Коронавирус, Ўзбекистон ва Қозоғистонда илк ўлим ҳолатлари O'zbekiston

Тошкентда қурилаётган шифохона Фото муаллифлик ҳуқуқи Koronavirus.info

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони расман 88 тага чиқди.

26 март куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор эса, миокард инфарктидан вафот этган.

Ҳодиса Наманганда юз берган. Бемор 72 ёшда бўлган. Аёл киши. Диспансер назоратида турган. Узоқ йиллар давомида қандли диабет, сурункали ўткир юрак етишмовчилиги ва бошқа касалликлар билан даволаниб келган. Коронавирусни Туркиядан қайтган қизидан юқтиргани далилланган. Қизи карантин остида бўлган.

Айнан шу - 26 март куни Қозоғистон мисолида Марказий Осиёда расман коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилганди.

Бешта янги коронавирус ҳолати эса, пойтахт Тошкентда аниқланган. Қолган учтаси Андижонда кузатилган. Расмий хабарларда бундан ортиқ тафсилот берилмаган.

Янги ҳолатларда коронавирус манбаси ноаён қолган. Аммо расман тасдиқланган аксарият ҳолларда коронавирус манбаси Ўзбекистоннинг четдан қайтган фуқаролари бўлиб туришибди.

Ҳалокатли коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида 25 мартдан пойтахт Тошкентга кириб чиқиш тақиқланиши ортидан Наманган, Андижон, Гулистон, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Зарафшон ва Қаши шаҳарларини ҳам ёпишга қарор қилинди.

Қўшни Қозоғистонда коронавирусдан биринчи ўлим

Минтақада коронавирусдан биринчи ўлим ҳолати расман Қозоғистонда қайд этилди - вафот этган беморнинг 64 ёшли аёл киши экани айтилмоқда.

Қозоғистон Президенти Қасим Жомарт Тоқаев марҳума яқинларига ўз таъзиясини изҳор этган.

Президент Шавкат Мирзиёев Тоқаевдан кейин коронавирус билан боғлиқ вазиятни куни-кеча мустақил Қозоғистоннинг биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев билан муҳокама этиб олганди.

Қозоғистонда ўтган 13 кун ичида коронавирусга чалинганлар сони расман 100 дан ортган - бугун, 26 март куни 109 тага чиққанди.

Қозоғистон жорий пайтда энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилган Марказий Осиё давлати бўлиб турибди.

Ўзбекистон, президент Мирзиёев: Карантинга риоя қилинг, уйда ўтиринг!

Республика бўйича 10 та махсус шифохонани қисқа фурсатда барпо этишга киришилгани, коронавирус юқтиргани аниқланган ҳар бир бемор учун алоҳида палата кўзда тутилгани хабар қилинди.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларидаги муваққат шифохоналар қурилиши якунига етиб қолганини айтмоқдалар қурувчилар.

Ҳозирча вирус юқтирганларнинг аксари Тошкентдаги республика Вирусология илмий-текшириш институтида даволанмоқда.

26 март кунигача Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганларнинг сони 65 ташкил этган, уларнинг 11 нафари шифокор, деб айтган Президент Шавкат Мирзиёев юқумли хасталикка қарши курашга бағишланган видеоселектор мажлисда.

Ўзбекистон Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинганларнинг 13 нафарида зотилжам пайдо бўлганини маълум қилган.

Мана шу беморлардан 4 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлиб турган ўзбекистонликлар орасида илк коронавирус ҳолати тасдиқлангани ҳақида хабар қилди, унинг Австрияда бўлган Ўзбекистон фуқароси экани айтилди.

Ўзбекистон Сенати карантин қоидаларини бузганларга нисбатан жазони кучайтириш мақсадидаги қонунни маъқуллади, 26 март куни Президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Бўшаб қолган Тошкент

Тошкент ёпилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи koronavirus info uz
Image caption Мамлакат бўйлаб тарғибот ишлари кучайтирилмоқда

Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати тасдиқланганидан 8 кун ўтиб, ҳукумат вирус ўчоғи бўлган Тошкентда карантинни кучайтириш ҳақидаги қарорни эълон қилган.

Душанба куни расмий Koronavirus Info каналида эълон қилинган қарорга мувофиқ, душанба ярим тундан пойтахтга кириш ва чиқиш ёпилган.

"Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллигини республика ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрига республиканинг барча ҳудудларидан кириш ва Тошкент шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига чиқишни ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, автомобиль, авиа, темир йўл) 2020 йилнинг 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб тўхтатиш бўйича қарор қабул қилди.

Бунда, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Тошкент шаҳрига кириш учун татбиқ этилмаслиги белгиланди", дейилади расмий ахборотда.

Ҳукумат, шунингдек, вилоятлар ўртасидаги қатновни ҳам чеклаган.

Вилоятларда ижтимоий масофани сақлаш ишларига ички ишлар ва бошқа куч тизимлари жалб этилгани хабар қилинмоқда.

Хиванинг бугуни ҳақида видео

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Бош прокуратура карантин қоидаларини бузган бир неча шахсга нисбатан жиноят иши очилгани ва суриштирув бошланганини маълум қилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиясов карантин қоидаларини 90 фуқаро бузгани аниқлангани, шундан уч ҳолатга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Koronavirus.info
Image caption ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиясов карантин билан боғлиқ журналистлар саволларига жавоб берди

Тошкентда метро дохил жамоат транспортининг ҳаракати 22 мартдан эътиборан тўхтатилган.

Транспорт вазирлиги вакилининг айтишича, жамоат транспорти тўхтатилиши муносабати билан давлат ташкилотлари ходимлари учун махсус навбатчи автобуслар ташкил қилинган.

Мамлакат ичида барча авиапарвозлар ва темир йўл қатновлари тўхтатилган.

Қўшни давлатлар билан барча чегара пунктлари ёпилган.

Вирусга чалинган охирги фуқаронинг ҳам чет элдан қайтгани билдирилган.

Айни пайтда Россия ва Туркия каби меҳнат муҳожирлари кўп давлатлардан қайтаётган ўзбекистонликлар аэропортларда муаммоларга дуч келаётганликларини айтишмоқда.

Ўзбекистон расмийлари кўрилаётган фавқулодда чораларга қарамасдан, "фавқулодда ҳолат" иборасини ишлатишмаяпти.

Умидбахш башорат

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг бош санитар врачи Нурмат Отабеков глобал пандемияга қарамасдан, апрел-май ойларига бориб, вирус ўз-ўзидан йўқолиб кетишини башорат қилган.

Kun.uz нашрида 19 март куни чоп этилган интервюсида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, профессор Отабеков инсоният бир-икки ой ичида бу "дарддан фориғ бўлади", деб айтган.

"Бу вирус апрель-май ойларидаёқ енгилади ва инсоният бу дарддан фориғ бўлади", дея ишонч билан таъкидлаган Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирусга қарши кураш бўйича бош маслаҳатчиси.

Аммо у ҳеч қандай илмий далил келтирмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ