россияга мигрантлар оқими вақтинча тўхтади.

Россиялик иқтисодчи-экспертлар яқин ойларда Россия ишчи кучига катта эҳтиёж юзага келишини тахмин қила бошладилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ